130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Аллоҳ таолодан қўрқишнинг самаралари
imon.uz 2024-11-27 02:36:25 95Банда ҳар бир лаҳзада, ошкор ва махфий ҳолда Аллоҳ таолонинг муроқабасини ҳис этиб туради. Қалбда бу қўрқув мустаҳкамланиб бораркан, инсон Аллоҳ таолога итоатлироқ, содиқроқ ва амали яхшироқ бўлади.
1. Ҳидоят ва салоҳият.
Аллоҳ таоло айтади: “...ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар”, Тавба сураси, 18-оят.
2. Ютуқ ва муваффақият.
Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса ҳамда Аллоҳдан қўрқиб, Унга тақво қилса, бас, ана ўшалар – ўзлари ютуққа эришувчилардир”, Нур сураси, 52-оят.
3. Мағфират ва улуғ ажр.
Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, ўз Роббларидан ғойибона қўрқадиганлар учун мағфират ва улуғ ажр бордир", Мулк сураси, 12-оят.
4. Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги ва жаннатга кириш.
Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу Роббидан қўрққанлар учундир”, Баййина сураси, 8-оят.
Энди кимки Аллоҳ таолодан қўрқмас ва тақво қилмас экан, Аллоҳ ундан илм нурини ва басиратни тўсиб қўяди. У энди қалбида ваҳшат, кўксида торлик, ишларида қийинчилик ва тавфиқдан маҳрумлик, ризқда, умрда бараканинг кетишини ҳис этади. Шунингдек, одамларнинг қалбида уни ёмон кўриш, душман тутиш пайдо бўлади. Наъузу биллаҳи мин залик!
Изоҳ: Қуръондаги, умуман, Ислом динидаги бир тушунча, яъни Аллоҳ таолодан қўрқиш маъноси бизнинг тушунчамиздаги қўрқоқликдан тубдан фарқ қилади. Дунёвий қўрқоқлик мусулмонга хос нарса эмаслиги оят ва ҳадисларда таъкидлаб айтилган.
Аллоҳ таолодан қўрқиш эса Уни улуғлаш билан бўлади. Бу қўрқув бандаларни катта гуноҳлардан қайтаради. Бу қўрқоқлик кишига уни назорат қилувчи Зот борлигини эслатиб туради ва унинг охирати учун улуғ бир неъмат тайёрлайди.
Бу дунёдаги зоҳирий қўрқоқлик охират иши учун бўлган ботиний қўрқоқликка сира-сира тенглаштирилмайди.