АРАЗ ҒАРАЗГА ЕТАКЛОВЧИ ФИТНАДИР

АРАЗ ҒАРАЗГА ЕТАКЛОВЧИ ФИТНАДИР

imon.uz 2021-08-06 11:31:17 636

Инсон бошқа махлуқотлардан ҳис-туйғулари, меҳр-муҳаббати раҳм-шафқати жумладан, нафрати билан ҳам ажралиб туради. Бизга ноҳақ муомала қилишганида, кимнингдир томонидан ҳурматсизлик бўлганида, ёки иззат нафсимиз топталганида  нафақат хафа бўламиз, балки шу одам билан ҳар қандай муносабатни ҳам тўхтатишни истаб қоламиз. Бу ҳолатни ҳар лаҳжада ҳар-хил атасак-да, булар ичида араз деган тушунча маълум ва машҳурроғидир. Инсон бирон-бир кишидан аразлаши оқибатида кўплаб ғаразли ва ёмон ишларни қилиши мумкин. Бу эса жамиятга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Айнан хафачилик ва аразлашиш оқибатида қанчадан-қанча ака-укалар, опа-сингиллар ва бошқа қариндош-уруғлар бир-бири билан алоқасини узишгани кишининг дилини хира қилади. Асл қадриятимиз ва маънавий қувватимиз бўлмиш динимиз аҳкомларида бу борада қуйидагича баён қилинган.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, ака-ука тутиниб, Аллоҳнинг солиҳ бандалари бўлинг! Мусулмон инсон ўз (диндош) биродари билан уч кундан ортиқ аразлашмасин” [1]. дедилар.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. ”Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Ҳар душанба, пайшанба кунлари жаннатнинг дарвозалари очилади ва Аллоҳ таолога ширк келтирган кишилардан бўлак ҳамманинг гуноҳи мағфират қилинади, лекин ораларида қаттиқ адовати бўлган икки киши ярашиб олмагунча гуноҳларни ўчиришни тўхтатиб туринглар, дейилади”, дедилар”[2].

 

 Бир ҳафтада икки марта; душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таолога кўрсатиб турилади. Ўшанда ўзаро адоват сақлаганларнинг гуноҳлари кечирилмас, улар ярашиб олгунларича ортга сурилар экан. Шунинг учун бандалар бир-бирлари билан адоват қилмасликлари лозим. Мабодо бандачилик билан бу номаъқул иш содир бўлса ҳам, тезда муросага ўтиш керак.

Динимиз ўгитларида уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Жаҳлни жиловлай олмай адоватга киришиб, бир-бирига гина сақлаб аразлашишлари гуноҳ кетидан гуноҳдир. Шунда ҳам жаҳлидан тушиб ўзига келиши учун уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб юравериш мусулмон кишига ҳаромдир. Ўртадаги  гина-кудратни кетказиш учун кибрни енгиб, бош эгиб, қарши томонга биринчи салом берган инсон яхшиликка эришади. Қуйидаги ҳадиси шарифда бу ҳақида батафсилроқ сўз кетади.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг амакиваччалари Ҳишом ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу киши: ”Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Ҳеч бир кишининг мусулмон биродари билан уч кечадан ортиқ гаплашмай юриши жоиз эмас. Шу иккаласи шундай ҳолатда бўлган даврда ҳақ йўлдан четлашган бўлади. Улардан қайси бири аввал яхшилик, меҳр-шафқат қилиш томонига ўтса, гуноҳлари кечирилади. Улар шундай гаплашмай юрган ҳолларича вафот этсалар, иккаласи ҳам жаннатга кирмайди! Агар улардан қайси бири салом берса, иккинчиси жавоб қайтармаса, салом берганига фаришта ва жавоб қайтармаганига эса, шайтон жавоб қайтаради”, деган гапларини эшитдилар[3].

Уришгандан кейин аразлаб, ўз биродари билан ярашиш, алоқани тиклаш чораларини кўрмаган кишининг охиратда ҳолига вой бўлади. Чунки узоқ муддат аразлашиш динимиз ўгитларига асосан, қотилликка қиёсланиши мусулмон кишини огоҳ бўлишга ундайди.   

Абу Хирош Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ўз биродари билан бир йил аразлашиб юрган бўлса, бу унинг қонини тўккан билан баравардир”, – деганларини эшитдим»[4].

 

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу бундай деб ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир инсон ўз биродари билан уч кеча-(кундуз)дан ортиқ аразлашиб, бир-бирини учратганда тескари қараб кетмасин. Қайси бири аввал салом берса, ўша яхшироқдир!” деб айтдилар.[5] 

 

Бугунги кунда жамиятимизда кўплаб оилалар шу арзимас тортишувлардан пайдо бўлган катта жанжаллар сабаб бузилиб, болалари тирик етим бўлаётгани ва минг йилликка қиёсланувчи қуда-андачилик ришталари узилаётгани дилни хира қилади. Келишмовчилик сабаби сўралганида, ҳамма ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга уринади. Бу айни хатодир. Бунинг учун икки тарафни тинглаш ва тўғри хулоса чиқариш ислом кўрсатмаси эканини ҳамма ҳам бирдек англайвермайди. Кўпчилик аразлаб юришнинг улкан гуноҳлигини билмайди. Барча ёмон ишлар билимсизлик, маънавиятсизлик ва  тарбиясизликдан келиб чиқади. Арзимас нарсалар устида тортишиш, бўлар-бўлмасга жанжал чиқаравериш ёмонларга хос одатдир.

Ислом сўзининг луғавий маъноси ҳам айнан тинчлик экани нуқтаи назаридан, динимиз талаби бўлган хотиржамлик ва тотувлик шиоримиз бўлмоғи лозимдир. Ахир ассалому алайкум хитобининг луғавий маъноси ҳам сизга тинчлик ва хотиржамлик бўлсин, дегани эмасми? Бу тинч ва хотиржам ҳаёт замирида жамият ривожи ва маънавий камолотга етишиш ётибди. Бундай ютуқларни қўлга киритишимизда муқаддас Қуръон, ҳадис ва аллома аждодларимизнинг гўзал ўгитлари бирламчи омил бўлади.

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Икки киши Аллоҳ таоло ризоси учун ёки диндош бўлгани учун бир-бири билан дўст тутинган бўлса, битталаридан бир гуноҳ ўтиб қолса, бу нарса дарҳол уларнинг ораларини ажратиб юбормасин”, дедилар”[6].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини хабар қилди: “Бир-бирингизга ёвлик қилманг, дунё моли учун бир-бирингиз билан мусобақа қилманг. Эй, Аллоҳнинг бандалари! Қардош бўлинглар”[7].

Дарҳақиқат, динимиз дўстликка, бағрикенгликка тарғиб қилади. Ўтмишдаги аждодларимиз ҳам яхшиликда пешқадам бўлишган. Қуйида ривоятларда зикр этилган бир воқеани шеърий сатрларга ўгириб, ибрат ўлароқ ҳавола этишни  жоиз топдик.

 

Кўрдим,  ривоятда келмиш бир таҳсин –

Англаб фойдалигин улуғлар баҳсин.

Унда зикр этилмиш имому Ҳасан,

Ҳам шаҳиду аъло имому Ҳусан.

Хотирлаб уларнинг шонли ҳаётин,

Ибратли ўгитлар гўёки олтин.

 

Бир куни инисин имоми Ҳасан

Қилган айби учун ҳақоратлади.

Соҳиблар сардори, дуру райҳони –

Саид Ҳусайнни гўё хорлади.

 

Нафсоний ғурури топталганидан

Алам-ла муборак кўзи ёшланди.

Акасин тарк этиб имом Ҳусайн,

Барчага қўл силтаб, араз бошлади.

 

Бу ҳолатдан сўнг эртаси куни

Инисин соғинчи тутди Ҳасанни.

Лек акалик ғурури чулғаб,

Деди: келсин олдимга ўзи Ҳусанни.

 

Яна бир кун шундай аснода ўтиб,

Интизор бўлди у ука йўлига.

Виждони азоблаб, Ҳусанни кутиб,

Илхақ-ла қарарди ўнгу-сўлига.

 

Ахийри отланди иниси томон

Аразлашиш харом уч кундан ортиқ.

Агар у аразда бўлсачи ҳамон,

Деди: борим унга қиламан тортиқ.

 

Келиб таққиллатди ука эшигин,

Ғурурни, кибрни бир четга қўйиб.

Деди: жоним, укам мени кечиргин,

Қилган қўполлигим ҳазилга йўйиб.

 

Нечун аразлайсан менинг, жон иним?

Ахир аразлашиш азим гуноҳдир.

Мени ҳеч ҳам тутма ўзинга ғаним,

Аллоҳ ғазибидан тавба паноҳдир.

 

Деди акасига Имом Ҳусайн:

Тинглаганман мен Расулуллоҳдан.

Ҳикмат соҳиблиги ёлғиз Аллоҳдан.

 

Сизлардан икки кас агар тортишса,

Илк салом бермоқлик мўминга хосдир.

Саломнинг соҳиби Ҳаққа етишса

Жаннатга биринчи киришга мосдир.

 

Ақл - заковатингиздан билардим –

Мени йўқлаб биринчи келишингизни,

Ҳақ  ризолигин учун истардим –

Жаннатга биринчи киришингизни.

 

Имом Ҳасан инисин бағрига босди.

Шукрона айлаб Ҳақнинг неъматларига.

Сунг икки шайх қўлларин дуога очди.

 Қолдирма, деб касларнинг миннатларига[8].

 

Ислом – инсонлар ўртасидаги бирлик, дўстлик ва яхши муносабатларга даъват этувчи диндир. Кунлаб ва ҳатто ойлаб яқинлардан хафа бўлиб, аразлаб юриш доно инсонга хос эмас. Бинобарин, муқаддас динимиз таълимотида башариятга душман бўлган шайтон инсонларнинг бир-бири билан  жанжаллашиб, хафа бўлиб, араз тутиб юришидан чексиз хурсанд бўлиши баён қилинган. Шундай экан, шайтоннинг найрангларига алданмайлик! Зеро, умр ўткинчидир! Билиб ёки билмасдан кимнингдир дилини оғритиб қўйдикми, ундан тезда узр сўраб кўнглини кўтаришни одат қилайлик! Ёдда тутайлик, ҳадисга кўра, инсонларнинг энг яхшиси ярашишга биринчи бўлиб борадиган ва биринчи салом берадиган кишидир. Узр сўраганнинг узрини қабул қилиш яхши инсонга хос фазилат.

 Азизлар, юқорида зикр этилган ўгитлардан ўзимиз учун маърифий фойда олайлик. Аввало, бир-биримизни дилимизни оғритадиган ишларни қилмайлик. Агар, шундай ҳунук вазият юз берса, тезда кечирим сўрайлик ва ўзимиз ҳам кечиримли бўлайлик. Меҳрибон Раббимиз орамизни ислоҳ қилсин, қалбларимизни боғласин, меҳр-муҳаббатимизни зиёда килсин!

 

Баёзхон МАҲМУДОВ,

Жиззах шаҳар "Набижон" жоме

масжиди имом ноиби

 

 

 

 

 



[1] Имом Бухорий, “Ал-жоми ас-саҳиҳ” асари, адаб китоби, 57-боб, 6134-ҳадис.

[2]  Имом Бухорий “ал-Адаб ал-муфрад” китоби,190-боб,416-хадис

[3]  Имом Бухорий,“ал-Адаб ал-муфрад” китоби,190-боб,407-хадис.

[4]  Имом Бухорий,“ал-Адаб ал-муфрад” китоби,190-боб,409-хадис.

[5] Имом Бухорий, “Ал-жоми ас-саҳиҳ” асари,, адаб китоби, 62-боб, 6144-ҳадис.

[6] Имом Бухорий,“ал-Адаб ал-муфрад” китоби,190-боб,407-хадис.

[7] Имом Бухорий,“ал-Адаб ал-муфрад” китоби,190-боб,405-хадис.

[8] ( Муаллиф ижоди).

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид