Муҳаббат!!!

Муҳаббат!!!

Mimon.uz 2025-11-19 01:02:39 3

МУҲАББАТ

Аббос ибн Абдулмуттолиб розиёллоҳу анҳунинг уйининг томида тарнов бўлиб, у тарнов Умар розиёллоҳу анҳу ўтадиган йўлда эди. Жума куни Умар розиёллоҳу анҳу кийимларини кийиб инсонларга хутба қилиш учун масжидга шошилдилар. Аббоснинг оиласи томнинг тепасида иккита товуқ сўйишган эди. Улар қонни ювиб юбориш учун унинг устидан сув қуйиб юборишди. Қон аралаш сувнинг тарновдан тушадиган пайти Умар розиёллоҳу анҳунинг кўчадан ўтадиган пайтларига тўғри келди. Қонли сув Умар розиёллоҳу анҳунинг кийимларига тегди. Умар розиёллоҳу анҳу тарновни дарҳол жойидан суғуриб ташлашни буюрдилар. Сўнгра тезлик билан уйларига қайтиб кийимларини алмаштириб яна масжидга қайтдилар. Инсонларга хутба қилиб намозни ўқиб бердилар. Намоз тугагач Аббос розиёллоҳу анҳу Умар розиёллоҳу анҳунинг олдиларига келиб деди:
- Эй мўъминлар амири! Аллоҳга қасамки, бу тарновни бу жойга Расулуллоҳ саллоллоҳу анлайҳи ва саллам ўз қўллари билан ўрнатиб берган эдилар.
Буни эшитган халифа Умар розиёллоҳу анҳу дедилар:
- Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб айтаман, оёқларинг билан менинг орқамга чиқиб бу тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган жойга ўрнатасан.
Аббос розиёллоҳу анҳу Умар розиёллоҳу анҳу айтганларидек қилиб тарновни ўз жойига ўрнатиб қўйишга мажбур бўлди.

Умар розиёллоҳу анҳунинг тарновни суғуриб ташлатганларига сабаб унинг бошқаларга зарар бергани эди. Зеро тарнов у кишининг кийимларини булғаган эди. Эҳтимол бошқаларнинг ҳам кийимларини кир қилиш мумкин эди. У зот халифа эдилар. Халқдан зарарни даф қилишлари лозим эди. Аббос розиёллоҳу анҳу бу тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз қўллари билан ўрнатиб берганларини айтгандан сўнг ҳолат ўзгарди. Умар розиёллоҳу анҳу Аббосни орқаларига чиқиб тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган жойга ўрнатишини айтиб қасам ичдилар.

Бу қандай муҳаббат! Ҳаққа қайтишни қаранг, тавозуни қаранг, бўйсунишни қаранг!
Энди масалага бошқа томондан қараймиз. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам биз учун тарновдан қимматлироқ ва азизроқ нарсаларни ўрнатиб кетдилар. Биз уларни қўйилган жойида муҳофаза қилаяпмизми?!

У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга ота-оналаримизга яхшилик қилиш ҳақида кўрсатмалар бериб кетганлар. Биз унга риоя қилаяпмизми ёки ота-оналаримизга оқ бўлаяпмизми?! Бунга риоя қилмаслигимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган тарновни суғуриб ташлашимиз эмасми?!

Хотинларимиз билан гўзал муносабатда бўлишимизни бизга васият қилиб кетганлар. Биз у васиятга амал қилаяпмизми ёки хотин-қизларимизга ёмонлик ва зулм қилиб уларнинг қалбини ёмон сўзлар билан жароҳатлаяпмизми?! Ахир аёлларимизга ёмон муносабатда бўлишимиз тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг-ку!

Қўшнига яхшилик қилишни бизга амр қилиб кетганлар. Биз яхшилик қилдикми ёки қўшниларимизга озор бердикми?! Гоҳида уларга бақирдик, гоҳо уларни ғийбат қилдик, гоҳида уларнинг айбларини очдик, гоҳида мулкларини ўзлаштирдик. Бу ишимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

Бизга силаи-раҳм қилишни васият қилиб кетганлар. Биз қариндошлар билан алоқани яхшиладикми ёки улар билан арзимаган дунё матоси учун хусуматлашиб узилишиб кетдикми?! Ака укасининг эшигини тақиллатмайди. Сингил акасини йўқлаб келмайди. Амакилар ташлаб қўйилган. Тоғаларнинг аҳволи сўралмайди. Фақатгина ҳайитларда ҳол сўралиши мумкин. Ахир бу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган тарновни ўз жойидан суғуриб отиш билан тенг эмасми?!

Умар розиёллоҳу анҳу Аббос розиёллоҳу анҳуга орқаларини эгиб турганлари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатларидандир.
Муҳаббат бу бўйсуниш, эргашиш, бўйин эгишдир. Агар тарновни билмасдан суғуриб қўйган бўлсангиз Умар розиёллоҳу анҳу каби дарҳол орқангизни эгинг ва тарновни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўрнатган жойга ўрнатиб қўйинг!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид