АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК АМАЛ. (1)

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК АМАЛ. (1)

imon.uz 2024-08-21 02:49:23 232


(Қуръони Карим оятлари маъноларининг ўзбек тилидаги таржима ва тафсирлари борасида мушоҳадалар)

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! 

Икки олам сарвари бўлган жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловот ва дурудларимиз бўлсин!

Азизлар, Оллоҳга шукрлар бўлсинким,  улуғ олимлар авлиёю пири комилларга бешикбўлган заминга  Аллоҳим  истиқоматни насиб қилибти. Юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг миллий қадриятларимизнинг меҳвари, дину диёнатимиз асоси, маънавий ҳаётимизнинг “зилол сувли булоғи” бўлган Каломуллоҳ – Қуръони Карим илм-маърифатга ташна бўлган миллатимиз қалби ва онгига яна қайтди. 

Оллоҳнинг қиёматгача боқий қолувчи ушбу мўъжиза Китоби юртимизнинг забардаст, зукко  уламолари томонидан соф она тилимизда изоҳли таржима ва тафсирлари ила битилиб, бир-биридан бежирим, гўзал шакл, кўринишларда чоп қилинмоқда! 

Бу изоҳли таржима ва тафсирлар барчамиз учун бебаҳо бойлик, тенгсиз хазина, битмас-туганмас илм-маърифат манбайидир.

Юртимиз истиқлолининг илк кунларидан юртимизнинг донишманд уламолари Оллоҳ Китобининг бутун мазмун-моҳиятини Қуръонга ташна бўлган элимизга етказиш йўлида тинимсиз ҳаракатда бўлдилар, катта жонбозлик кўрсатдилар.

Бу саъй-ҳаракатларнинг меваси ўлароқ бир-биридан ажойиб, маъно-ҳикматга бой тафсирлар, изоҳли таржималар дунёга келди.

Муҳтарам шайх Алоуддин Мансур ватанимиз тарихида биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг ўзбекча изоҳли таржимасини амалга оширдилар. Бу китоб мустақилликнинг илк кунларида диний илмларга жуда ташна бўлиб турган халқимиз маънавий ҳаётида оламшумул ҳодиса бўлди. 

Бу ҳақда китобда шундай дейилади: ”Ушбу Қуръони Каримнинг изоҳли таржимаси шайх Алоуддин Мансур тарафидан 1990-1992-йиллар мобайнида миллатимиз тарихида биринчи марта аслиятдан-арабчадан замонавий ўзбек тилига таржима қилиниб, Тошкентдаги турли давлат нашриётларида кўп марта, мисли кўрилмаган тиражда – бир миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган ва жуда оз фурсат ичида Каломуллоҳ маъноларига ташна халқимиз орасида тарқалиб кетган эди”.

Айтиш керакки, ҳалигача бу китоб ўзбек хонадонларида катта иштиёқ ила қўлдан қўлга ўтиб, севиб ўқилади. 

Ундан сўнг фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб “Тафсири ҳилол”  мажмуаси “маънавият осмонида порлаган юлдуз бўлди”.  

Муаллиф китоб дебочасида камтарлик ила шундай ёзади: “Кези келганда, ушбу иш аввало Аллоҳ таолонинг мадади ила амалга ошганини яна бир бор таъкидлаб, У зотга ҳамду сано айтиш билан бирга, бизга бу ишни амалга оширишга ёрдам берган барча-барчага чексиз миннатдорчилигимни билдиришни ўз бурчим деб биламан”.  

Бу ўлмас асар чоп қилиниши биланоқ халқимиз жон-жонига сингиб, муҳаббатини қозонди, у кириб бормаган ўзбек хонадони, уни билмаган, эшитмаган ўзбек зиёлиси деярли қолмади. 

Сўнгра бирин-кетин янги таржима ва тафсирлар нашр қилина бошлади. Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири “илм осмонидаги янги юлдуз” бўлди. 

Шайх бу китоб дебочасида шундай ёзадилар: “Бинобарин, шу жараённи давом эттиришдек мураккаб ишни зиммамизга олар эканмиз, унга масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашиб, бор илм ва тажрибаларимизни бу хайрли ишга сафарбар қилишга ҳаракат қилдик”. 

Шайх Абдулазиз Мансур томонидан амалга оширилган ушбу изоҳли таржима ва тафсир ўзига хос хусусиятлари билан ўзбек китобхонларига ҳозиргача маънавий ва маърифий бойлик бахш этиб келмоқда.

Кейинги тафсир Шайх Усмонхон ибн Темурхон Самарқандий қаламига мансуб маъно ва ҳикматга бой “Тафсири ирфон” мажмуасидир. Асар ўзига хос фазилатлари, илмий янгилик ва далилларга асосланиб ёзилгани билан аввалги китоблардан ажралиб туради.

Аллома оятларни тафсир қилиш жараёнида Қуръони Карим мўъжизалари, синоатларига оид  булган фан янгиликлари, илмий ихтиролар, тадқиқот натижаларидан унумли фойдаланган.

Яқин кунларда Бухоролик устоз олим Азизхўжа Иноятов профессор Ғани Зикриллаев билан ҳамкорликда “Қуръони Карим оятлари маъно-мазмунининг ўзбекча изоҳли таржимаси”ни нашр қилдилар.


  Давоми бор.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид