Аждодлар ақидасида исломга зид жиҳатлар бўлса нима қилмоқ керак?

Аждодлар ақидасида исломга зид жиҳатлар бўлса нима қилмоқ керак?

imon.uz 2023-03-31 01:39:01 185

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

ТАҚДИМ

Яратган Роббимизга беҳад ҳамду санолар, пок шариат аҳкомлари ила умматни ҳидоятга чорлаган Расулимизга чексиз саловат ва саломлар, Расулуллоҳ жанобларига жонфидо бўлган саҳобалар, уларга яхшиликда эргашган тобеин ва табаа тобеинларга мағфирату ризвонлар, ҳақ йўлида жасоратли бўлган, шариат риояси олдида ҳеч кимдан қўрқмаган мардона олиму фозилларга ҳамиша салоҳият ва камолот бўлсин!

Аслида Ислом шариати инсоният манфаатлари йўлида метиндек мустаҳкам асос—китоб ва суннат устига барпо этилган беқиёс қонундир. Динимизга бегона ҳар қандай ибодат тусидаги амал кимлар томондан жорий этилган бўлишидан қатъий назар мардуддир.

Муҳтарам ўқувчи, афсуски, аждодларига “содиқлик” ва “эҳтиром” рамзи сифатида улардан қолган баъзи хурофий расм-русумларга таассуб қилиш ҳолатлари кундалик ҳаёт воқелигида тез-тез дуч келадиган оддий ҳолга айланиб кетди. На китобдан, на суннатдан ва на мазҳабимиз мужтаҳидларининг қавлларидан далили бўлмаган бидъатлар бугун суннат бўлиб тусланмоқда. Уммат “аждодларимиз бекорга қилишмагандир, уларнинг одатини тарк этиш уларга нисбатан беодобликдир” ва ҳоказо важ-карсонлар билан ўралашиб, бидъат амалларни гўё ибодат даражасига олиб чиқишдек таназзул ҳолатига тушди. Ўликхона-ю тўйхоналар бидъат хурофотларга тўлиб кетди. Эътироз билдирганлар эса аждодлар йўлидан юз бурган беадабга айланди.

Фақирингиз муаллиф мақолани ўқиган “ота-бобомчилар” тарафдан турли танқид ва маломат тошларига нишон бўлишини шубҳасиз англаб турган бўлишига қарамасдан  ушбу хайрли ишга яхши ният ва ва савоб умидида жазм айлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони азимда марҳамат айлагай:

 يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ

Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир  (Луқмон/17).

Ушбу кичик мақолада шариатга хилоф бўлишига қарамасдан ота-боболардан қолган айрим ана шундай хурофий расм-русумларга таассубона ёпишиб “ота-бобом ақидаси”га гирифтор бўлганларнинг ҳукми ҳақида сўз боради.

ТАЪРИФ

Янада аниқроқ таъриф бериб айтсак: “Ота бобом” ақидаси бу — Ота боболари бажариб келган ношаръий урф-одатларга ибодат тусини бериш, шариатга тобе бўлиш ўрнига аждодлар одатига қарамлик, шариат билан урф одат бир-бирига зид келиб қолган вазиятларда “биз аждодларимиз йўлидан юрамиз” деб ўз истакларига таассуб қилиш ҳолатларидир.

ТАРИХ

Ер юзида инсоният яралибдики Аллоҳ тарафдан юборилган барча расул ва пайғамбарлар ўз қавмини Аллоҳ таоло жорий этган шариатга чақириб, ота-боболаридан қолган куфрий ақидалардан воз кечишга даъват этганлар. Буюк тарихдан улуғ ҳақиқатларни сўйловчи Қуръони каримда “ота-бобом” ақидаси туфайли залолатга кетган қавмлар ҳақида кўплаб қиссаларни кўрамиз.

Масалан, дастлабки пайғамбарлардан ҳазрати Нуҳ алайҳиссаломни Аллоҳ таоло элчи этиб юборди. У қавмини якка Алоҳга ибодат қилиш ва ҳаромдан тақво қилишга чақирганида улар қулоқ солишмади. Балки ҳазрати Нуҳни менсимадилар, Улар ота-боболаридан Нуҳ тарғиб қилаётган дин ҳақда ҳеч қандай маълумот олмаганларини пеша қилишиб, аждодларига хилоф қилган Нуҳ пайғамбарни шуҳратпарастга чиқаришди. Улар ҳақидаги қиссани Қуръонда шундай тасвирланган:

فَقَالَ الْمَلَأُ الَّذِينَ كَفَرُوا مِن قَوْمِهِ مَا هَذَا إِلَّا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُرِيدُ أَن يَتَفَضَّلَ عَلَيْكُمْ وَلَوْ شَاء اللَّهُ لَأَنزَلَ مَلَائِكَةً مَّا سَمِعْنَا بِهَذَا فِي آبَائِنَا الْأَوَّلِينَ

Бас, унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлари: Бу сизга ўхшаш башар, холос, сиздан афзал бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ хоҳласа, фаришталарни туширар эди. Аввалги ота-боболаримизда буни эшитган эмасмиз. (Мўминун сураси 24).

Ҳазрати Нуҳнинг бошига тушган бало пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссаломни ҳам кўп қийнаган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўғри йўлга ҳидоят қилди. Ҳақ билан ботилни фарқига борган ўғил отаси ва у каби эътиқод қилувчи будпараст қавмига уларнинг хатосини очиқ айтишга ўзида жасорат топди. Улар эса ота-боболарининг ботил анъаналари ва диний расм-русумларига содиқ қолишни таъкидладилар. Ҳаққа юрмадилар. Шунда Иброҳим алайҳиссалом уларга қарата: “шу кўйда қолар экансиз сизлар ҳам ва сизларга шундай тарбия бериб кетган ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар”— деб уларнинг айбини юзларига солди. Бу ҳақда Қуръонда шундай ҳикоя қилинган:

إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ وَقَوْمِهِ مَا هَذِهِ التَّمَاثِيلُ الَّتِي أَنتُمْ لَهَا عَاكِفُونَ (52) قَالُوا وَجَدْنَا آبَاءنَا لَهَا عَابِدِينَ (53) قَالَ لَقَدْ كُنتُمْ أَنتُمْ وَآبَاؤُكُمْ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ (54

Ўшанда у отасига ва қавмига: Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима ўзи? деган эди. (52) Улар: “Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз”, дедилар. (53) У: “Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар”, деди (54). (Анбиё сураси 52-53-54 оятлар).

Тарихан жуда узоқларга бориб қадалувчи “ота-бобом”чилар ҳар бир даврда топилган. Улар билан кураш олиб боришга буюрилган пайғамбар ва расуллар зиммаларидаги муҳим масъулиятли вазифалари ўлароқ ўз қавми ичидаги бобокалонларининг эътиқодига қарам бўлиб қолган кофир “ота-бобом”чиларга қарши мардонавор илмий ва амалий чоралар кўриб умрини ўтказганлар. Лекин шунга қарамасдан улар ҳар бир даврда мавжуд бўлиб қолаверган.

Шу қаторда собиқ биродарлари каби пайғамбарлар сўнггиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимиз ҳам “ота-бобом”чи мушрикларни тўғри йўлга бошлаш ғамида яшаб ўтганлар.

Жоҳилят даврида араблар ичида “Баҳира”, “Саиба”, “Васила” ва “Ҳам” деган одатлар бўларди. Бирор туя беш марта бола туғиб охиргиси эркак туғилса шу она туянинг қулоғини кесиб белги қўйишар ва озодликка қўйиб юборишарди. Уни миниш, сутини соғиш, сўйиб гўштини ейиш ҳаром эди. Шунингдек,  ишлатиш мумкин эмас магар бут-санамлар хизмати учунгина фойдаланишар эди. Бу туя жоҳилятда “баҳира” дейиларди.

Агар бирор бемор бўлгани: “дардимга даво топилса бир туяни қўйиб юбораман” деб назр қилса ва шу сабаб эркинликка қўйиб юборилса, ўша туя жоҳилят даврида “саиба” дейилар, уни ейиш, ишлатиш ҳаром эди. Хоҳлаган еридан сув ичиши ва хоҳлаган майсазоридан ўтлашига монелик қилинмасди.

Жоҳилят арабларининг эътиқодига кўра урғочи туғилган қўзи ўзларига қолиб, эркак туғилган қўзилар бутлар учун қурбонлик қилинарди. Мабодо бир қўчқор ва бир совлиқ эгиз туғилса совлиқ қўзини “васила” дейишарди. Яъни ўзига қўчқорни улаб туғилган совлиқ қўзи. Бу қўчқорни ҳатто олиҳалари учун сўйиш ҳам ҳаром ҳисобланар, балки урғочилари билан бирга қўйиб юборилар эди.

Агар бирор эркак туядан ўн марта насл олишса бу туя бошқаларига нисбатан олиймақом бўлиб уни ҳам миниш ҳаром саналарди. Буни “ҳам” деб аташарди.

Шу одатларнинг ҳаммаси жоҳилят арабларига ота-боболаридан қолган ибодат тусидаги сарқит одатлар эди. Улар юқоридаги каби жониворларни ўзларича  муқаддаслаштириб олишган эди. Ислом бу одатларни қабул қилмади, бекор қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْاْ إِلَى مَا أَنزَلَ اللّهُ وَإِلَى الرَّسُولِ قَالُواْ حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْلَمُونَ شَيْئاً وَلاَ يَهْتَدُونَ

Уларга: Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга (унинг атрофига бирлашиб, унга тобе бўлиб) келинглар, дейилса, Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли, дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?! (Моида сураси 104).

ТАХЗИР

Ота-она ва аждодлар эҳтиромига алоҳида эътибор берган динимиз ҳар бир ишда ақл-заковатни ишга солишга тарғиб этади. Шахситяларга мутобаат қилишда уларнинг йўли тўғри ё нотўғри экани хусусида тафаккур қилишга, шубҳали ўринларда шариат кўрсатмалари асосида таҳлил қилиб иш кўришга жиддий чақиради. Агар собиқ аждодлар эътиқодига бидъат ва хурофотлар аралашиб қолган бўлса, бу жиҳатларда уларга эргашишдан қаттиқ қайтаради.

Ожизона изланишларимизга кўра Қуръони каримнинг  қарийб йигирма жойида Аллоҳ таоло “ота бобом”чиларни кескин танқид остига олганини кўриш мумкин. Мавзу жиддий ва муҳим бўлгани туфайли бироз гап чўзилишига қарамай, ўша оятларни қатор тартиби билан келтириб ўтиш ўринли деб билинди. Юқорида, ота-бобомчилар тарихига оид бандда учта оят ўтган бўлса, қуйида қолганлари билан танишамиз:

4-оят:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللّهُ قَالُواْ بَلْ نَتَّبِعُ مَا أَلْفَيْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ آبَاؤُهُمْ لاَ يَعْقِلُونَ شَيْئاً وَلاَ يَهْتَدُونَ

Уларга: Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз, дейилса, улар: Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз, дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!   (Бақара сураси 170)

Изоҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудларни Исломга даъват этди. Шунда Рофеъ ибн Хорижа билан Молик ибн Авф: Балки биз ўз ота-боболаримизни қандай билсак шу йўлларига тобе бўламиз, улар биздан кўра олимроқ ва афзалроқ бўлишган—деб ўзларининг куфрларида таассуб қилишди. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб, ҳидоят топмаган ва ақли буюк ҳақиқатни англашдан ожизлик қилган ота-боболарга эргашиш жоиз эмаслигига урғу берди.

5-оят:

 سَيَقُولُ الَّذِينَ أَشْرَكُواْ لَوْ شَاء اللّهُ مَا أَشْرَكْنَا وَلاَ آبَاؤُنَا وَلاَ حَرَّمْنَا مِن شَيْءٍ كَذَلِكَ كَذَّبَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِم حَتَّى ذَاقُواْ بَأْسَنَا قُلْ هَلْ عِندَكُم مِّنْ عِلْمٍ فَتُخْرِجُوهُ لَنَا إِن تَتَّبِعُونَ إِلاَّ الظَّنَّ وَإِنْ أَنتُمْ إَلاَّ تَخْرُصُونَ

Ҳали (яқин кунларда) ширк келтирганлар: Агар Аллоҳ хоҳлаганда биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас эдик ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик, дерлар. Улардан олдингилари ҳам азобимизни татигунларига қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб турганлар. Сиз: ”Сизнинг ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм–ҳужжат борми? Сизлар фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасиз” — деб айтинг (Анъом 148).

Изоҳ: бу ояти каримада мушриклар ўзлари ва олдинги бобокалонларининг ботил ақидаларини саҳиҳ деб иддао қилишиб, бунга Аллоҳнинг ҳохишини далил қилишмоқда. Бу каби истидлол аслида барча адашган қавмларнинг одатий истидлолларидандир. Ҳатто бугунги кундаги айрим ақли калталарни ҳам яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарсангиз улар худди шу оятда айтилган мушриклар каби: “Аллоҳ хоҳлабдики биз шу кўйда юрибмиз” деб айбни Аллоҳ таолога тўнкашади.

Шуни яхши билиш лозимки аҳли сунна вал-жамоа таълимотига кўра Аллоҳ хоҳлаган нарсаларнинг ҳаммаси, хоҳ у яхшилик ва ё ёмонлик бўлсин, шубҳасиз воқеликда содир бўлади. Лекин бу дегани Аллоҳ ўша воқе бўлган ёмонликларга рози ва уни яхши кўриб қилди, дегани эмас. Бизнинг ақидамизда Аллоҳнинг хоҳиши билан розилиги мутлақо бошқа-бошқа сифатлардир. Шуни унутмаслик керак.

Аллоҳ банданинг хоҳиш истагига қараб у бажармоқчи бўлган ишларни яратиб беради. Аммо буларни барчасига Аллоҳ рози бўлмайди. Банданинг шариатга мос истаклари Аллоҳнинг хоҳиши ва ризоси билан яратиб берилади. Шариатга хилоф истаклари эса Аллоҳнинг хоҳиши ва ғазаби билан яратиб берилади!

6-оят

 قَالُواْ أَجِئْتَنَا لِنَعْبُدَ اللّهَ وَحْدَهُ وَنَذَرَ مَا كَانَ يَعْبُدُ آبَاؤُنَا فَأْتِنَا بِمَا تَعِدُنَا إِن كُنتَ مِنَ الصَّادِقِينَ

Улар: “Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!” дедилар. (Аъроф 70).

Изоҳ:Аллоҳ таоло Од қавмига ўз биродарлари Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У Од аҳлини Аллоҳга ибодат қилиб тақводор бўлишга чақирди. Улар эса ҳазрати Ҳудни эси паст мияси айниб қолган, ёлғончига чиқаришди. Оддий бир инсон уларга Аллоҳнинг элчиси бўлиб келганига таажжубланишди.

Бугунги замонамизда ҳам шундайлар топилади. Улар ўзларича ибодат санаб муккасидан кетган бидъатларни, ношаръий амалларини очиб ташласангиз, улар сизни ҳеч тап тортмасдан мияси айниб қолган, каззобга чиқариб олами жаҳонга жар солишади. Ўзларини олий табақали олимлардан сановчи бундай бидъатчилар оддий бир инсонни уларга қарши чиқишини ҳеч ҳазм қилиша олмайди, таажжубланишади. Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин!

Хуллас Ҳуд алайҳиссалом қавмига: менинг эс-хушим жойида, мен сизларга Аллоҳнинг элчисиман, сизларга Унинг рисолатини етказиб насиҳат қиламан, деди. Улар эса: бизни ёлғиз Худога ибодат қилиш ва ота-боболаримиз ибодат қилиб келган нарсалардан воз кечишга чақириб келдингими?!—Деб Аллоҳнинг пайғамбарига қулоқ солишмади.

7- оят:

قَالُواْ يَا صَالِحُ قَدْ كُنتَ فِينَا مَرْجُوّاً قَبْلَ هَـذَا أَتَنْهَانَا أَن نَّعْبُدَ مَا يَعْبُدُ آبَاؤُنَا وَإِنَّنَا لَفِي شَكٍّ مِّمَّا تَدْعُونَا إِلَيْهِ مُرِيبٍ

Улар: Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз, дедилар. (Ҳуд 62).

Изоҳ: Аллоҳ таоло рисолатни, ҳақни халққа етказишни Ўзи хоҳлаган бандага юклайди. Солиҳ алайҳиссалом қавми ичида кўпчиликка манзур, барчани ҳавасини келтургудек хулқ-одоб эгаси эди. Қавмининг баобрў зодагонлари-ю ва оддий табақага мансублари ҳам уни яхши кўришар эди. Қачонки Аллоҳ Солиҳнинг қавми Самудга Уни пайғамбар қилиб юборгач, унинг қавми ичидан айримлар буни қабул қила олишмади. Унга: “эй Солиҳ! Илгари туппа-тузук ҳаммани ҳавасини келтириб юрардинг. Бугун сенга нима бало урдики, ота-боболаримиз йўлидан юз ўгирибсан?! Қолмишига бошқаларни ҳам қайтариш ҳаракатида жидди-жаҳд қиласан?! Биз сен даъват қилаётган нарсаларнинг ҳақлигига шубҳамиз бор”—деб бобокалонларининг ботил ақидаларига содиқ қолишларини қатъий таъкидлашади.

Минг таассуфки, ҳазрати Солиҳ алайҳиссалом қавмига ўхшаш мутакаббир мутаассиблар бугунги кунда ҳам йўқ эмас. Улар ўзларини катта олим, ақлли ва аждодларига содиқ авлод ҳисоблашади. Одатлари ичидан ғайри шаръий жиҳатларни аниқлаб юзларига айтгудек бўлсангиз, тамомсиз! Сизни худди Солиҳ қавмига ўхшаб: “Илгари бир чиройлик юрардинг, барчамиз сени ҳавас қилардик, бугун кимларга қўшилиб қолдинг-ки, аждодларимиз одатларига қарши чиқиб, уларни адашганга чиқарасан. Миянг айниб ўз палагингини босиб олаётганингни биляпсанми?!”—деганга ўхшаш гаплар билан сизга танбеҳ беришади. Аммо сизнинг гапингиз ҳақида бирозгина тафаккур қилиб ақлларини ишга солиш ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди.

8- оят:

قَالُواْ يَا شُعَيْبُ أَصَلاَتُكَ تَأْمُرُكَ أَن نَّتْرُكَ مَا يَعْبُدُ آبَاؤُنَا أَوْ أَن نَّفْعَلَ فِي أَمْوَالِنَا مَا نَشَاء إِنَّكَ لَأَنتَ الْحَلِيمُ الرَّشِيدُ

Улар: Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?! Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да (ёки эдингга…)”, дедилар. (Ҳуд сураси 87).

Изоҳ: Ҳазрати Шуайб алайҳиссаломнинг бошига ҳам бошқа пайғамбар биродарларининг бошига тушган кулфат тушди. Унинг қавмидан ҳам Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари ўрнига бобокалонларининг йўлини афзал билувчи аҳли залолатлар чиқди. Улар ҳам ҳазрати Шуайбга: “сен ичимизда жуда ювош, тўғри йўлда юрадиган одоблик киши эдинг, сенга нима бўляптики аждодларимиз қилган ишлардан воз кечишга даъват этасан” деб инкор қилишди.

9- оят:

فَلاَ تَكُ فِي مِرْيَةٍ مِّمَّا يَعْبُدُ هَـؤُلاء مَا يَعْبُدُونَ إِلاَّ كَمَا يَعْبُدُ آبَاؤُهُم مِّن قَبْلُ وَإِنَّا لَمُوَفُّوهُمْ نَصِيبَهُمْ غَيْرَ مَنقُوصٍ

Сиз анавилар ибодат қилаётган нарсада шак-шубҳада бўлманг. Улар олдин оталари ибодат қилганга ўхшаш ибодат қилурлар, холос. Ва албатта, Биз уларга насибаларини камситмай, тўлиқ қилиб берамиз. (Ҳуд сураси 109).

Изоҳ:Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло жаноби пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай тасали бермоқда: Эй ҳабибим, сиз бу саводсиз мушриклар топинаётган буд-санамларидан шубҳаланманг. Улар фойда беришга ҳам, ва на зарар етказишга ҳам қодир эмас. Улар оддий жисмлар холос. Шунингдек, уларнинг ибодати бирор асосга ҳам эга эмас. Бу саводсизлар фақатгина ота-боболарига эргашибгина шу будларга топинишмоқда. Уларнинг бобокалонлари ҳам шу будларга қуллик қилган, булар ҳам ўшалар каби будпарастлик қилишмоқда.

10- оят:

مَا تَعْبُدُونَ مِن دُونِهِ إِلاَّ أَسْمَاء سَمَّيْتُمُوهَا أَنتُمْ وَآبَآؤُكُم مَّا أَنزَلَ اللّهُ بِهَا مِن سُلْطَانٍ إِنِ الْحُكْمُ إِلاَّ لِلّهِ أَمَرَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ وَلَـكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لاَ يَعْلَمُونَ

Сизлар Ундан ўзга, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмларга, Аллоҳ уларга бирон ҳужжат нозил қилмаган нарсаларга ибодат қилмоқдасизлар. Ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир, У фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни амр этди. Ана ўша тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Юсуф сураси 40).

Изоҳ: Будпарастлар турли тош ва сополлардан ясалган ҳайкалларни олиҳаларимиз деб билишарди. Ва ҳолбуки бу ҳайкалларни олиҳа дейишга уларнинг ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ эди. Фақатгина адашган ота-боболаридан қолган анъанага содиқлик билангина шундай қилишар эди холос. Аммо, Аллоҳ нозил қилган дин эса энг тўғриси бўлиб, бу ҳақиқатни одамларнинг кўпи англамас эди.

Хозирги ҳаёт воқелигида ҳам шундай. Омма орасида урф бўлиб оммалашиб кетган баъзи бидъатларнинг ношаръий эканини одамларнинг аксари англамайди. Уни англаб ошкор этганларни эса инкор этишади. Гўёки тарих такрорланаётгандек…

11- оят:

قَالَتْ رُسُلُهُمْ أَفِي اللّهِ شَكٌّ فَاطِرِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ يَدْعُوكُمْ لِيَغْفِرَ لَكُم مِّن ذُنُوبِكُمْ وَيُؤَخِّرَكُمْ إِلَى أَجَلٍ مُّسَـمًّى قَالُواْ إِنْ أَنتُمْ إِلاَّ بَشَرٌ مِّثْلُنَا تُرِيدُونَ أَن تَصُدُّونَا عَمَّا كَانَ يَعْبُدُ آبَآؤُنَا فَأْتُونَا بِسُلْطَانٍ مُّبِينٍ

Пайғамбарлари уларга: Осмонлару ернинг яратгувчиси бўлмиш Аллоҳга шак борми? У сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишга ва ўзингизни маълум муддатга қолдиришга чақирмоқда-ку! дедилар. Улар эса: Сиз бизга ўхшаш башардан ўзга ҳеч нарса эмассиз. Бизни оталаримиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқчисиз. Бас, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтиринг, дедилар. (Иброҳим сураси 10).

Изоҳ: Барча қавм кофирлари барча Пайғамбарларга шу гапни айтганлар. Уларнинг аждодлари нимага ибодат қилиб юргани, эътиқоди тўғри ё нотўғри бўлгани билан ишлари йўқ. Бобокалонлари топинган нарсалар тошми, сополми, ҳайкалми ё бошқа нима бўлса ҳам, улар учун бари бир эди. Боболари учун қимматли саналган ибодат тусидаги амалларнинг аслида зиғирча қиймати борми ё йўқми? Уларга ибодат қилиш лозимлиги ҳақида бирор жўяли далил борми? Бу ва бунга ўхшаш саволларни ўзларига асло бериб кўришмас эди. Аммо Аллоҳ томонидан очиқ ҳужжатлар билан келган Пайғамбарлардан  уятсизларча ҳужжат-далил сўрашар эди. Аллоҳнинг элчилари ҳар қанча кучли далиллар келтирган тақдирда ҳам улар номардларча ундан юз ўгиришар, бўлмағур баҳоналар билан ҳақдан юз ўгиришар эди.

12- оят:

وَقَالَ الَّذِينَ أَشْرَكُواْ لَوْ شَاء اللّهُ مَا عَبَدْنَا مِن دُونِهِ مِن شَيْءٍ نَّحْنُ وَلا آبَاؤُنَا وَلاَ حَرَّمْنَا مِن دُونِهِ مِن شَيْءٍ كَذَلِكَ فَعَلَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ فَهَلْ عَلَى الرُّسُلِ إِلاَّ الْبَلاغُ الْمُبِينُ

Ширк келтирганлар: Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам Ундан ўзга ҳеч нарсага ибодат қилмас эдик ҳамда Унинг ҳукмисиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик, дедилар. Улардан олдингилар ҳам шундай қилганлар. Пайғамбарлар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бор, холос. (Нахл сураси 35).

Изоҳ: Макка мушриклари пайғамбаримизни инкор этишларида ўзларини эмас аксинча Аллоҳ таолони айбдор қилишди. Улар: биз Худонинг хоҳишига қараб ҳаёт кечирмоқдамиз. Агар У хоҳласа биз ҳам бобокалонларимиз ҳам мушрик бўлмасдик, бизнинг мушриклигимизни Унинг ўзи хоҳлаган, деб Расулуллоҳни устидан кулдилар. Аслида улардан олдинги қавмлар ҳам, яъни мушрикларнинг собиқ аждодлари ҳам ўз пайғамбарларига шундай беадаблик қилишган эди.

13- оят:

 لَقَدْ وُعِدْنَا نَحْنُ وَآبَاؤُنَا هَذَا مِن قَبْلُ إِنْ هَذَا إِلَّا أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ

Батаҳқиқ, бизга ҳам, бундан олдин ота-боболаримизга ҳам бу ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа нарса эмас, дедилар. (Мўминун сураси 83).

Изоҳ:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларни ҳаққа чақириб, охират азобидан огоҳлантирган чоғда улар: бунга ўхшаган афсоналарни биздан олдин ота-боболаримизга айтганлар ҳам бўлган. Аммо улар асло ҳақиқат бўлиб чиқмади, шундай экан биз ҳам ўз бобокалонларимиз каби бу афсоналарга ишонмаймиз—деб инкор этишди.

14- оят:

قَالُوا بَلْ وَجَدْنَا آبَاءنَا كَذَلِكَ يَفْعَلُون (74)َ قَالَ أَفَرَأَيْتُم مَّا كُنتُمْ تَعْبُدُونَ (75) أَنتُمْ وَآبَاؤُكُمُ الْأَقْدَمُونَ (76

Улар: Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик, дедилар. (74) У : “Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! (75). Сиз ва қадимги оталарингиз?! (76). (Шуаро сураси 74-75-76 оятлар).

Изоҳ: бу оятларда ҳам Иброҳим алайҳиссалом билан боғлиқ қиссалар сўзланмоқда. Иброҳим алайҳиссалом қавмидан нимага ибодат қилаётганингизни ўзингиз биласизми, ибодатингиз моҳиятини англаб етасизми, тафаккур қилиб кўрганмисиз?—деб уларга мантиқан савол берганда уларнинг жавоби таассубга берилган ҳолда: “Биз ота-боболаримиз шундай қилганини кўрганмиз. Тамом вассалом! Биз аждодларимизга мухолафат қилмаймиз”—деган қатъий жавоб бўлди!

15- оят:

 وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَئِذَا كُنَّا تُرَاباً وَآبَاؤُنَا أَئِنَّا لَمُخْرَجُونَ (67) لَقَدْ وُعِدْنَا هَذَا نَحْنُ وَآبَاؤُنَا مِن قَبْلُ إِنْ هَذَا إِلَّا أَسَاطِيرُ الْأَوَّلِينَ (68

Куфр келтирганлар: Биз ва ота-боболаримиз тупроқ бўлганимиздан кейин, яна чиқариламизми?! (67) Батаҳқиқ, бу бизга-да, ота-боболармизга-да олдин ҳам ваъда қилинган эди. Бу аввалгиларнинг афсонасидан бошқа ҳеч нарса эмас, дедилар. (68). (Намл сураси 67-68 оятлар).

Изоҳ: бу ояти каримада хабар қилинишича ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ солмаган кофирлар ота-боболари каби Расулуллоҳ жанобларини инкор этишган. Улар пайғамбаримизга: сен айтаётган нарсаларни сендан олдинги ўзини пайғамбарман деганлар ҳам ота-боболаримизга айтишган эди. Аммо уларнинг бари қуруқ сафсата бўлиб чиққан, ҳақиқат эмас—деб инкор этишди ва куфрий ақидаларида содиқ қолишди.

Бугунги ҳаёт воқелигида ҳам шунга ўхшаш дилхираликлар мавжуд. Агар, бидъатчиларга ҳатто улар ўқиб турган китобларининг ўзидан уларга қарши далил топиб берсангиз, улар уятмасдан: “бу китобнинг худди шу ерини сенга ўхшаб ота-боболаридан юз ўгирган одобсизлар ўзгартиб ёзиб қўйишган”, деб кўзингизга лўқ қарашади.

16- оят:

فَلَمَّا جَاءهُم مُّوسَى بِآيَاتِنَا بَيِّنَاتٍ قَالُوا مَا هَذَا إِلَّا سِحْرٌ مُّفْتَرًى وَمَا سَمِعْنَا بِهَذَا فِي آبَائِنَا الْأَوَّلِينَ

Бас, қачонки Мусо уларга очиқ-ойдин оятларимиз ила келганида, улар: «Бу уйдирма, сеҳрдан бошқа нарса эмас. Аввалги ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаган эдик», дедилар. (Қосос сураси 36).

Изоҳ: Кўзларига кўриниб турган мўъжизани, кўзбўямачилик, сеҳрдан ўзга нарса эмас, у уйдирмадир, дедилар. Аллоҳнинг Пайғамбарига қарши, Аллоҳнинг мўъжизаларига қарши бундай гапни айтишга бирор далил-ҳужжатлари бормиди? Албатта, йўқ эди.Ота-боболаридан эшитмаганлари учун Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончи қилиб, мўъжизасини сеҳр дейишлари тўғрими?! Уларнинг ота-боболари ким эди ўзи? Дунёнинг охиригача бўладиган нарсаларни кўрсатиб кетишганмиди?!

17- оят:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّبِعُوا مَا أَنزَلَ اللَّهُ قَالُوا بَلْ نَتَّبِعُ مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا أَوَلَوْ كَانَ الشَّيْطَانُ يَدْعُوهُمْ إِلَى عَذَابِ السَّعِيرِ

Қачон уларга: Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинглар, дейилса: Йўқ! Биз оталаримизни ниманинг устида топсак, ўшанга эргашамиз, дерлар. Агар шайтон уларни дўзах азобига чақираётган бўлса ҳам-а?!   (Луқмон сураси 21).

Изоҳ: Аллоҳнинг ҳақ расули адашган қавмини ҳидоятга чақирган чоғда улар собиқ аждодларидан қолган ботил ақидага содиқ қолишларини очиқча ээлон қилишди. Ва ҳолбуки уларнинг ота-боболарига жаҳаннамга олиб борувчи йўл устида малъун Шайтон йўлбошчилик қиларди.

Аллома Олусий раҳматуллоҳи алайҳнинг тафсирига кўра, шу ояти карима усули дин яъни эътиқод илмида бировга тақлид қилмасдан инсон ўзи илмий асослар бўйича эътиқод қилиши лозим эканлиги кўрсатилган. Бу оятда Аллоҳ эътиқодий тақлидни зоҳиран ман этган. Шунинг учун ҳам аҳли сунна уламолари ўз эътиқодини илмий асослаб бера олмас даражада илмсиз муқаллидларнинг иймони саҳиҳ бўлса-да, назарий жиҳотдан исботлаб бера олмаганлари учун осийдирлар, деб таъкидлаган.

18- оят:

 وَإِذَا تُتْلَى عَلَيْهِمْ آيَاتُنَا بَيِّنَاتٍ قَالُوا مَا هَذَا إِلَّا رَجُلٌ يُرِيدُ أَن يَصُدَّكُمْ عَمَّا كَانَ يَعْبُدُ آبَاؤُكُمْ وَقَالُوا مَا هَذَا إِلَّا إِفْكٌ مُّفْتَرًى وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءهُمْ إِنْ هَذَا إِلَّا سِحْرٌ مُّبِينٌ

Қачонки уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинса: Бу сизни ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқни ирода қиладиган одам, холос”, дедилар ва Бу тўқилган уйдирмадан бошқа нарса эмас, дедилар. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган чоғда: Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас, дедилар. (Сабаъ сураси 43)

Изоҳ: ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари Ўз қавмини куфр ва ширк иллатларидан воз кечишга чақирганда улар айтишдики: “Бу одамнинг мақсади сизларни аждодларингиз динидан қайтариб, ўзининг янги динига оғдириб олиш холос, унга алданиб аждодларингиз динига хиёнат қилманг, уларга садоқатингизни кўрсатинг.”, деб бир-бирларини огоҳлантиришарди.

Мингларча таассуфки худди ўша даврдаги мушрикларга ўхшаб кетадиган баъзи бир инсонлар хозирги кунимизда ҳам йўқ эмас. Тўғри, улар озчиликни ташкил қилади. Бироқ, уларнинг атиги биттаси ҳам мингтага татигулик бало бўлади. Агар сиз улар берилиб кетган бидъат ва хурофотларни очиқча кўтариб чиқсангиз, улар “бу янги чиққан муллавачча тамомий аждодларимизни бидъатчи демоқчи бўляпти, Адашган тоифаларнинг китобларидан ўқиб олиб бузуқ ғояларини сингдирмоқчи бўляпти, унга алданиб қолманглар” деб олами жаҳонда жарчилик қилишни қойиллатишади.

Изоҳ:

19- оят:

بَلْ قَالُوا إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِم مُّهْتَدُونَ (22) وَكَذَلِكَ مَا أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ فِي قَرْيَةٍ مِّن نَّذِيرٍ إِلَّا قَالَ مُتْرَفُوهَا إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَى أُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِم مُّقْتَدُونَ(23)قَالَ أَوَلَوْ جِئْتُكُم بِأَهْدَى مِمَّا وَجَدتُّمْ عَلَيْهِ آبَاءكُمْ قَالُوا إِنَّا بِمَا أُرْسِلْتُم بِهِ كَافِرُونَ (24

Йўқ! Улар: Биз ота-боболаримизни бир динда топдикки, албатта, биз уларнинг изларидан ҳидоят топгувчидирмиз, дедилар. (22) Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: “Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар. (23) У (огоҳлантгирувчи): “Агар мен сизга сиз ота-бобонгизни устида топган нарсангиздан (эътиқодидан) ҳам ҳидоятлироқни келтирган бўлсам ҳам-а?!” деди. Улар: Биз сиз ила юборилган нарсага кофирдирмиз, дедилар. (24). (Зухруф сураси 22-23-24 оятлар).

Изоҳ: бу ҳикояда ҳам ота-бобомчиларнинг таассуби, бузуқ ақидаларидан воз кечишга иродасизлик қилишлари, ораларидан бўлган биродарларига эргашишдан саркашлик қилишлари баён этилмоқда.

ТАШХИС

Олдинги ва хозирги уммат ичида қалб кўзлари ҳақни кўришдан ожизлик қилган маънавий касал бидъат-хурофотчиларнинг ҳолини чуқур мулоҳаза қилиб, уларнинг қалбини заҳарлаган иллатни аниқлаш ва аниқ ташхис қўйиш мумкин. Ҳа, уларнинг маънавий ҳасталикларининг сабабини топиш мумкин. Бу улар муккасидан кетган таассуб, кўр-кўрона тақлид, ота-боболарига нисбатан ўта кучли фанатизмдир. Бу иллат динимизда ман этилган бўлиб, унинг оқибатида кўплаб фасод ва зарарли ишлар келиб чиқади.

Аслида мутаассиблар ота-боболари тўғрисида ҳаёлида шаклланиб қолган яхши гумонига суяниб, уларнинг эътиқодини ҳужжат-далилсиз, суриштирмасдан қабул қилишар, ўз эътиқодини уларнинг эътиқод йўлига мослашга уринишади. Ақоид соҳасида бундай тақлид мақбул эмас. Балки, ло-ақал ижмолий тарзда бўлсада, эшитган сўзи устида фикр қилиб кўриши, шариат андозасига солиб назарий асослаши шарт. Шариатга мос бўлса эргашади, зид бўлса рад қилади. Албатта, мана шу таққослаш учун ҳам маълум даражада илм таҳсил қилиш фарздир. Баъзи инсонларга «дининг нима?» деб савол қилинса, Ота-бобом мусулмон, мен ҳам мусулмонман, деб жавоб беришади. Ўз ақидаси ҳақида батафсил сўзлаб бериш у ёқда тура турсин, ҳатто шаҳодат калималарини тузукроқ айтишни ҳам уддалай олмайдилар. Буларга тақлидчи мусулмон дейилади. Ватандошимиз буюк илоҳиётчи олим имом Мотуридийнинг қавлига кўра тақлидчиларнинг иймони саҳиҳ бўлсада, далил талаб қилмагани учун гуноҳкор ҳисобланишади. Аҳли илмлар эътиқодий масалаларда назарий асосга эга бўлиш вожиб эканига ижмоъ қилганлар.

Амалиётда яъни, фуруъот масалаларида эса, илоҳиётнинг акси ўлароқ, адолат ва солиҳлиги билан танилган, мужтаҳид мақомида бўлган аҳли тақво олимларнинг фатволарини ҳужжат сўрамасдан қабул қилиш ва унга эргашиш жоиздир.

ТАМСИЛ

Илгарги умматлар орасида “ота-бобом” ақидасига асосан кенг тарқалган будпарастлик ширкини мисол қилиб келтирадиган бўлсак, бугунги давримизга оид кўплаб бидъат-хурофотларни санаб келтириш мумкин. Масалан:

1- Маййит чиққан ҳонадон аҳли маййит руҳи келиб ором олиши учун чиннига сув қуйиб унинг ичига беҳи ё олма дарахти шоҳини солиб қўйиши;
2- Сешанба куни маййит чиққан ҳовлидан, бошқа ўлим бўлмаслиги учун бирор мевали дарахтни томири билан қўпориб ташланиши;
3- Ўликнинг мероси тақсимланмай туриб унинг молини турли туман зиёфатлар уюштириб халққа едириб юборилиши;
4- Пайшанбу куни жони узилган жасадни жума намозигача сақлаб қолиниши;
5- Жаноза намозида турган ер нажосат бўлишига қарамасдан оёқ кийимларни ечмасдан намоз ўқилиши;
6- Қабрлар устига шам ёқиб қўйилиши;
7- Аёллар номаҳарм ҳонадонларида жамланишиб, овозларини чиқариб мушкулкушод, биби сешанба ва бошқа нарсаларни баралла ўқишлари;
8- Келин келган вақтда остона олдида олов ёқилиши;
9- Никоҳ жараёнида куёвнинг либосига игна ип билан тикиб турилиши;
10- Хозирда ота-боболаримиз дини деб Зардўштийликни кенг тарғиб килаётганлар, Авесто муқаддас китобимиз, деб сафсата сотадиганлар ҳам бор. Бу тарихда қолиб кетган, аслида эса ботил дин, уни бугун оммалаштириш Ислом таълимотига мутлақо зиддир!

Шу ўринда қўшимча маълумот сифатида «Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси устоз Исҳоқжон Бегматов қаламига мансуб мавзуга доир мақолани ушбу ҳавола орқали:   http://ahlisunna.uz/nikoh-marosimiga-tegishli-bidat-xurofotlar/

Ва яна қадим Бухоронинг охирги муфтийларидан бири, таниқли адиб Садриддин Айний (1878-1954) раҳимаҳуллоҳ, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, биринчи муфтийси Эшон Бобохон (1860-1957) раҳимаҳуллоҳ, Андижонлик таниқли уламо Ҳасанхон Махдум Восилий ( Ҳасанжон маҳсим домла1898-1979) раҳимаҳуллоҳ кабиларнинг устози ҳисобланмиш Домла Икромча раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Машҳур бидъатлар баёни” номли рисолни ушбу ҳавола орқали  http://ahlisunna.uz/mashhur-bidatlar-bayoni/ ўқиб чишларингизни тавсия қилган бўлардик.

ТАНБЕҲ

Ўқувчида шубҳа уйғониши мумкин, “ахир Исломда собиқ ота-боболарга ҳурмат эҳтиром кўрсатиш, уларнинг номини ҳурмат билан тилга олиш, қадрлаб эъзозлашга чақирилган бўлса, уларнинг одатларини тафтиш қилиб, адашганга чиқариш бўлиб қолмайдими” деган ўй фикрлар кишини чалғитиши мумкин. Аслида бу фикр инсоннинг азалий душмани Шайтон васвасасидир. Динимиз, оламдан ўтиб кетган мозий аҳли ҳақида ёмон гапиришдан қайтаргани рост, аммо улар орасида оммалашган бидъатларга эргашишдан ҳам қаттиқ қайтарган. Бунга юқорида кўрсатилган оятларда далиллар етарли.

Бидъатчига аввало аждодлари одатига дахл қилмасдан шариат асосида тушунтириш бериш  лозим. Агар у бу ишида аждодларига таянишини пеш қилсагина шундан кейин улар қолдирган эътиқодий мерос нотўғри бўлганини гапириш керак бўлади. Шунда ҳам буни собиқ аждодларга нисбатан ҳурматсизлик деб тушнмаслик керак. Уларнинг ҳаққига истиғфор айтиб, кейинги авлодни тузатишга уриниш бу—уммат ислоҳи бўлиб, Аллоҳ таоло уммати муҳаммадияни амри маъруф ва наҳий мункар қилиш хислатларини алоҳида зикр қилиб мақтаган. Жамият яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш билан ислоҳ этилади.

Ундан ташқари аждодлардан қолган ношаръий ақидалардан воз кечишда аждодлар руҳониятига ҳурматсизлик бўлиб, бунинг ортидан бирор бало келиши мумкин, деган пуч тушунчага ишонувчилар ҳам топилади. Бу ҳам аслида юқорида айтганимиз каби шайтони лаиннинг алдовидан бошқаси эмасдир!

Жадидчилар ХХ аср бошларида янги чиққанларида мадраса таълим тизимини ислоҳ килиш, дасрликларни ўзгартириш, тафсир ва ҳадис китобларини қўшиш кераклигини кўтариб чиқишди. Шунда  қадимчи уламолар ота-боболаримиз китобларини ўзгартирмймиз деб рад қилишган эди. Ҳолбуки ота-боболари ҳам 16 асрда шайбонийлар даврида олдинги темурийлар ва ундан аввалги ота-боболаримиз ўқиган ва ўқитган китобларни мадрасалар таълим дастурларидан олиб ташлашган эди.

ТАҲЛИЛ

Юқоридаги ҳужжатлар билан танишиб, таҳлил қилгач қуйидаги хулосага келамиз: Биз аҳли илмлар, бугун тамомий халқимиз ичида оммалашиб кетган ҳар-хил ибодат тусини олган сарқит одатлардан воз кечишимиз, жамиятни ислоҳ этишимиз, бидъатларни ўлдириб суннатларни жонлантирмоғимиз лозиму-лобуд фарздир! Собиқ аждодларимиз одатлари қаторида ношаръий амаллар мерос қолган бўлса, аввало ўтганларимиз ҳаққига Аллоҳдан мағфират сўраб, бу амалларни тарк этишимиз, келажак авлодга эса соғлом ақида ва амалларни ўргатиб қолдиришимиз даркор бўлади!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид