Эркакларга мурожаат

Эркакларга мурожаат

imon.uz 2023-12-15 01:54:23 318

Ўқувчиларимиз томонидан «Аёлларга мурожаат» (https://islom.uz/maqola/18635) сарлавҳали мақолага ёзилган изоҳларни эътиборга олган ҳолда эркакларимизга ҳам хос тарзда уларнинг оиладаги, ҳаётдаги мақсад-вазифалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Ушбу маълумотлар билганлар учун эслатма, билмаганлар учун илм бўлади деган умиддамиз.

Эркак кишининг оиладаги вазифалари нималардан иборат эканлигини баён қилишдан аввал ушбу ҳадисга мурожаат қилсак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар: «Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман».

Имом Термизий ривояти.

Эй эркаклар жамоаси, аёлингизга Қуръони Каримни ўрганиши, ибодатни адо этиши учун барча шароитларни қилиб беринглар. Керакли китобларни олиб беринглар.

Эй эркаклар жамоаси, аёлларингизга намоз вақти бўлганини эслатинглар. Мабодо жуфтингиз уйқучи бўлса, нима қилиб бўлса ҳам уни бомдод намозига имкон борича уйғотинг. Зеро, саҳар чоғида ишлар унумли, ризқларга барака улашиладиган вақт бўлади.

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эр аёлининг маҳрини бермаган бўлса дарҳол бериши, агар тўла адо этмаган бўлса, ҳаммасини тўлиқ етказиши муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Маҳр ҳақидаги батафсил маълумотларни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб «Бахтиёр оила» асарларидан билиб олиш мумкин. Ушбу китоб «Ҳилол-нашр» нашриётининг барча китоб дўконларида мавжуд. 

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак аёлини ишлатиб, унинг топганини еб, ўзи ишсиз юрмайди (Ишга ярамайдиганлар бундан мустасно).

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак ўзи ишламай, зиммасидаги нафақа қилиш масъулиятини унутиб, аёлини Дубай, Туркия ва бошқа жойларга юбориб, савдо, мардикорлик ишларида ишлатиб, ўзи уйда ўтириб, унинг топганини еб, уй қуриб, машина олиб, улфатларига «рижоллар» қанақа бўлиши ҳақида йўл-йўриқ кўрсатиб, карилламайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади» деганлар.

Абу Довуд ривояти.

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак аёлининг рўзғорга, либосга, атир-упага оид кам-кўстини ўзи билиб, олиб беради. Бу борада исрофга ҳам, бахилликка ҳам йўл қўймайди. 

Эй эркаклар жамоаси, аёлингизга охиратни эслатиб, унга тайёргарлик кўришга ундаб туринглар!

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак ошхонада улфатлари билан шашлик, табака егач, аёлига ҳам ўша таомлардан олиб келади. Ўзи ўшандай таом еб, хотинига шўрва, қаттиқ нонни раво кўрмайди.

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак ҳамиятли бўлади, аёлининг ўзини узоқ сафарга чиқармайди. Номаҳрамлардан қизғонади.

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эркак аёлига оғир юкни кўтартириб, ўзи томоша қилиб ёки телефонга термулиб ўтирмайди.

Эй эркаклар жамоаси, шимингизни вақтида дазмолламаган, овқатингизни шўр ёки тузини паст қилиб пиширган аёлингизни урманг, дўппосламанг, уларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатманг. Шу ўринда аёллар ҳам уйдаги вазифаларини эсдан чиқармай, вақтида адо этишлари кераклигини эслатиб ўтамиз.

Пайғамбаримиз солллалоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:

«Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин».

Имом Муслим ривояти.

Эй эркаклар жамоаси, мусулмон эр оилавий сирларни ва жинсий муносабатларни бошқаларга айтмайди. 

Оилавий ҳаётнинг ўзига яраша муқаддаслиги, ҳурмати ва иззати бор. Албатта, эр-хотинлар, ўзларига яраша, биров билиши мумкин бўлмаган сирларга соҳиб бўладилар. Энди мазкур сирларни бошқаларга фош қилмаслик ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ўз жуфти ҳалолидаги ҳаққидир ҳамда эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир.

Эй эркаклар жамоаси, фарзанд тарбиясида фақат аёллар масъул эмаслигини, балки бу борада эркакларнинг зиммасидаги масъулияти муҳим аҳамият касб этишлигини унутманг! Ахлоқий тарбия ва уни амалга ошириш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак сўзлари ҳар бир мусулмон учун дастур бўлмоғи керак:

«Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди».

Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Эй эркаклар жамоаси, сиз учун дунёда севимли бўлган фарзандингизнинг таълимини гўзал ҳолда йўлга қўйиш ва уни назорат қилиш, дунё ва охират ободлигига сабаб бўладиган барча илм-фан соҳаларини ўзлаштириши учун шароит яратиб бериш, рағбатини ошириш, жамиятга фойдали инсон қилиб етиштириб бериш ҳам вазифангиз эканлигини унутманг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят).

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр-хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг:

«Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку, сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар.

Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

                                                                                              Нозимжон Ҳошимжон ва Хуршид Маъруф

                                                                                               манбалар асосида тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид