ГАПНИ КЎПАЙТИРИШ - МАЗМУМ ВА ГАПНИ ҚИСҚАСИ - МАМДУҲ

ГАПНИ КЎПАЙТИРИШ - МАЗМУМ ВА ГАПНИ ҚИСҚАСИ - МАМДУҲ

imon.uz 19-11-2024 76

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ одамлардан тилини сигирнинг тилига ўхшаб айлантирган балоғатлисини ёмон кўради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Мол кавш қайтарганда тилини икки лунжида айлантирганга ўхшаб ҳуда-беҳудага балоғатга зеб бериб, ўзини кўрсатиш учун балоғатли сўзлашга ҳаракат қилган одамни Аллоҳ таоло хуш кўрмас экан. Бу маънода эҳтиёт бўлмоқ зарур

.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким кишиларнинг ёки одамларнинг қалбини ром қилиш учун сўз ўйини қилишни таълим олган бўлса, у одамдан Аллоҳ қиёмат куни тавбани ҳам, фидяни ҳам қабул қилмас», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Одамларни қойил қолдириш учун қилинган иш риёдан ўзга бўлиши мумкин эмас. Риё эса, доимо мазаммат қилинган нарсадир.

.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Машриқдан икки киши келди. Улар хутба қилдилар. Одамлар ажабландилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, баёндан сеҳрлиси ҳам бор, ёки албатта, баённинг баъзиси сеҳрдир», дедилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Машриқдан келган икки киши — Зар-буқон ибн Бадр ва Амр ибн ал-Аҳтам эди. Албатта, чиройли гап кишини сеҳрлаб қўйиши бор.

. Бир киши туриб, кўп гапирди. Шунда Амр ибн Осс:

«Агар гапини қисқа қилганида ўзига яхши бўлар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Батаҳқиқ, гапни қисқа қилишни хуш кўрдим ёки амр қилиндим. Албатта, қисқа қилиш яхшидир», деганларини эшитганман», деди».

Шарҳ: Албатта, мазмунсиз кўп гапдан сермазмун оз гап яхшидир.

                                                                                                                                                                                                                                                                    АДАБ КИТОБИДАН

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид