130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ГИЁҲВАНДЛИК - АСР ВАБОСИ.
imon.uz 19-09-2024 64Ҳозирда инсоният бошига турли балоларни солиб, оилаларни ва жамиятни тазаззулга олиб борадиган иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб мажруҳ туғилмоқда, оилаларда ажрашишлар кўпаймоқда ва дунёда миллонлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юммоқда. Энг афсусланарли жиҳати шундаки бу жирканч нарсага мубтало бўлган кимсаларнинг тузалиши жуда ҳам қийиндир.
Гиёҳванд моддаларнинг ҳаромлиги ҳақида Қуръони карим ва пайғамбаримизни ҳадисларида очиқ далиллар келмаган. Гиёҳванд моддалар Пайғамбар саллолоҳу алайҳи вассалам, саҳобалар, мужтаҳид уламолар даврида, Уммавийлар даврида ҳам маълум бўлмаган. Гиёҳвандлик Ислом ўлкаларида Аббосийлар даврининг сўнги йилларида ҳижрий олтинчи асрда милодий 13-асрда пайдо бўлган.
Баъзи жоҳил кимсалар Қуръон ва ҳадисда гиёҳвандлик моддларини таъқиқланганлиги ҳақида бирорта далил йўқ деб, уни истеъмолига рухсат берадилар. Уламолар бирор нарсани шаръий жиҳатдан хукмини билишда, аввалом бор, унинг асосини ва сабабини кўриб чиқадилар. Кўрилаётган масаланинг асоси Қуръон ва ҳадисдаги хукмларда келган бўлса, унга қиёс қилиб ҳукм чиқарганлар. Гиёҳвандлик моддалари ҳақида Қуръон ва ҳадисларда очиқ келмаган бўлса ҳам гиёҳвандлик моддларидаги моддалар инсонни ақлини тўсувчи ва уни бўшиштирувчи хусусиятларидан келиб чиқиб, хамрга қиёс қилинган. Шунингдек, уламолар гиёҳванд моддаларни Қуръонда зикр қилинган хамрга ва нопок нарсаларга қиёс қилиб ҳаром эканлигига фатво берганлар. Гиёҳванд моддаларнинг инсонга ва жамиятга зарари эса хармни зараридан бир неча баробар кўп.
Қуръони каримда нопок нарсаларни ҳаромлиги ҳақида марҳамат қилинади;
“Улар Маккалик элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир», (Аъроф сураси -157 оят).
Ояти каримага кўра, ҳар бир пок нарса мубоҳ (мумкин) ва ҳар бир нопок нарса ҳаромдир. Уламолар гиёҳванд моддаларнинг барча тури энг ёмон нопок ва энг зарарли нарсаларга қиёс қилиб, юқоридаги оят билан ҳаром бўлади дейдилар.
Шунингдек, уламолар гиёҳванд моддаларни Ибни Умар Умму Салама (р.а) ривоят қилинган ҳадис билан ҳаром эканлигига далил қиладилар.
“Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва кучсизлантирувчи бўшаштирувчи нарсадан қайтарганлар”
Мирқот ас-Суъуд китобида қуйидаги ривоят келтирилади. Аъжам давлатидан бир киши Қоҳира шаҳрига келиб нашани ҳаромлигига далил сўрайди. Мазкур масала юзасидан мажлис ташкил этилиб, унда ўз даврининг етук уламолари иштирок этади. Йиғилишда Ҳофиз Зайниддин ал-Ироқий нашани ҳаромлигига юқорида келтирилган ҳадисни далил қилиб, мажлисга йиғилганларни қойил (хайратда) қолдиради.
Тўрт мазҳаб уламолари ўзларининг фатволарида гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, истеъмол қилиш, тарқатиш ва сотиш ҳаром эканлигига ва ундай кимсаларга жазо тайинланишига фатво берганлар.
Ҳанафий мазҳаби олимларидан Ибн Шуҳна мазҳаб уламоларининг сўзларидан иқтибос келтириб, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳаром бўлади. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаби уламолари гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш харом эканлигига, уни ёндириб ташлашга, сотган кимсага нибатан жазо тайинланишига ҳамда истеъмол қилувчи шахсларга нисбатан қаттиқ жазога тортилишига фатво берганлар. Бугунги кунда ҳам ҳанафий ва шофеий мазҳаби уламолари фатвосига кўра, гиёҳванд моддалар ҳаромдир. Уламоларимиз “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ҳалол деган одам бидъатчи кофир” бўлади” деган.
Ибн Ҳажар Аз-Завожир китобида Моликий мазҳаби уламоларидан Қарофийни фатвосини иқтибос қилиб, “Гиёҳванд моддаларни ҳаромлигига ижмо қилинган, ким нашани ҳалол деса, кофир бўлади” деган.
Ҳанбалий маҳзаби уламолари эса, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўлса унга жаноза намози ўқилмайди ва мусулмонларнинг қабрларига қўйилмайди” деб фатво берганлар.
Ад-Дин ва ал-Илм фий Муважиҳати ал-Мухаддарот китобида:
“Исломдаги тўрт мазҳаб олимлари гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш, экиш, етиштириш, сотиш, тарқатиш, истеъмол қилишни тарғиб қилиш, истеъмол қилиш ҳаромлигига фатво берганлар ва шуғулланган шахсларга нисбатан жазо кўлланишига иттифоқ қилганлар.
Гиёҳвандлик билан шуғулланиш ҳаром касб ҳисобланади, у билан шуғулланган одам охиратда дўзахда бўлади.
Гиёҳвандлик билан шуғулланучи ёки уларни истеъмол қилувчи одамларни тўғри йўлга бошлаш, Расул акрам саллолоҳу алайҳи вассалам айтганларидек, Аллоҳ учун, унинг расули учун ва мусулмонлар учун насиҳат бўлади;” дейилган.
Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида, дин, нафс (жон), мол, ақл ва наслга офатдир. Шунингдек, гиёҳвандлик инсондаги инсонийликни йўқ қилади.
Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳи салом суннатлари беш нарсани муҳофазасини мақсад қилган бўлиб, улар дин, нафс (жон), мол, ақл ва наслдир. Шариат олимлари уни “Беш зарурат” деб номлаганлар. Имом Ғаззолий Беш зарурат ҳақида: “Албатта, фойдани жалб қилиш, зарарни даф қилиш Ҳақнинг ҳоҳиши ва халқнинг туб мақсадларини ҳосил қилишдаги эзгу ишдир. Лекин, биз назарда тутган риоя қилиниши зарур бўлган манфаат шариат мақсадидир. Шариатнинг халқдан кўзлаган мақсади бешта бўлиб, халқни динини, жонини, ақлини, наслини ва молини сақлашдир. Мазкур беш нарсага амал қилиш манфаатдир лекин, уни йўқ бўлиши офатдир” деганлар.
Гиёҳванд моддалари шариат кўзда тутган беш заруратга бир вақтни ўзида бирдек зарар келтиради. У одамни диндан чиқаради, нафсига (жонига) завол бўлади, молини беҳудага совуради, ақлини заифлаштиради ва наслини йўқ қилади.
Аллома Ибн Ҳожар Маккийнинг “Фатовои Кабир” китобида, “Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. “Шунингдек, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади”.
Фазилатли Шайх Маҳмуд Шалтут (р.а) ўзининг фатволарида: “Гиёҳвандлик кишилардаги мардлик ва олийжаноблик каби яхши сифатларни кетказади. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни ваъдасига вафо қилмайдиган, ишонч билдирилса ишончни оқламайдиган гаприса ёлғон гапридаган қилади. Инсондаги масъулият ва қард-қиммат туйғуларини йўқ қилиб, унда қўрқинч, хавф хатар қабиҳлик ва пасткашликни пайдо қилади. Унда ўзига ва ўзи билан барга яшайдиганларга нисбата хиёнат туйғулари эгаллайди. Бу билан жамиятда вабо юқтирган яроқсиз кимсага айланади”, дейди.
Юқорида келтирилган манбаларга кўра гиёҳванд моддаларнинг ҳаромлиги ва унинг зарарлари ҳақида қисқача келтириб ўтилди.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан гиёҳвандликка қарши кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Гиёҳвандлик билан шуғулланувчи кимсаларга нисбатан жазолар қўлланилаётганлигини ахборот васиталари орқали бевосита гувоҳи бўлмоқдамиз. Бугунги кунда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда гиёҳвандлик каби салбий иллатларнинг оқибати ҳақида фарзандларимизга тушунтирш ишларини олиб боришимиз керак бўлади.
Усмонали Оралов
ЎМИ Жиззах вилояти вакиллиги матбуот котиби