130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Холис тавба
Mimon.uz 2022-05-31 08:12:31 495«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари устидан анҳорлари оқиб турган жаннатларга киритса...» [Таҳрим сураси: 8].
Араб тилида «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Шариатда эса гуноҳдан Аллоҳга қайтишни билдиради.
«Насуҳан» эса холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маʼноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба, насиҳатли тавба маʼноларини англатади.
Бу маъно ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан «Тавбаи насуҳ» нима деб сўралганида, у киши: «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Зуннун Мисрий айтади: «Тавбаи насуҳ ўтган гуноҳларга тинмай йиғлаш, гуноҳга қайтишдан қўрқиш, ёмон дўстлардан ҳижронда бўлиш ва аҳли хайрни лозим тутиш».
Яна шу зот айтади: «Одам боласининг ҳар бир аъзоси учун тавба зарурдир. Қалбнинг тавбаси ман қилинган нарсаларни ният қилишни тарк қилишдир. Икки кўзнинг тавбаси Аллоҳ ҳаром қилган нарсадан кўзини тийишдир. Икки қўлнинг тавбаси ҳалол бўлмаган нарсани ушлашни тарк қилишдир. Икки оёқнинг тавбаси беҳуда нарсалар бор жойга боришни тарк қилишдир. Қулоқнинг тавбаси ботилни тинглашни тарк қилишдир. Фаржнинг тавбаси фоҳиш ишлардан қайтишдир».
Уламоларимиз таъкидлашларича насуҳ тавба бўлиши учун тўрт нарса: Қалб ила надомат қилиш, тил ила истиғфор айтиш, қайтмасликка азму қарор қилиш ва ёмон ҳамсуҳбатлардан узоқлашиш шартдир.
Шунингдек, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб юрса, кейин тушуниб етиб тавба қилса, яъни, чин кўнгилдан надомат қилса ва қайта ўша ишни қилмасликка аҳду паймон қилса, билмасдан қилган аввалги гуноҳлари ювилиб кетади.
Холис тавба эшигининг очиб қўйилиши сиз билан биз учун Аллоҳнинг катта неъматидир. Бошқа динларда тавба қилмоқ жуда ҳам қийин, баъзи умматларга тавба қилиш учун ўзлари бир-бирларини ўлдиришни буюрилган.
Исломда эса тавба аслида осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас...
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган.
Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ эътибор қилсак, унда:
«Тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда.
Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи етарли қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларини қилилиши ҳам зарур экан. Чунки ёмонликни қилмай, фақат уни тарк қилиб юраверса, яхшиликни ҳам қилмаса, орада бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлик уни яна ёмонликка қайтариши мумкин.
Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбани қабул қилиш шартларига қўшилмоқда.
Анас (р.а) дан ривоят қилинади. Набий (с.а.в) айтдилар: «Барча Одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси сертавбаларидир», дедилар. (Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган).
Уламолар айтдилар: Ҳар бир гуноҳга тавба қилиш вожибдир! Яъни, ҳар бир гуноҳ қилган инсон, тезда тавбага шошилиши лозим. Зеро, инсон сувга тушгани учун эмас, балки, ундан чиқмагани учун (чиқишга ҳаракат қилмагани учун, сузмагани учун) чўкади. Шунинг учун киши гуноҳ қилса, Аллоҳдан дарҳол авф қилишини сўраши, чин қалбдан тавбасини изҳор қилиши лозим. Ана шундагина мажозий маънода сувда чўкмайди. Ҳақиқий маънода эса Аллоҳнинг иқобига қолмайди.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в.) : «Кимки қуёш мағрибдан чиқишидан олдин тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобдан (р.а.) ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса Росулуллоҳ (с.а.в.) : «Аллоҳ таоло бандасининг тавбасини ғарғара келгунича қабул қилади», деганлар. Имом Термизий ривоятлари.
Жон халқумга келмасидан аввал, ўз вақтида тавба қилиб қолиши керак. Чунки, Аллоҳ таоло бандани жон халқумига келгунича қабул қилади, ўлим келганда тавбадан фойда бўлмайди, кейин кеч бўлади. Шунинг учун инсон тавбага шошмоғи лозим.
Тавбага шунчалар қаттиқ тарғиб бўлганидан уламоларимиз, ҳатто тавба қилиш ҳар бир банда учун фарз айндир, деб ҳам таъкидлаганлар. Агар гуноҳ бирор инсонга тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бор:
1) Гуноҳдан чекиниш. 2) Қилган ишига пушаймон бўлиш. 3) Унга асло қайтмайман, деб қасд қилиш.
Агар бу уч шартдан бири бўлмаса, тавбаси дуруст бўлмайди. Агар гуноҳ инсонга тааллуқли бўлса, тўртта шарт бордир: учтаси юқорида баён қилинган шартлардир. Тўртинчиси - у инсоннинг ҳаққидан қутилишдир. Агар мол ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, эгасига қайтариш билан, агар ғийбат қилган бўлса, у кишидан (узр сўраб) зиммасидаги ҳақни адо қилган бўлади. Бу (тавба) ҳақида Қуръони Карим, суннат ва ижмўда келган далиллар бир-бирини қувватлайди.
Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ таоло ҳар бир тангликдан чиқувчи йўл ва ҳар турли ғамдан енгиллик ҳамда уни ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди», дедилар.
(Абу Довуд ривояти).
Гоҳида истиғфор ҳам тавба каби маъно англатади. Аммо икки лафз бир жойда келиб қолса, ораларида нозик фарқ бўлади.
Истиғфор ўтган нарсанинг шарридан сақлашни сўрашдир.
Тавба эса ўз амалларининг шарридан келажакда сақлашни талаб қилишдир. Бошқача қилиб айтганда, тавба истиғфордан кўра шомилроқдир.
Шавкатжон Мусулмонов,
Зарбдор тумани «Эл-Омон» жоме масжиди имом-хатиби