130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Хушуънинг ҳақиқати
imon.uz 2025-01-24 01:53:19 7Хушуънинг ҳақиқати қалб сокинлигидир. Яъни, фикрий ҳаракатларнинг кесилиши хушуъдир. Бироқ уни ҳосил қилишнинг тариқаси турлича табиатларга кўра ҳар хил бўлади. Агар кимнингдир қалби Байтуллоҳ менинг қаршимда турибди деб тасаввур қилиш билан сокин бўлса, у учун шу яхшироқдир. Яна биров учун эса тили билан айтаётган ҳар бир калимага эътибор қаратиб туриш, уларни ўйлаб талаффуз қилиш хушуъни ҳосил қилишнинг энг осон йўли бўлади. Чунки, унга шу муносибдир. Агар кимгадир Ҳақ таолонинг Зотига (Ўзига) таважжуҳ қилиш муяссар бўлса, ҳаммасидан афзали ва яхшироғи шудир.
Тажриба билан собит бўлган зарур гап шуки, хушуъда ортиқча чуқур кетмаслик керак. Акс ҳолда бир-икки рукндан кейин кишининг табиати чарчаб, ҳаёллари баттарроқ сочила бошлайди.
Беихтиёр бошқа ҳаёлларнинг келавериши хушуъга путур етказмайди. Лекин, келаётган бу ҳаёлларга илтифот қилиб, қалб билан таважжуҳ қилинмаслиги лозим. Бунинг мисоли шуки, одам маълум бир нуқтага қарашни хоҳласа, табиийки, нуқтанинг атрофидаги бошқа нарсалар ҳам кўзига кўринади. Лекин қалби атрофдаги нарсаларга таважжуҳ қилмагани учун бу одам нуқтага қараяпти, дейилади. Худди шундай, қалб қасддан бир нарсага таважжуҳ қилса, юзланса, бошқа нарсалар ҳам унга эргашган ҳолда, иккинчи даражали нарса сифатида қаршисига келади. Лекин у нарсаларнинг қарши келиши таважжуҳ ҳамда эътиборга ҳеч кандай халал бермайди. Қасддан у нарсаларга машғул бўлмаслик керак.
"Мажолиси ҳакимул-умма" китобидан.
Миролим Мансур