130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

Ичкилик – иймон заволи!
Mimon.uz 2020-11-06 11:10:04 692Ичкилик – жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий хаётига зид, шахснинг маънавий ва моддий турмуш тарзига хилоф, диний эътиқодимизга тўғри келмайдиган жирканч ҳодисадир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қисқа вақт ичида жамиятни ичкиликбозликдек зарарли одатдан қандай қилиб поклагани, бунда фойдаланган ноёб услуби бугунги кунда шу ишни уддалай олмаётган олимлар эътиборини тортмоқда. У зоти шариф бунга қандай эришган эдилар? Халифа Умар розияллоҳу анҳу: “Қачонки мусулмонлар орасида жоҳилият даври анъаналарини қадрловчи авлод пайдо бўлса, Исломнинг барча арконлари бири иккинчисининг ортидан узилиб бошлайди”, деган эканлар. Бугун биз айнан шу ҳодисага шоҳид бўлмоқдамиз. Исломнинг қандай жорий бўлганини, дунёни қай тарзда ўзгартириб юборганини билмайдиган ёш авлод жоҳилларнинг қадимги одатини янги урф деб ҳисобламоқда. Аслида ачитилган узум, хурмо, асал, буғдой, арпадан тайёрланадиган маст қилувчи ичимликлар минг йиллар бурун маълум эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак чеҳралари билан дунё юзини ёритган кезларда маст қилувчи ичимликлар бутун дунё бўйлаб тарқалган замонлар эди. Қадимги тамаддунда узумни йиғиб олиш катта байрам сифатида нишонланар ва ўша куни одамлар жуда ҳам кўп вино, пиво ичиб хурсандчилик қилар эди. Исроил авлодларининг раввинлари бу одатнинг кўп тарқалиб кетгани натижасида ўзлари ҳам уни ичишга мажбур бўлди ва одамларга уни маст бўлиб қолмагунча ичиш мумкин деб фатво чиқариб берди. Исо алайҳиссалом олиб келган яккахудолик динининг тез тарқалиши қошида Рим империяси ожиз қолди, бу динни йўқота олмаслигини тушунди. Вақт ўтиши билан империя қадимий мушриклар дини билан янги дин ўртасида келишув шартномаси тузишга ҳаракат қилди. Шунинг учун уларга олиб келинган динга эски, бутпарастлик урф-одатлари кириб қолди. Масалан, ҳосилни йиғиб олиш ва Дионис байрамида вино ичиш анъанаси мавжуд. Евхаристия (насронийлик черковидаги биродарлик риштаси) янги эътиқодида ҳам унинг ўрни бор – маросим нон ва шаробга бағишланган.
Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бир марта ҳам шароб ичмаганлар. У зот Исломнинг Маккада ёйилиши даврида спиртли ичимликларга қарши курашмаганлар. Чунки у вақтда мусулмонларнинг сони унчалик кўп эмас эди. Боз устига Пайғамбар алайҳиссалом, Абу Бакр Сиддиқ, Усмон, Али розияллоҳу анҳулар спиртли ичимликлар ичиладиган давраларга сира ҳам яқинлашмаганлар. У зотларнинг бундай гўзал фазилатга эга бўлишларининг сабаби қуйидагича бўлса керак: арабларда илоҳий ваҳийлар келгунига қадар тўғри дин (Динун Ҳаниф) ҳақидаги хотиралар сақланиб қолган эди, хусусан, жаранглаб турган бир қоида бор эди: “Маст қилувчи ичимликлар ичиладиган байрамларда қатнашадиган кишилар яхши одамлар эмас”. Шароб тақиқланишидан олдин ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уни мутлақо ёқтирмаганига ёрқин бир мисол шуки, меърожга чиққанларида У зотга иккита пиёлада ичимлик тутганлар – бирида сут, иккинчисида шароб, У зот сутни олиб ичганлар. Жаброил алайҳиссалом ушбу танловни мақтаб: “Сиз табиийликни танладингиз, агар шаробни танлаганингизда умматингиз йўлдан адашиб кетар эди, сутни олиб табиийликни ихтиёр қилдингиз, энди умматингиз табиийликка йўналтирилди” (Имом Бухорий ривояти), деганлар.
Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом умматларини майхўрликдан аста-секинлик билан узоқлаштирдилар. Негаки, одамларнинг кўп йиллик одатига айланиб қон-қонига сингиб кетган нарсадан бирданига воз кечиши осон эмасди. Шу боисдан Аллоҳ таоло инсоннинг феълини ҳисобга олиб, уни тақиқлайдиган оятни бирданига нозил этмади. Қуръони каримда спиртли ичимликлар ҳақида тўртта оят бор. Маккада нозил бўлган биринчи оятда:
وَمِن ثَمَرَاتِ النَّخِيلِ وَالأَعْنَابِ تَتَّخِذُونَ مِنْهُ سَكَراً وَرِزْقاً حَسَناً إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّقَوْمٍ يَعْقِلُونَ
“Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир” (“Наҳл” сураси, 67-оят), дейилган. Ушбу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида ҳукм айтилмаган. Аммо уни гўзал ризққа қиёсан хунук нарса экани ишора билан билдирилган.
Бундан майпарастлик Аллоҳга хуш келмайдиган амал экани аён бўлади. Бу ифода ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаробни ёқтирмагани ичкиликбозлик яхши одат эмаслигини кўрсатади. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келиб яшай бошлаган чоғларда ансорлар хурмодон тайёрланган шароб ичар ва меҳмонларга ҳам узатар эдилар. Баъзида маст бўлиб олган майхўрлар давраси бемаъни баҳслар ва муштлашувлар билан ниҳоясига етарди. Шундай ҳодисаларга бир неча бор гувоҳ бўлган Умар ва Муоз розияллоҳу анҳулар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига келиб вазитни тушунтирар экан “Шароб одамни буткул ақлидан жудо қилмоқда”, дедилар. Шунга қарамасдан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оят нозил бўлгунига қадар бир қарорга келмадилар. Шундан сўнг қуйидаги ояти карима нозил бўлди:
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ
قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ
“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир”, деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен:“Ортиқчасини”, деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз” (“Бақара” сураси, 219-оят).
Ояти каримада спиртли ичимликлар сабабли содир бўладиган гуноҳ унинг яхши жиҳатидан кўплиги айтилмоқда. Унинг фойдаси нима ўзи? Ичганда бир оз бош айланиши, олди-сотдидан олинадиган даромади бўлса керак-да. Аммо зарари ҳақида жилд-жилд китоблар ёзиш мумкин, анчаси ёзилган ҳам. Ана шу огоҳлантиришдан сўнг кўпчилик мусулмонлар шароб ичмай қўйдилар. Кейин эса мана бу оят нозил бўлди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَقْرَبُواْ الصَّلاَةَ وَأَنتُمْ سُكَارَى حَتَّىَ تَعْلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلاَ جُنُباً إِلاَّ عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىَ تَغْتَسِلُواْ وَإِن كُنتُم مَّرْضَى أَوْ عَلَى سَفَرٍ أَوْ جَاء أَحَدٌ مِّنكُم مِّن الْغَآئِطِ أَوْ لاَمَسْتُمُ النِّسَاء فَلَمْ تَجِدُواْ مَاء فَتَيَمَّمُواْ صَعِيداً طَيِّباً فَامْسَحُواْ بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَفُوّاً غَفُوراً
“Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз). Магар сафарда бўлсангиз (бу мустаснодир). Борди-ю, бетоб ё сафарда бўлсангиз ёки сизлардан бирортангиз ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлик қилган бўлсангиз-у, (ғусл қилишга) сув топа олмасангиз, покиза ер (тупроқ, тош, қум, чанг кабилар) билан таяммум қилиб, юзларингиз ва қўлларингизга суртинг. Албатта, Аллоҳ афв этувчи ва кечирувчидир” (“Нисо” сураси, 43-оят).
Ояти каримада мусулмонларга маст ҳолида намоз ўқиш тақиқланди. Мусулмонларга эса беш вақт намоз фарз қилинган. Демак, тонгдан тунга қадар асло ароқ ичиб бўлмайди. Ниҳоят шаробни мутлақо тақиқлаган оят нозил бўлди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (“Моида” сураси 90-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтган эканлар: “Биз зиёфатда эдик. Мен соқийлик қилаётгандим. Бир киши келиб шароб тақиқланганини хабар қилди. Даврада ўтирган биродарларим бу хабарни эшитиб, “Шароб солинган ҳамма идишни тўнкаринглар”, дейишди. Шундан сўнг бирор киши маст қилувчи ичимликни оғзига олмади” (Имом Насаий ривояти).
Ўша тунда шаҳардаги шароб солинган барча идишлар тўнкарилди ва Мадина кўчаларидан шароб дарё бўлиб оқди. Шу воқеада саҳобаларнинг Аллоҳнинг амрига қанчалик сидқидилдан итоат этиши, Пайғамбар алайҳиссаломга қалбан боғлангани яққол намоён бўлган. Чунки улар Пайғамбар алайҳиссалом айтган ҳар бир сўзга итоат қилар экан, У зот буюрган амаллар Аллоҳ ваҳий орқали юборган амрлар эканига қатъиян ишонар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг америкаликлар етиша олмаётган ютуқлари ана шу эди. Саҳобалар ичкиликни соғлиғига зарар бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло тақиқлагани учун ташлаган эдилар. Шунинг учун ошкора ҳам, яширинча ҳам ичмай қўйгандилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ютуғини таъминлаган яна бир ҳодиса – У зот шаробнинг ўзини ҳаром дейиш билан чекланмасдан, уни тайёрловчи, сотувчи, олиб келувчи, қуйиб берувчи, ичувчилар даврасида ўтиришни ҳам ҳаром деб эълон қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ичган одамни ёмон кўрганидан бу жазони тайинламаган, балки уни майхўрликдан халос бўлиб, ўзини шаробга қарамликдан қутқарсин ва яна ичувчиларнинг бу қилиғи бошқаларни ҳам ўзига жалб қилмасин деган мақсадда бўлганлар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик қилган даврда мусулмонлар кўп юртларни ишғол қилди ва динни ёйиш учун ҳар тарафга тарқалиб кетди. Улар моддий жиҳатдан ҳам бойидилар. Ўшанда ичкиликбозлик кўпайиб кетмасин деган мақсадда ҳазрати Умар ароқ ичган кишига 80 дарра жазо тайин қилдилар.
Спиртли ичимлик ва гиёҳвандликка қарши кураш Исломнинг асосий тамойилларидан бири саналади: ҳаётни, мулкни, наслни ва динни сақлаш – мусулмоннинг бурчи. Соғлиққа зарар етказадиган, чўнтакни қуритадиган, ақлни заифлаштирадиган, инсонни диндан узоқлаштирадиган ва келажак авлодни нобуд қиладиган нарсалар билан ҳар тарафлама курашиш соғлом ақлли кишиларнинг муқаддас вазифасидир.
Янгийўл шаҳар “Олтин обод” жоме масжиди
имом-хатиби Исломжон Озотов