130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Илмни кимдан ўрганиш керак?
imon.uz 14-04-2020 1077Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ.
Аллоҳ таоло бандаларига бир синов ёки машаққат ёки мусибат берса албатта орқасидан кўпдпн кўп яхшиликларни ато қилиши ҳақида “Шарҳ” сурасида: “Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир”, деб марҳамат қилган.
Бутун оламни ташвишга қўйган коронавирус касаллиги, афсуслар бўлсинки бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Шу сабабли айни кунларда юртимизда карантин жорий қилинганлиги ҳаммамизга малум.
Муҳтарам азизлар карантин вақтида уйимизда беҳуда ишларга вақтимизни сарфлаш ўрнига манфаатли амаллар, илм ўрганиш, фарзандларимизга фойдали кўрсатмалар бериш билан машғул бўлсак мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло Ўз китоби Қуръони Каримни Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилишда энг аввал «Ўқи» калимаси билан бошлашлиги, илм ўрганиш, ўқиш, уқиш ислом динида энг муҳим амаллардан эканлигига далолат қилади. Зеро илм инсониятни дунё ва охиратда азизу мукаррам, даражасини баланд, обрў – эътиборли бўлишига сабаб бўлгувчи воситадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтади”, – деганлар. Бошқа ривоятда эса: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр”, деганлар. Термизий ривоят қилган.
Ибн Аббос розиёллоҳу анҳу: “Кечаси бир соат илм билан шуғулланиш кечани ибодат билан ўтказишдан яхшироқдир”, деганлар.
Хозир илм олиш учун бир шаҳарга ёки бир ўқиш масканига боришга ҳожат йўқ. Ижтимой тармоқлар ривожланган. Ўтирган ўрнимизда қўлларимиздаги телефонларимиз орқали илм ўрганишимиз мумкин.
Лекин Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Шамоили набавия» асарида тобеъинларнинг улуғларидан бўлган Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг: “Бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар!” деган гапларини келтирганлар.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: “Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар” деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!”, деганлар. Яъни, ҳадис айтгани билан, оятни тафсир қилгани билан унга эргашиб кетилавермайди.
Диний илмни олишда кимдан олаётганлиги муҳимдир. Ижтимоий тармоқларда диндан гапираётган, ҳаққа бошламоқчи бўлган, лекин кимлиги номаълум, оқибати ҳам номаълум кимсалардан илм олинмайди. Чунки, ҳар бир ўрганаётган илмимиз динимиздир. Уни ким орқали ҳосил қилаётганимизни билишимиз лозим ва лобуддир. Бир киши ҳадис, оят келтирса унга эргашиш вожиб бўлиб қолмайди. Аввало уни ким айтгани, нимага айтгани, қанақа мақсадда айтганини билиш, агар ҳақиқатда илм ўрганган, устоз кўрган, мазҳабга эргашганлиги малум бўлса, сўнгра у каби уламоларнинг илмларидан баҳра олиш керак.
Шунинг учун муҳтарам азизлар айни вақтларда уйларимиздан чиқмаган ҳолда фойдали илмларни олишимиз, уларни ўрганишда эса кимдан, қанақа инсондан ўрганаётганимизни албатта билишимиз лозимдир.
Жиззах вилояти бош имом-хатиби
Меҳмонали домла Жаббаров