Имом Аъзамнинг “Муснади”

Имом Аъзамнинг “Муснади”

imon.uz 13-06-2022 297

Фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) исломий диний илмлар орасида алоҳида аҳамиятга эга илм ҳисобланади. Фиқҳ илми  шариатнинг муҳим жиҳатлари: имон, ибодат масалалари, ақида ва унинг тармоқлари, муомалат ва унга боғлиқ  турли масалаларни жуда нозик равишда ўрганади.  Куфалик ( Ироқ ) беназир имом Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (699 - 767) Ислом динида ўз фиқҳий ( ҳуқуқий ) мазҳаби - ҳанафия мазҳабини яратган буюк фақиҳдир. Маълумки, Ислом динида фиқҳ илмининг асосларини Қуръони карим, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг  суннатлари, шунингдек ижмо (бир даврда яшаб мужтаҳид мақомига эришган уламоларнинг якдиллик билан бирор масалани қабул килишлари) ва қиёс (ҳукми келмаган бирор масалани Куръон ва хадисда шу масалага ўхшаш бўлган ва ҳукми келган нарсага қиёслаб, солиштириб ҳукм чиқариш) ташкил этади. Демак фақиҳлар таянадиган асосий манбалар ушбулардан иборат.   

Ҳақиқатдан ҳам Аҳли Сунна  вал жамоадаги тўрт мазҳабнинг энг эътиборлиси ва улуғи бўлган Ҳанафия мазҳабининг соҳиби  Имоми Аьзам Абу Xанифа раxматуллоҳи алайҳ – юксак камолот ва илм эгаси эдилар.

Муҳаммад Абy Заҳв: “Афсуски, баьзилар Имом Абy Xaнифани “оз xадис билган " деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, бутун мусулмонлар Имом Абу Ҳанифанинг мужтаҳидлигини эътироф этган – деб ёзган. Mужтаҳидликнинг шартларидан бири эса, Қуръони каримни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳy алайҳи ва саллам ҳадисларини, уларнинг маъноларини тўла вa чуқур билишдир".

“Ал - ҳадис вал - муҳаддисун” деган китобда Mуҳаммад Mаҳмуд Xоразмийнинг сўзи бор: "Шомда Имоми Аъзамнинг мақомларини билмаган жоҳилларнинг у зотга нисбатан “оз xадис билади” деган сўзларини эшитдим. Бу гап менинг диний ҳамиятимни қўзғади. Имоми Аъзам ривоят қилган xадисларни уламолар ўн беш муснадга жамлашган. Mен улардан исноди такрорланмаган ҳадисларни териб, фиқҳ бобларига ажратиб, бир муснад қилдим". 

Имоми Аъзамнинг ўзи: «Улар ҳам, биз ҳам одам», деган сўзларининг моҳиятини англамай мужтаҳидликни даъво қилувчи нодонлар учун барча уламолар бир овоз билан эътироф этган “Мужтаҳид олим даражасининг шартлари”ни айтиб ўтганлар. Жумладан:

1. Мужтаҳид араб тилини барча лаҳжалари билан мукаммал билиши зарур.

2. Ўзидан олдин ўтган уламо ва фуқаҳолар ихтилоф қилган масалаларни жуда яхши билиши керак.

3. Қуръони каримни тўла ёд олиб, уни яхши тушуниши, унинг турли хил қироатларини билиши, тафсир илмини ўрганиб, муҳкам, муташобиҳ, носих ва мансух оятларни ажрата олиши, Қуръон қиссаларини батафсил билиши лозим .

4. Ҳадис илмини эгаллаб: саҳиҳ, саҳиҳ бўлмаган, муттасил, мунқотеъ, мурсал, муснад, машҳур ва мутавотир ҳадисларни ажрата билиши шарт .

5. Тақводор бўлиб, ҳаёт тарзини Қуръони карим ва Суннати набавияга асослаган бўлиши лозим.

Имом Аъзамдан «Китобус солат» (Намоз ҳақида китоб), «Китобул маносик» (Ҳаж тартиблари ҳақида китоб), «Китобуш шурут» (Шартномалар китоби), «Китобул фароиз» (Мерос илми ҳақида китоб), «Китобул олим вал мутааллим» (Устоз ва шогирд ҳақида китоб) «Китобул фиқҳил акбар» (Улуғ фиқҳ китоби), «Китобул васия» (Васиятнома китоби), «Китобул муснад» (Ҳадисга оид китоб) каби ўнлаб асарлари қолган бўлиб баъзиларини ўзлари таълиф этсалар баъзилари шогирдлари томонидан ул зотнинг тавсия ва фатволари асосида тасниф этилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўп ҳадисларини ёд билган бўлса-да, Ҳасан ибн Зиёд Имоми Аъзам шахсан тўрт минг ҳадис ривоят қилганлар деб ёзган. Бу хусусда Абу Ҳанифанинг раҳматуллоҳи алайҳ ўзи ҳам «Менда ҳадис тўла сандиқлар бўлса-да, мен улардан оз қисмини фақат керакларини чиқардим», деб эътироф этган.

Ушбу Муснад аҳамиятини айтиб адо қилиб бўлмайди. Қуйида китобнинг бир неча фазилатларини айтиб ўтамиз:

Аввало бу китоб  Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳакида “оз ҳадис билади”, “раъйни ҳадисдан устун қуяди” каби асоссиз фикрлар ва бу гапларни ташиб юрувчилар учун раддиядир.

Иккинчидан, “Муснад”ни диққат билан ўқиган киши Имоми Аъзамнинг нақадар  бағрикенг, айни чоғда динимиз равнақи учун ўта ҳарис олим бўлганини билади. Айниқса, Имоми Аъзам Абдуллоҳ ибн Масъуд каби улуғ саҳобалардан илм ўргангани боис Қуръони карим оятларининг нозил бўлиш сабабларини жуда яхши билган.

Учинчидан, бу китобда намозга оид бир неча баҳсли масалалар ҳақида  асосли жавоблар ёзилган. Масалан, ифтитоҳ такбирида қўлларнинг қулоқлар юмшоғигача кўтарилиши, намозда имомнинг қироати  жамоат учун кифоя қилиши, “Омин”нинг махфий айтилиши каби масалаларни Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳар томонлама асослаб берган. Бу китобдан олинган фойда бошқа хато фикрларни сувда эриган туздек йўққа чиқаради.

Ушбу Муснад 1985 милодий, 1405 ҳижрий йилда Ливиянинг Бейрут шаҳрида Мулла Алий қори Ҳанафий ёзган шарҳи билан бирга босилган. Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоси Мулла Али Қори “Муснад”га алоҳида меҳр билан ёндашиб жумлалардаги сўзларни луғат ва наҳв қоидалари билан шарҳлаш билан бирга 53 бобдан иборат алоҳида алоҳида шарҳ битганлар. Аввало Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим Ал Ашъарий ҳақида муҳим маълумотлар бериб          “Муснад”нинг мақомини ишончли даражага кўтарганлар. Жами 665 та ҳадис муснадда келган.

Биринчи ҳадис:

Абу Ҳанифа Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим ал Ашъарийдан иснодини зикр қилди у Иброҳимдан, у  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам касал бўлган вақтларида олдиларига кирдилар. У соллаллоҳу алайҳи васаллам сал кўтарилган сўрини устида изхир билан қопланган бўйрада ёнбошлаб ётар эдилар.  “Отам, онам сизга фидо бўлсин! Эй,  Расулуллоҳ! Исро билан Қайсарлар ипакларга ўралиб ётибди, сиз эса шу ҳолда ётибсиз”, дедилар Умар розияллоҳу анҳу. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Умар уларга дунё бўлишини, бизга охират бўлишига рози бўлмайсанми?”, дедилар. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушладилар қарасаларки иссиқлик жуда кучли эди.  Умар розияллоҳу анҳу: “Шундай иссиқлик билан қийналасизми? Ҳолбуки Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисизку?!”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бу умматнинг ичида балога йўлиқишда оғирроғи  уларнинг пайғамбари бўлади. Ундан сўнг уларнинг яхшироқларига, сўнгра уларни яхшироқларига бўлади. Сизлардан олдинги пайғамбарлар ва умматлари ҳам худди шундай бўлган деб айтдилар.

Ҳадисдан хулосалар:

1) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий пайғамбар эканлиги.

 2) У зот Аллоҳнинг бандалари каби касал бўлиши ва энг оғирроқ балолар билан синалиши.

3) Барча пайғамбарлар ва солиҳ бандалар ҳам умматларига ибрат ва тасалли бўлиши учун кучлироқ синовларга бардош беришлари.

4) Бу синовларни ўзларига Аллоҳнинг раҳмати ва ҳикмати деб қабул қилишлари.

5) Охиратнинг  боқий неъматлари вақтинча дунё неъматларидан афзал эканлиги.

Иккинчи ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз билан жаннатда бирга бўлганликлари айтилади.

Учинчи ҳадисда: Банда жаннатда олий даражаларга етишиб “Эй Роббим, мен бунга яраша амалларим йўқ эдику”, - деб ҳайрон бўлганида унга бу даражалари балолар ва синовларга сабр қилгани сабаб бу мақомлар берилгани айтилади.

Тўртинчи ҳадисда: Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яшаганларида уч кун қаторасига қорин тўйиб нон емаганлари, машаққатда яшаганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг неъматлар кўпайиб фаровонлик келгани айтилади.

Хуллас, ҳадис илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган имон ва муҳаббат асосида ҳикмат ва илмга эга бўлиш мақомидир. Бу борада Имом Аъзамнинг “Муснади” мукаммал қўйилган қадамдир.


Атабаева Насиба, Ўзбекистон халқаро ислом 

академияси исломшунослик  1- курс магистранти

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид