ИМОМ  МОТУРИДИЙ

ИМОМ МОТУРИДИЙ

imon.uz 01-03-2020 1561

(870-944)

Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий Мотуридий ас-Самарқандий. Имом Абу Мансур Мотуридий ҳақида ёзган тарихчилар унинг табаррук номини хилма-хил юксак ва шарафли лақаблар билан безаб зикр қилганлар. Таниқли муаррих ал-Кафавий ва бошқа қатор муаллифлар ёзишларича, имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Имом ал-ҳудо” (“Рушди ҳидоятга бошловчи имом”), “Қудват аҳл ас-сунна ва-л иҳтидо” (“Суннат ва ҳидоят аҳлига ибрат зот”), “Рофиъ аълом ал ас-сунна ва-л-жамоа" (“Ахли сунна ва жамоанинг байроғини баланд кўтарувчи”), “Қолиъ азолийўл ал-фитна ва-лбидъат” (“Хурофот ва бидъатга ботган уйдирмаларни илдизи билан қўпорувчи”) ,  “Имом ал-мутакаллимийн” (“Барча мутакаллимларнинг имоми"), "Мусаҳҳиҳ ақоид ал-муслимийн” (“Барча мусулмонлар ақидаларининг тузатгувчиси"), аш-Шайх ал-Имом каби юксак лақабларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган.У зот  Имом, фиқҳ олими, калом илмининг Мотуридийлик оқими асосчиси. 

Мелодий 870 (ҳижрий 256) йилда буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони имом ал-Бухорий ҳазратлари вафот топган йили азим Самарқанднинг Мотурид  деган маҳалласида илоҳиёт илмининг ёрқин юлдузларидан бири имом Абу Мансур Мотуридий дунёга келади. Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, айниқса ёшлик йиллари ҳақидаги муфассал бўлмаган мухтасар маълумотлар, асосан, Ўрта аср муаллифлари алХатиб ал-Бағдодий, Абдукарим Сааъд ас-Самъоний, Абу-л-Фидо Зайниддин Қосим ибн Кутлубуға, Муҳитдин ал-Қураший, ал-Каравий, Абу-л-Муъин ан-Насафий, Тошкўпризода (Ҳожи Халифа) нинг асарларида келтирилган.

У дастлабки маълумотни ўз отаси Муҳаммад ибн Маҳмуддан, сўнгра ўша даврда бошланғич мактаб ҳажмида билим берувчи Куттобда олади. Ундан кейин Самарқанддаги Работи ғозиён масжиди қошидаги мадрасада таълим олганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Алломанинг беназир салоҳиятини эътироф этган буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўзининг “Насойиму-л-муҳаббат" номли машҳур асарида: “Шайх Абу Мансур Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султону-л-муиззин" дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ораста эрмишлар”, - деб лутф қилган эканлар.

Бу ўринда таниқли тарихчи ат-Тамимийнинг ул зоти шариф ҳақида ёзганларига ҳам эътибор қилинг: “Имом Мотуридий ўз замонасининг энг буюк алломаларидан бири сифатида тан олиниб, барча унинг илми ва маърифатига таҳсин айтиб, унинг таълимоти зиёсини кўзларига тўтиё сифатида суртганлар. Шу боис Имом Мотуридий нафақат унга хайрихоҳ кишилар, балки рақиблари наздида ҳам “Имом аҳл ас-сунна ва-л жамоа”, “Имом ал-ҳудо” (“Рушди ҳидоятга бошловчи имом”) деган энг олий унвонга сазовор бўлиб, калом илмида ўзига хос бир мўъжиза сифатида довруғи тилларда достон бўлган”. Имом Мотуридий 944 (ҳижрий 333) йилда вафот этиб, Самарқанднинг машҳур Чокардиза қабристонида дафн этилгани аниқ кўрсатилган.

Имом Мотуридийнинг илоҳиёт илмларида ўз даврининг етук алломаси бўлиб етишишида устозларининг ҳиссалари катта бўлган. Унинг устозлари жумласидан ўз даврининг таниқли олимларидан Абу Наср Аҳмад ибн ал-Аббос ибн ал Ҳусайн ал-Иёдий, Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Нусайр ибн Яҳё ал-Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий  (у Рай шаҳрининг қозиси бўлган).

Абу Бақо ал-Жузжоний Самарқанддаги  ҳанафия мактабининг ривожига катта ҳисса қўшган олим бўлган. Агар Насафийга ишонсак, у бу мактабга асос ҳам солган. Унинг маълумотларига кўра, Абу Бақо аввал Самарқанддан анча узоқда, Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан таҳсил олган, сўнг олган  билимларини ёйиш мақсадида Мовароуннаҳр марказига келган. Бошқа томондан масалага бундай қараш, яъни Самарқанд илоҳиёт мактаби Абу Бақонинг бу ерга келиши билан боғлиқ ҳолда IX- асрнинг ўрталарида вужудга келган, деб тахмин қилиш Жузжоний обрўсини ўта ошириб юбориш демакдир. Ахир ҳанафийларнинг шаҳарда бундан анча аввал пайдо бўлгани бизга маълумку. Абу Муқотил ас-Самарқандий ўзининг «Китоб ал-олим» ини, тахмин қилинишича, шу шаҳарда яратган, карромийларнинг мухолифи бўлган Абу Бақо ас-Самарқандий эса айнан шу ерда ҳуқуқшунос ва ҳақиқий дин ҳимоячиси бўлиб етишган эди. Шунинг учун таълимотнинг энг бошида Жузжоний турган деб бўлмайди. Бироқ, эҳтимол, унинг даврида овозаларнинг тарқоқ иплари бир-бири билан чирмашиб кетиб, мустақил анъана юзага келдики, у кейинчалик қўллаб қувватланди ва ривожлантирилди, деган фикрдан келиб чиқиш мумкин бўлар.

Абу Бақо ҳаётининг аниқ саналарини юқорида айтиб ўтганимиздек, қўлимизда мавжуд маълумотлар асосида аниқлай олмаймиз. Эҳтимол, унинг ҳаёти тўлиқ IX- асрга тўғри келгандир, аммо манбаларда бунга аниқ далил йўқ. Лекин уларнинг ҳаммаси Абу Бақонинг қомусий олим бўлганини таъкидлайди. У фаннинг турли соҳаларини билган, фиқҳ усулларида ҳам, унинг тармоқларида ҳам бирдек чуқур билимга эга бўлган. Бу эса унинг

ҳуқуқшунос сифатидаги нуфузини белгилаган ва таассуфки, бизгача етиб келмаган кўп  сонли  асарларида ўз аксини топган. Бизга  уларнинг иккитасининг номи маълум. Биринчиси, «Kитаб ал-фарқ ва-т-тамйиз» (“Фарқ ва ўлчов китоби”) , бирон-бир аниқ  фан соҳасига тааллуқли эмас. Бу  ном остида, эхтимол, ҳуқуқшуносликка оид рисола Яширингандир.

Жузжонийнинг иккинчи рисоласи «Китоб ат-тавба кўпроқ шухрат қозонган. У ҳақда бизга Ҳожи Халифа маълумот  беради, бироқ, унинг мазмунига тавсиф бермайди. Номидан қиёс қилсак, бу панд-насиҳат мазмунидаги  рисола бўлган. У, шунингдек, бир асрдан сўнг Абу Лайс  ас-Самарқандий тақдим этган  машҳур “Китоб танбиҳу-л-ғофилийн” ни эслатади. Бундай қиёслар кўпроқ мавҳум мушоҳадалар меваси, холос. Биз фақат шуни таъкидлашимиз мумкинки, асарда гап калом ҳақида бормайди.Демак, Абу Бакр ас-Самарқандийни,  мутакаллим деб аташ мумкин бўлмас. Ундан Мотуридий назарий илоҳиётдан кўра кўпроқ ҳанафия  ҳуқуқшунослигини ҳамда ҳанафия тақвоси  ва эътиқоди деб аталувчи таълимотни ўрганиши мумкин эди.

Мотуридийнинг иккинчи устози Абу Наср ал-Иёдийга келсак, у бизни каломга анча яқинлаштиради. Гарчи у ҳам Абу Бақо ал-Жузжонийнинг шогирди бўлса-да, лекин илоҳиётчи олим сифатида ўз мустақил йўналишига эга бўлган кўринади. Бироқ унинг мутакаллим сифатидаги ютуқлари ислом анъанасини унча қизиқтирмаган. Унинг шаҳид бўлиш тафсилоти шарофат топишига кўпроқ сабаб бўлган. Айтиб ўтганимиздек, у, Наср ибн Аҳмад Сомоний қўшини билан туркларга қарши урушга кетган. У ерда Иёдий асир тушган ва шаҳид бўлган. Бу уни дин йўлидаги абадий қаҳрамонга айлантирган. Шу боис олимнинг хотираси ҳамиша эъзозланган. Унга ниҳоятда жасур ва иродаси букилмас шахс сифатида таъриф берганлар, уни нафақат жангчи, балки олим сифатида мадҳ этганлар. Биографлар Иёдийдан қанча узоқроқ вақт ажратса, олимнинг намунавий шаҳидлигининг тафсилотлари уларга шунча аниқроқ маълум бўлиб борган. Ниҳоят, улардан бирининг хабар беришича, олимнинг ўлими Исфижоб шаҳри яқинида содир бўлган. Навбатдаги биограф ҳатто олим умрининг сўнгги соатларида нималар содир бўлганигача билган ва бизга Иёдийнинг ўлими олдидан айтган васиятларини ҳам маълум қилган.

Иёдийнинг олимлигини мадҳ этувчи гаплар ҳам худди шундай кўтаринки руҳ касб этган. Бу тўғрида биз асрдан-асрга ўтиб юрган кўплаб андозаларга дуч келишимиз мумкин. Масалан, олимнинг илмига келсак, бу соҳада у тубсиз денгиз мисол бўлган ва йигирма ёшлигидаёқ ўзининг барча тенгдошларидан ўзиб кетган. Бундан ташқари, у нафақат ақлу заковати, балки диний мажбуриятларга нисбатан қатъий сабр тоқати ва диққат-эътибори билан ҳам ажралиб турган. Ҳаким ас-Самарқандий маълумотига кўра, Иёдий Қуръон оятларини онгли равишда сохталаштириб, халқни йўлдан оздирмоқчи бўлган ҳар қандай ашаддий бидъатчи ва қизиққон баҳслашувчини бир неча сўз билан жим бўлишга мажбур эта олган.

Дарҳақиқат, Иёдий ўз муҳитига катта таъсир ўтказган нуфузли олим бўлган кўринади. Манбаларда айтилишича, у ўзидан сўнг 40 шогирд қолдирган экан. Бу сон, адолат юзасидан айтадиган бўлсак, ўта аниқ ва тўлиқ. Бирок шуниси ҳам аниқки, уларнинг сони хақиқатда ҳам кўп бўлган, биз шулардан камида тўрттасининг исмларини аниқ айтишимиз мумкин:  Мотуридий билан бир қаторда, бу аввало, Ҳаким ас-Самарқандий ва шунингдек, устознинг икки ўғли Абу Аҳмад Наср ал-Иёдий ва Абу Бақо Мухаммад ал-Иёдийлар бўлиб, кейинчалик, улар ҳам таниқли олим бўлиб етишганлар.

Абу Наср ал-иёдийнинг илоҳиётдаги йўналишига келсак, бу ерда учта муҳим нуқтани батафсилроқ кўриб чиқишга тўғри келади. Биринчидан, у анъанавийчилар доирасига ва динни анъанавийчиларча тушуниш борасида ўзини анча сипо тутар эди, деб тахмин қилиш мумкин. Хабарларга кўра, у ўзидан биронта нақл  ёки биронта ҳадис қолдирмаган. Бироқ шарқий Эрондаги анъанавийчилар фиқҳ усулларининг олим томонидан берилган талқинини илғор  ғоя сифатида қабул қилганлар ва ёқлаганларки, бундан Иёдий ҳақиқатни фақат парҳезкор ҳикматлардан излаган олимлар ҳақида унча яхши фикрда бўлмаган, деган хулоса чиқариш мумкин.

Шунга қарамай, у илк жамоага муносиб ҳурмат изҳор этмаган, деб бўлмайди, албатта.Аксинча, иккинчи муҳим нуқта сифатида шуни таъкидлаймизки, Иёдий пайғамбар саҳобаларини ғоят қадрлаган ва турли туҳматлардан ҳимоя қилган. Авлодлари ундан «Ас-Сайф ал-маслул ала ман сабба асҳоб ар-Расул» номли китоб учун миннатдор бўлмоқлари лозим. Зеро, бу рисола Ҳожи Халифага ҳам маълум эди. Уни бундай асар яратишга даъват этган сабаб, эҳтимол, у ўзини Мадинадан чиққан пайғамбарнинг  авлоди деб ҳисоблаганидадир. Умуман, бунинг учун алоҳида сабабнинг ўзи ҳам шарт эмас. Ҳанафийлар Муҳаммаднинг илк жамоаси аъзоларининг беистисно ҳаммаларига ҳурмат бажо келтиришга катта аҳамият берганлар.Демак,Усмон ва Алига ҳам чексиз ҳурмат кўрсатиш лозим бўлган. Шундай қилиб, Иёдий ушбу мавзуда асар яратган дастлабки муаллиф бўлган тақдирда ҳам, у фақат бу анъанавий мавзуни давом эттирувчилардан бўлиб қолади.

Учинчи нуқта эса шимоли-шарқий Эрондаги биз билган ҳанафия амалиётидан фарқ қиладики, бу ўринда уни четлаб ўтиш мумкин эмас. Бир пайтнинг ўзида, у бизга Иёдийнинг диний йўналишини баҳолашда энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади, Абу Наср яна бир рисола муаллифидирки, биз унинг мазмуни ҳақида муайян фикрга келишимиз мумкин. У Аллох сифатларига бағишланган ҳамда муаллиф аниқ таъриф берганидек, унда мўътазилийларнинг диний қарашлари талқин этилган. Демак, олимнинг калом билан ҳам шуғуллангани аник бўлиб чиқадики, бу, ўз навбатида, Мовароуннаҳр ҳанафийлиги учун катта эътиборга лойиқ далилдир. VIII ва IX - асрларга оид барча матнлар, ислом таълимоти масалаларини баён этган. Бироқ, улар ҳеч қачон илоҳиётга оид яхлит тадқиқот шаклига эга бўлмаган, балки ҳамиша устоз ва шогирд ўртасидаги таълимий суҳбат ёки раддия ва иқрорнома шаклларида яратилган, яъни муаллифлар мутахассисларга эмас, балки кенг омма учун мўлжалланган адабий шаклларни танлаган.

Шундай экан, Иёдийнинг Аллоҳ сифатлари ҳақидаги асари Шарқ ҳанафия каломининг, энг биринчи бўлмаса-да, ҳар ҳолда, илк намуналаридандир. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, у Мотуридий учун нафақат намуна вазифасини ўтаган, балки, эҳтимол, унга катта таъсир ҳам кўрсатган. У ўз диний ақидаларини фақат анъана асосига қуриш етарли эмаслигини айнан Иёдийдан ўрганган.Ундан илоҳий мунозаралар ва баҳсларда ақл билан мулоҳаза юритиш лозимлигини ўрганиши мумкин эди.Шу сабабли Мотуридий асарида услуб жиҳатидан ўта такомиллаштирилиб мукаммал шаклланган каломни учратиш мумкин.

Имом Мотуридий шогирдлари Абу Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил, Абулҳасан Али ибн Саййид ар-Рустуғфаний, Абу Муҳаммад Абу-л-Карим ибн Мусо алПаздавий, Абу Лайс ас-Самарқандий, АбулҲасан ал-Паздавий, Абу-л-Йиср ал-Паздавий, Абу-л-Муъин ан-Насафий, Ас-Сафар ал-Бухорий, Нажмиддин Умар ан-Насафий, Ас-Сабуний ал-Бухорий, Умар ал-Ҳанафий.

Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад ал-Иёдий мансуб, иёдийлар хонадони Мотуридий билан яқин муносабатда бўлгани ҳамда унинг ўзидан кейинги авлод ҳам илоҳиёт назарияларини ишлаб чиқишда олим билан ҳамкорликда иш олиб борганидан далолат беради. Абу Аҳмад юқорида зикр этилган Абу Насрнинг катта ўғли бўлиб, аввал Мотуридий билан биргаликда ўзининг собиқ мактабдоши тарафига ўтгунга қадар ўз отаси қўлида таҳсил олган.

Мотуридийнинг тилга олиш лозим бўлган  шогирди Абулҳасан Али ибн Саййид ар-Рустуғфаний (вафоти тахминан 961-йил) эди.  Унинг нисбасидан маълум бўлишича, олим Самарқанд яқинидаги кишлоқлардан бирида туғилган. Анча кейинги манбаларда ҳам у ҳақда маълумотлар учрайди. Бу Рустуғфанийнинг машҳур устози соясида қолиб кетмаганидан, балки мустақил қарашларга эга олим сифатида замондошлари хотирасида қолганидан далолат беради. Рустуғфаний  фиқҳ, аввало, ҳуқуқ соҳасида ўз мустақил йўлини топган кўринади. Бу ўринда кенг маълум бўлган иккита масала мавжуд эдики, улар бўйича фақат унинг шахсий фиқҳи келтирилар эди. Биринчиси, ҳар бир мусулмон ўзининг кундалик ҳаётида муттасил дуч келиши мумкин бўлган амалий муаммоларга тегишли эди ва қуйидагича ифода этиларди: унча катта бўлмаган сув ҳавзасининг бир томонидан кириб, иккинчи томонидан чиқилса, бу таҳорат олиш ҳисобланадими, Рустуғфаний бу саволга қандай жавоб бергани бизга маълум эмас. Бироқ у жавоб йўлини кўрсатиб бергани аниқ, чунки бир неча асрдан кейин ҳам ушбу масаланинг муҳокамасида у ҳамиша ёдга олинган.

Иккинчи масала кўпроқ илоҳиётга оид бўлиб, ҳатто, манбаларнинг хабар беришича, Рустуғфаний  ва устози Мотуридий ўртасида зиддият пайдо бўлишига олиб келган. У ижтиҳод, аниқроғи, мужтаҳид, агар у бирон нарсанинг асл моҳнятини аниқлашда (мантиқий) хатога йўл қўйса, Ижтиҳодда ҳамма вақт хато қилган бўладими, деган мулохазага тегишли эди. Биз бу масалада Рустуғфанийнинг тутган мавқеидан бехабармиз. Қолаверса, Мотуридийнинг бу масалага муносабати ҳам бизга номаълум. Бироқ, шундай бўлса-да, бошқалар қаторида Абу Ҳанифага ҳам нисбат берилган эски Куллу мужтаҳид мусиб шиорининг мунозарага йўл очиб бергани ва ҳанафийлар томонидан очиқ муҳокама этилгани ғоят диққатга сазовор ҳодиса эканини таъкидламоғимиз лозим.

Шундай килиб, Рустуғфаний ўз мустақил ўрнини фақатгина фиқҳда эмас, балки илоҳиётда ҳам намоён этганки, бу биз учун каттароқ аҳамиятга эга. Бу ўринда ҳам эътиборимизга лойиқ бир нечта далиллар мавжуд. Биринчи далил, бир баённи адабий маъносидан бошқа нарса эмас. Рустуғфаний кўрган бир тушини ҳикоя қиладики, гўё унда гуноҳларнинг авф этилиши ҳақида Мотуридий билан баҳс юритган эмиш. Устоз кутилганидек, Аллоҳ ҳар қандай мўминни, ҳатто бирор марта бўлсин ўзига сиғинмаганини ҳам авф этади, деган фикрда туради. Шогирд эса, аксинча, Аллоҳнинг бу қадар ишончига шубҳа билан қарар эди. У “Нега бўлмаса Аллоҳ (Қуръонда) тоат қилишга даъват этади”, деган савол воситасида бундай фикрнинг заиф томонини кўрсатиб беришга интилган.

Ушбу мавзу билан боғлиқ ҳолда келтирилган бундай жонли ҳикоялар уйдирмадан бошқа нарса эмас, албатта. Аммо мавзунинг ўзи моҳият эътибори билан ғоят жиддий бўлиб, шу жумладан, Мотуридий билан Рустуғфаний ўртасидаги мунозарага бемалол сабаб бўлиши ҳам мумкин эди. Аллоҳнинг гуноҳкорга муносабати тўғрисида гап кетганда, муржиъий -Мотуридий доираларида ҳамма вақт оптимистик нуқтаи назар устун турар эди. Бу нуқтаи назар анчадан бери турли танқидлар тўқнашувига учраб келар эди. Бора-бора ҳанафийларнинг ўз ичида ҳам ушбу масала бўйича зиддиятлар бошлангани ҳеч бир ажабланарли ҳол эмас. Иккинчи далил эса, аксинча, ўзининг ниҳоятда ақлий тиниқлиги билан ажралиб туради. Уни биз Баёзийнинг «Ишорат ал-маром» асарида учратамиз. Бу ерда муаллиф яратиш (таквин) ва яратилган амаллар (афъол) ўртасидаги фарқ масаласида Абулҳасан қандай фикрда бўлганини унинг ўз сўзларини ҳам айнан келтириш орқали ифодалайди. Баёзий қайдлари ниҳоятда қисқа, ханафия-мотуридия илоҳиётининг бош йўналишдан четга чиқмайди. Аммо унинг бевосита Рустуғфанидан иқтибослар олгани бу олимнинг илоҳиёт илми тарихида муҳим ўрин тутгани ва унинг асарлари XVII- асрда ҳам ўқилганидан далолат беради.

Насафийнинг «Тафсира» си кўрсатиб турганидек, бу ишнинг беш аср аввал ҳам қилингани ўз-ўзидан маълум. Рустуғфаний исми- бу ерда тез-тез тилга олинади ва ҳар гал унинг илоҳиёт масалаларга оид фатволари ва тутган йўли аниқ ифода этилгани билан ажралиб туради. Бир мавзуда айтилишича, Рустуғфаний, Мотуридий каби фақат ваҳийга асосланган имон билан яратилишнинг белгили экани тўғрисидаги мулоҳазаларга таянган имоннинг ҳар иккиси тенг қийматга эга деган фикр тарафдоридир. Бошқа бир мавзуда биз Рустуғфний дуалистларни нима қилмоқчи бўлгани ҳақида билиб оламиз, учинчи ўринда эса, ажал масаласи билан ризқ масаласи ўртасида, олим фикрича, ҳеч қандай фарқ йўқ эканини билиб оламиз ва ниҳоят, гап охирида Насафий яна шуни хабар қиладики, Рустуғфний масалан, вафот этган кишини, унга у дунёда жазо берилаётган пайтда, қай даражада тирик деб ҳисоблаш мумкин (шу билан бирга, оғриқ азобини сезиш даражаси қандай) каби чалкаш масала ҳақида ҳам ёзган.

Афсуски, бу маълумотлар ҳозирги вақтга қадар йўқолган деб ҳисобланмоқда. Мазкур масалани икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳдаги “Фатво ар-Рустуғфаний” Абулҳасан Ашъарийнинг фиқҳига оид масалаларнинг мажмуи бўлиб, биз учун у анча катта аҳамият касб этмайди, “Китоб ал-хилоф”  ва унинг мазмуни ҳақида биз ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Иккинчи гуруҳ асарлари бизни қизиқтирган мавзуга бағишланган бўлиб, биз учун аҳамиятлидир.

“Китоб иршод ал-мутадий” каломга бағишланган бўлиб, Рустуғфанийнинг, эҳтимол, асосий асари бўлган, сўнгги давр биографларининг ҳаммаси уни биринчи ўринга қўядилар. Бундан ташқари, Баёзий Абулҳасаннинг сифатлар ҳақидаги таълимотга оид қарашларидан иқтибослар олар экан, манба сифатида ушбу матнга таянади. Тўртинчи матн “Китоб аз-завойид ва-л-фавойид” нинг илоҳиётга алоқаси йўқ, бироқ, у ғайриоддийлиги билан ўзига янада кўпроқ жалб этади, зеро, уни бирйўла бир нечта манба якдиллик билан илм соҳаларига оид асар (аснаф ал-улум ёки анво ал-улум) деб таърифлайди.

Бундай таъриф нимани назарда тутгани ихтиёримизда асар қўлёзмаси бўлмагунга қадар номаълумлигича қолаверади. Аммо айнан Мовароуннаҳрда фанлар таснифига оид рисолалар яратиш анъанаси мавжуд эди. Булардан энг машҳури X- аср сўнгида Бухорода сомонийлар саройида хизмат қилган Ал-Хоразмийнинг “Мафотиҳ ал-улум”  асари эди. Бироқ Ал-Хоразмий ёлғиз эмас эди, зеро, ундан эллик йил аввал Ибн Фарирун ўзининг “Жавомиъ ал-улум”  ини, ундан яна бир авлод олдин Абу Зайд ал-Балхий “Ақсом ал-улум” асарини яраттан. Шундай қилиб, Рустуғфанийнинг “Китоб аз-завойид” и тасниф  ва мазкур китобларнинг илмий таҳлилига бағишланган асар бўлиши мумкин. Мабодо ҳанафий устознинг ёки Мотуридий шогирдининг қаламига мансуб шундай асарга эга бўлсак, бу ғоят қизиқарли бўлур эди. Аммо бу матн тўғрисида номидан бошқа ҳеч қандай далил йўқ экан, биз учун у ҳақида тахмин ва ақлий мушоҳадалар қилишдан бошқа иш қолмайди. Бизга унинг номи маълум холос. У турли тарихий далиллардан келиб чиққан мулоҳазаларимизни тасдиқлайди, яъни Абулҳасан ар-Рустуғфаний кенг қамровли ва ўзига хос олим бўлган, Мотуридий ғояларини кейинги авлодларга етказишда ва умуман, х-аср Мовароуннаҳр ҳанафийлиги ривожида сезиларли из қолдирган.

Мотуридийнинг учинчи шогирди сифатида тилга олиш лозим бўлган Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ал-Паздавий (вафоти 999 йил) тахминларга кўра, на ҳуқуқшунос ва на мутакаллим сифатида юқорида номлари зикр этилган шогирдлар каби шуҳрат топмаган. Биз унинг биронта таълимот яратувчиси эканини ҳам ёки биронта  асар муаллифи эканини ҳам билмаймиз. Унинг номини бу қаторда атаганимизнинг сабаби унинг шахси ҳам ўзига хос белгиланганидадир. У устоз ғоялари ва асарларини кейинги авлодларга етказиш жараёнида муҳим ўрин туттан кўринади. Унинг исми “Китоб ал-олим ва мутааллим” даги ушбу асар матнини Абу Мансур Мотуридийдан қабул қилиб олган ҳамда ўз навбатида, Муҳаммад aн-Насафийга етказиб берган шахс сифатида тилга олинади. Бунга яна биографлар уни шунчаки умумий маънода анъана ташувчиси эмас, балки Мотуридийнинг шогирди бўлганини таъкидлаганларини қўшимча қилиш лозим бўлади. Бундан эса у устознинг шахсий қарашларини ҳам етказган олим бўлган, деган хулоса чиқариш мумкин.

Ушбу ҳол Паздавийнинг шахсан ўзи учун унча катта аҳамият касб этмаган бўлса-да, бироқ, муҳим оқибатларга олиб келган, зеро, келгусида, уч авлод оша дунёга келган Абул Йуср алПаздавий (вафоти 1100 йил) Фахрулислом Абулҳасан ал-Паздавий (вафоти 1089 йил) каби машҳур мотуридия илоҳиётчилари етишиб чиққан. Улар илоҳиёт анъанасининг узлуксиз ворислари бўлганлар ва ўзаро алоқадорликни ўзлари ҳам жуда яхши ҳис этганлар. Масалан, Абу-л Йуср, бошқа бир ўринда кўриб ўтганимиздек, ўзининг катта бувасини “Усул ад-дин” да тилга олиб ўтади ва унинг Мотуридий ҳақидаги ҳикоялари авлоддан-авлодга ўтиб бораётганини таъкидлайди.

Абдулкарим Паздавийдан унинг ҳеч бўлмагаңда қамраб олиш мумкин бўлган тор доирасида таъсир кучига эга бўлган ички турткилар тарқалар эди. Мовароуннаҳрдаги каби нисбатан муайян барқарорликка эга бўлган илмий муҳитда бу каби турткилар бошқа ердагига нисбатан кўпроқ аҳамият ва таъсирга эга бўлган. Калом сохасидаги бу узлуксизликка, албатта, аҳамият бермоқ лозим, битта шажаравий чизиқ бизни Макҳул ан-Насафийдан (вафоти 930 йил) АбулМуъин ан-Насафийга (вафоти 1114 йил) олиб келган. Паздавийлар наслида ҳам билимларни авлоддан-авлодга етказиш анъанаси кўзга ташланади. Бу наслларнинг ҳар бири Мотуридия ривожида қандай ўрин тутгани масаласини алоҳида кўриб чиқиб, аниқлаш лозим бўлади. Ҳозирча эса XI асрда яшаган машҳур ака-ука Паздавийлар аждоди Мотуридийнинг бевосита шогирди бўлган, деб таъкидланиши мумкин.

Мотуридийнинг ёзган асарлари Бугунги кунда, Имом Мотуридийнинг бизга маълум бўлган асарлари сони ўн бештага етиб қолади. Улардан фиқҳ илми ва унинг усулига бағишланганлари  қуйидагилардир: "Китоб алжадал" (“Диалектика ҳақида китоб”) , “Китоб моахаз  аш-шариъа” (“Шариат асослари манбаи").

Шу билан бргаликла калом илмнинг турли масалалари ва тўғри йулдан адашган ҳар хил оқимларга раддиялар билдиришига бағишланган асарлар имом Мотуридий ижодининг асосини ташкил қилади. Бу асарлар бугунги кунда ҳам дийний ақидапараст оқимларига зарба беришда катта аҳамиятга эгадир. Улардан “Китоб ат-тавҳид", “Китоб ал-мақолот", “Китоб радд аъло-л қаромита", “Китоб баён ваҳм алмуътазийла” , "Китоб радд  усул ал-хамса ли-Аби Муҳаммад ал-Бохилий", "Китоб радд авоил ал-адиллат лил-Каъбий", "Китоб ваъид ал-фуссоқ ли-л-Каъбий", "Китоб радд таҳзийб ал-жадал ли-л-Каъбий, "Китоб радд ал-Имомат ли баъз равофиз" кабиларни кўрсатиш мумкин. Ушбу асарлардан “Китоб ат-Тавхийд" калом илмига онд энг дастлабки асар ҳисобланиб, унда муътазила ва бошқа оқимларнинг нотўғри нуқтаи Назарлари танқид остига олинган.

Имом Мотуридийнинг бошқа йирик бир асари “Таъвилот аҳли ас-сунна" ёки "Таъвилот алКуръон" деб аталади. Мазкур асарнинг илмий ва амалий аҳамятн жуда катта бўлиб, у аҳли сунна уламолари томонидан Қуръони каримни шарҳлаш (таъвил) бўйича қилинган дастлабки жиддий уриниш бўлган.Бу шарҳ ақл ва нақл нуқтаи назаридан амалга оширилганлиги билан ажралиб туради.Бошқача айтганда, Қуръони карим имом Мотуридийнинг калом илмига оид таълимотлари нуқтаи назаридан туриб тафсир қилинган.

Юқорида баён этилганлардан хулоса қилиб aйтиш мумкинки, имом Мотуридийнинг бизгача етиб келган икки йирик асари — “Китоб атТавҳийд” ва “Таъвий лот аҳли ас-сунна" буюк аллома меросини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эгадир. Мазкур асарларда ислом динининг фалсафасини ташкил этувчи калом илмининг турли масалаларида тўғри фикрлар илгари сурилган, ақидавий ҳақиқатдан адашган фирқалар илмий нуқтаи назардан танқид қилинган.

Таълимоти

Суннийлик оқимида калом илмининг намояндалари Имом Мотуридий ва имом алАшъарийдир. Бу иккала йирик аллома, бир даврда яшаган бўлсалар ҳам адабиётларда улар бир-бирларини яқиндан билмаган, деган фикр мавжуд. Улар таълимотида сезиларли фарқлар ҳам мавжуд. Чунончи, Мотуридий ўз таълимотини ҳанафий мазҳабига асосланиб яратган бўлса, ал-Ашъарий шофиъи мазҳабига асосланган. Лекин иккала алломанинг ҳам асосий мақсади ягона, унга эришиш йуллари ҳам деярли муштарак бўлган. Имом Мотуридий илгари сурган ақида ақл ва нақл асосига, аниқроғи улар ўртасида қурилган.

Абу Мансур Мотуридийнинг калом ва фиқҳ илмлари соҳасидаги қарашлари унинг икки - “Китоб ат-Тавҳийд" ва “Китоб таъвийлoт аҳл ас-сунна” номли асарларида баён этилган. Бу борадаги муҳим маълумотлар алломанинг вафотидан кейин Мотуридиййа таълимотига бағишланиб яратилган қатор асарларда ҳам ўз аксини топган.

Имом Мотуридий фикрича, инсонларнинг ёмон хулқли ишлари, гуноҳлари Аллоҳнинг иродаси билан (чунки Аллоҳ шу ишларни тақдир қилган) , лекин унинг розилигисиз, амалга оширилади. Аллоҳ таоло инсонларга ўз эркини қўлига берган ҳолда яратган, яъни унинг ҳаракатлари азалдан такдир этиб қўйилган бўлсада, инсоннинг баъзи ишларига соҳиб ихтиёрлигини ҳам бергандир. Бу ишларни Имом Мотуридий  “афъоли ихтиёрий, яъни инсонда ирода эркинлиги мавжуд", деб атайди.

Буюк ватандошимиз энг аввало калом илми соҳасида том маънода тарихий ишлар қилган бўлиб, ўзига хос мактаб яратган ва бу мактаб унинг табаррук номи билан мотуридиййа мактаби (йўналиши) деб аталади.

Калом илмига таъриф берадиган бўлсак, бу илм диний ақидалар ва уларнинг усулларини ақлий далиллар ва исботлар асосида талқин қилиб, улардаги ҳар қандай шубҳали, бир томонлама қарашларга барҳам берадиган илмдир. Калом илми билан шуғулланадиган олимлар мутакаллимлар дейилади.

Имом Абу Мансур Мотуридий яшаган тўққизинчи асрнинг иккинчи, ўнинчи асрнинг биринчи ярми исломий илмлар ва ғоялар гуркираб тараққий қилган бўлиб, бу илм таркибий қисмларидан бирини ташкил қиладиган калом илми ҳам ўз тараққиёт босқичининг айни гуллаган даврига кирган эди. Айни вақтда барча илмлар қатори исломий илмларда ҳам ҳурфикрлилик, ўз нуқтаи назари ва қарашларини далил ва исботларга таяниб эмин-эркин ифода қилиш тенденцияси кучаяди. Бу ҳол, ўз навбатида, жаҳмийлар, қаромитийлар, рофизийлар, муржиъийлар, карромийлар ва бошқа ҳидоят йўлидан адашган оқим ва гуруҳларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келганди. Айниқса, бундан анча олдин пайдо бўлиб, кўпчилик ўлкалар каби Мовароуннаҳрни ҳам қамраб олган муътазила оқимининг хато қарашлари жамият аъзолари ўртасида хилма-хил 3иддиятлар ва ихтилофларга сабаб бўлган эди.

Мана шундай шароитда аҳли сунна ва-лжамоа (суннийлар) таълимотининг ғоялари ажойиб ютуқларга эришди. Тўққизинчи асрнинг охирларида сунний йўналишдаги имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандда, имом Абу-лҲасан ал-Ашьарий Бағдодда ва имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий Мисрда муътазила оқими тарафдорларининг асосий қуроли бўлиб келган ақл-идрокка асосланган ҳолда аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиб чиқдилар. Улар ўз нуқтаи назар ва қарашларини асослаш учун энг аввало ақлий далил ва исботларга таяниб, улкан ютуқларга эришдилар. Имом Абу Мансур

Мотуридий шу жараёнда, яъни сунний оқимидаги ҳанафиййa мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа ҳазратлари таълимотининг нафақат толмас давомчиси, балки сунний йўналишдаги калом илмининг асосчиси сифатида шуҳрат қозонган. У, агар таъбир жоиз бўлса, аҳли сунна ва-л-жамоа ақидасининг ғалабасига ақл – идрок  воситасида эришган буюк алломалир Мавриди келганда, айтиш керакки, имом Мотуридийгача калом илми фақат нақлга (ривоят, ахборотга ) таяниб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган. Имом Мотуридий илгари сурган калом илмини кузатар эканмиз, у асоси иккита асосий манбага ақл ва нақлга таяниб иш тутганини, агар фикримизни аниқрок айтадиган бўлсак, у ўз назарияси мана шу икки манба ўрталиғида (арабча тавассут) яратган. Бинобарин, муборак ислом динимиз таълимотларида ҳам диний, ҳам дунёвий ишларда ўртача бўлишлик ғояси илгари сурилган. Бу ўринда Қуръони каримнинг "Бақара" сураси 143-оятидаги “Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), Сизларни ўрта (адолатли) бир миллат қилдик", деган ибораларни келтириш ўринлидир. Халқ ўртасида кенг тарқалган “хайру-л-умури авсотуҳо” (“ҳар бир ишнинг ўртачаси Яхшидур”) деган пайғамбаримиз алайҳиссаломга мансуб азалий ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган.

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг калом илмидаги бу ғоялари унинг бизгача етиб келган  икки йирик асарида “Китоб ат-Тавҳийд” ва “Китоб таъвийлoт аҳл ас-сунна” (бу асар "Таъвилот ал-Қуръон” деб ҳам юритилади) батафсил баён қилинган. Умуман олганда, тарихий манбаларда зикр қилинишича, Имом Мотуридийнинг қаламига мансуб асарларнинг сони ўн бештага етади. Юқорида номлари келтирилган икки асаридан ташқари Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросида ўша даврда фаолият кўрсатиб, диннинг асл мазмун моҳиятини нотўғри талқин қилиб, эътиқод, билиш (маърифат) масалаларида чалкаш ва хато қарашларга эга бўлган турли оқим ва гуруҳларга қарши раддиялар билдириш асосий ўринни эгаллайди. Аллома асарларининг номлари ҳам, уларнинг мазмун-моҳиятини ифода этади. Масалан, “Китоб радд аъло-л-қaрoмита", Китоб (баён ваҳм ал-муътазила», «Китоб радд усул алхамса ли-Аби Муҳаммад ал-Боҳилий", "Китоб радд авоил ал-адиллат лил-Каъбнй", "Китоб радд ал-имомат ли-баъз равофиз” ва бошқа асарларини  кўрсатиш мумкин. Лекин шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, Имом Мотуридий ўз рақиблари билан мунозара қилиб, уларга раддия берганда, ҳар доим исломий одоб-ахлоқка оғишмай риоя қилган ҳолда ғоятда андиша ва камтаринлик билан, айни вақтда, ўз нуқтаи назарини собитқадамлик ва қатъият билан изчил ҳимоя қилган тарзда олиб борган.

Тавассут (ўртасида бўлиш)  ғояларни амалга ошириш учун ақл аҳкомларини ҳам, нақл қўллашни ҳам мукаммал билиш талаб қилинган. Имом Мотуридий мана шу талабларга тўлиқ жавоб берган, ақл ва нақлга асосланган ўз қарашларини  ғоятда адолат юзасидан баён қилган. Ўзи илгари сурган ғояларга мана шу мезондан ёндашиб, фикрий (ғоявий) мустақилликка ҳам алоҳида эътибор берган, қандайдир бирор тоифа ёки оқимга оғиб кетиши ёки оз бўлса-да, мутаассиблик изҳор қилиш каби Иллатлардан узоқ бўлган.

Билищ (маърифат) назарияси калом илми билан шуғулланган олимларнинг ҳар доим ҳам диққат-эътиборида бўлган. Лекин шу билан бирга алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу масала билан илмий асосда жиддий шуғулланганлардан бири Абу Мансур Мотуридийдир. Унинг қаламига мансуб иккала йирик асар - "Китоб ат-Тавхийд" ва "Таъвийлoт аҳл ас-сунна” дастлабки қисмлариданоқ билиш назариясига бағишланган энг дастлабки манба бўлиб, ушбу масалани ғоятда нафис услубда ифода этади. Имом Мотуридий таълимотига кўра билишнинг учта асосий манбаи бор: ҳиссий (сезги) аъзолар воситасида, нақл-ривоятлар воситасида ва ақл-идрок воситасида. Мавриди келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Имом Мотуридийнинг билиш назариясида ақл-идрокнинг алоҳида ўрни бор.

Гарчанд, имом Мотуридий бир қатор исломий илмларда сезиларли муваффақиятлар қозонган бўлса-да, лекин унинг ислом дини равнақига қўшган улкан ҳиссаси калом илми соҳасидаги таълимотидир. Чунончи, Имом Мотуридий Ҳанафиййа мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа ҳазратлари асослаган назарияга таянган ҳолда барча амаллар – меъёрлар, эътиқодлар, қоидалар, фаолиятларни Аллоҳ яратади, лекин уларга муносабатни инсон ўз инон-ихтиёри билан амалга оширишига ишорат қилади. Мана шу жараёнда инсоният учун Имом Мотуридийнинг “афъоли ихтиёрий” бўлиши, яъни “инсонда ирода эркинлиги мавжуд" деган фикри ғоятда долзарб аҳамият касб этади. Бу талқин, гарчанд барча ишлар Аллоҳ таоло томонидан муқаддар (такдир) этилган бўлса-да, лекин инсоннинг баъзи ишларига соҳиби ихтиёрликни ҳам бергандир.

Буюк аллома бундан қарийб ўн икки аср муқаддам илгари сурган бу тарздаги илғор ғоялар бир томондан инсоннинг ўз ҳатти-ҳаракатлари олдида масъуллиги ва эътиқодий жавобгарлигини оширса, иккинчи томондан инсон тафаккури, унинг ақл-идроки ва салоҳиятининг имкониятлари чексиз эканлигини кўрсатади.

Алломанинг маънавий мероси билан танишар эканмиз, унда ҳаётий масалалар ҳам мукаммал суратда ўз аксини топганини кўрамиз. Жумладан, инсон ўз ҳаёти давомида турли хил имтиҳонлар ва синовларга дуч келиши табиий эканлиги, айни вақтда, инсон ўз ақл-заковати ва ҳидоят йўлига амал қилиши орқали ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш имкониятига эга эканлиги ҳам таъкидланган. Имом Мотуридийнинг ижодида, айниқса унинг билиш назариясига оид таълимотлари муҳим аҳамиятга эгадир. Масалан, Аллоҳнинг зоту сифатлари, унинг каломи Қуръони каримни чуқур идрок этиш, оламнинг яратилиши, Аллоҳ ва инсон ўртасидаги муносабатлар, инсон фаолиятини белгиловчи омиллар каби масалалар тўғрисидаги алломанинг ўзига хос таълимотлари аниқ далиллар ва исботларга асосланганлиги билан ажралиб туради.

Имом Мотуридий фаолиятида муборак ислом динининг ҳаётбахш ғояларининг софлиги, эътиқодий масалаларини бир томонлама ва хато талқин, залолатга ботган ҳар хил тоифалар ва оқимларга қарши кураш, Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга таянган ҳолда асосли раддиялар бериш салмоқли ўринни эгаллайди. Шу боис алломанинг ўлмас таълимоти бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир.

Буюк ватандошимиз, аллома Имом Мотуридий ҳазратларининг бундан ўн бир аср муқаддам берган таълимоти бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, инсон ақл-заковати ва тафаккурининг имкониятлари чексиз эканлигига ишоратдир. Аллома фаолиятида юқорида айтилганидек, муборак ислом динимизнинг ҳаётбахш мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофотларга ботган гуруҳ ва тоифаларга қарши кураш алоҳида ўрин эгаллайди. Шу нуқтаи назардан ҳам Имом Мотуридий илгари сурган ғоялар бугунги кунда ҳам ғоятда долзарб бўлиб, нафақат илмий, балки катта амалий аҳамиятга ҳам эга.

Имом Мотуридий яшашган давр — тўққизинчи асрнинг иккинчи, ўнинчи асрнинг биринчи ярми том маънода исломий илмлар ва маърифатнинг турли соҳалари, жумладан калом илми ҳам гуллаб-яшнаган, айтиш мумкинки, олтин асри бўлган эди. Замон тақозоси билан айни шy даврга келиб илм-фанда хурфикрлилик алоҳида аҳамият касб этади. Олиму уламолар қарашларидан келиб чиқиб, диний эътиқод ва унинг усуллари ҳақида фикр-мулоҳазаларини эмин эркин ифода қила бошлайдилар. Бу ҳол, ўз навбатида, турли-туман гуруҳлар ва фирқалар. уларнинг тарафдорларига ўз ақидаларини ошкора изҳор қилиш имкониятини яратади. Айнан шу асрларда Мовароуннаҳрда турли-туман диний гуруҳлар ва фирқалар пайдо бўлади. Улардан кенг тарқалганларидан бири муътазила оқими эди. Аслида, муътазила оқимн калом илмидаги дастлабки йирик  йўналиш сифатида VIII - 1Х- асрларда араб халифалигининг диний-сиёсай ҳаётида салмоқли ўринга эга бўлган. Ундан кейин пайдо бўлган қатор оқимлар – жаҳмийлар, қарамийлар, муржийлар ва бошқа тоифалар иймон-эътиқод ва билиш назариясидаги хато карашларга эга эдилар. Бинобарин, Имом Мотуридийнинг илмий-маънавий меросида ақлий далил ва исботларга таянган ҳолда ислом дини ақидасининг софлигини ҳимоя қилиш ва ҳидоят йўлидан адашган мазкур оқимларга қарши кураш алохида аҳамият касб этган.

                       Имом Мотуридий ва  ҳозирги кун

Мамлакатимизда Имом Мотуридийнинг меросини ўрганишга фақат мустақилликдан кейин киришилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан 2000 - йили Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Самарқандда аллома хотирасига ёдгорлик мажмуи бунёд этилди. Тошкент ва Самарқандда  имом Мотуридий таълимоти ва унинг ислом оламида тутган мавқеига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилди. 

2017-йил 15-июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби” мавзусидаги видеоселекторида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир қатор таклифларни берганди.

“Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади.Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахасислар,уламолар таййорлашда, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, - деганди Президент.Шу таклифларига мувофиқ 2017-йил  8-ноябр куни  Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми мактаби расман иш бошлади.

Имом Мотуридий ҳаётнинг турли қирраларини ёритувчи мақолалар, рисолалар ва тадқиқотлар чоп этилди. Имом Мотуридий меросини ўрганган хорижлик олимлар билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. 2001 йилда Гёттинген (ГФР)  университетининг профессори Улрих Рудольф қаламига мансуб “Имом Матуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳияти" китоби  ўзбек тилида нашр этилди.

                        Имом Мотуридий ҳақида бошқалар

"Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Имом Бухорий вафот этган йили, яъни милодий 870 йили тарихимиздаги яна бир мумтоз сиймо Имом Мотуридий таваллуд топган экан. Бу воқеа замирида шахсан менга илоҳий бир боғлиқлик, Аллоҳнинг буюк марҳамати бордек, бамисоли Имом Бухорийнинг нурли қаламини Имом Мотуридий олиб, ул зотнинг хайрли ишларини давом эттиришга бел боғлагандек туюлади. Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчиси” деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради.

Ул зот асос солган мотypидийя мактаби Шарқ мамлакатларида бундай катта шуҳрат тoпишининг  сабаби шундаки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динимизнинг асосини тўғрилик, эзгулик ва инсонийликдан иборат деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қараш ва интилишлари билан ҳамоҳанг эди."

Шайхнинг Мотурид қишлоғида бир боғи бор эканким, кўпинча ёғочларини ва ниҳолларини  ўз қўли билан ўтқазар эмиш. “Ҳайрат у-л- фуқаҳо" китобида бордирким, (бир кун) шайх Абу Мансурнинг хизматчиси кетмон чопар ва шайхнинг ўзи ток ўтқазар эди. Шу чоғда муаззин азон айта қолди. Шайх ишни тўхтатиб масжидга бормоқчи бўлди, лекин ток ўтқазгани ошиқиб боролмади. Бир йилдан кейин подшоҳ ҳар бир боққа бир неча (кўза) ичкилик бидъат солиқ солди. Ҳазрат шайх “Ушбу бидъат менинг ток ўтказишга машғул бўлиб, намоз ишини кейинга қолдириш ишимнинг шумлигидан юзага чиқди",- деб муборак салласини ерга уриб йиғлар эди. Айтадирларким, шайх бир кун боғда эди, Бағдод халифаси томонидан шайхдан бир масалани сўрагани Самарқандга юборилган элчи келиб боғ эшигини қоқди. Шайх йиртиқ кийим кийинган ҳолда чиқди, Элчи: “Мавлоно қайдадир?", - деб сўради. Шайх: “Мавлоно тангридир", — деб жавоб берди. Тағин элчи: “Хожа қайдадир?". — деб сўради. Шайх: "Хожа Мустафодир”, – деб жавоб қайтарди. Яна элчи:" Абу Мансур қайдадир?", деб сўради. Абу Мансур: “Ушбу тиланчи кекса”, — деб ўзини кўрсатди. Айтишларича, унинг ёронлари дарс таълим олиш учун (шайхнинг) боғига келар эдилар. Иттифоқо, ҳамал ойи эди, шайх ёронлари учун бир ўрик дарахтининг шохини қоқди. Унинг кароматидин ер ўрик меваси билан тўлди. Ёронлар еб тўйдилар.

“У шундай зотки, илм уммонининг энг қаърига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди  ва диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати мислсиз заковати билан зийнатлади. Шунинг учун у вафот этганда, аш-Шайх Абу-л-Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандий унинг қабри устига: “Ушбу қабр илмларни ўз нафсларигача қамраб олган, уни тарқатишда кўп заҳматлар чеккан, у қолдирган мерос кўп мадҳ қилинган ва ўзининг умр дарахтидан кўплаб мевалар тера олган шахснинг қабридир, — деб ёзишларига буюрган эди".

“Мотуридий агар бирор бир мажлисда иштирок этмай қолса, ҳатто унинг устози Абу Наср ал-Иёдий ўз шогирдига нисбатан чексиз хурмат ва муҳаббатининг изҳори сифатида ўша мажлисда бирор сўз ҳам айтмас экан. Агар у Мотуридийни узоқдан бўлса-да, мажлисга келаётганини кўриб қолса, таажжуб билан унга тикилиб турар ва “Роббинг сени ўзи хоҳлаган ва ихтиёр қилгандек яратган”, - деб жилмайиб қўяр эди”.

“Мотуридий имомларнинг улуғи ва миллатнинг устуни эди. Унинг Қуръонга ёзган тафсири барча чигалликларни очиб берувчи, инсон қалбидаги шубҳали қора булутларни ҳайдовчи ҳамда ниҳоятда болиғ васф ила яратилган асардир. Аллоҳ шундай китобни ёзган зотга ўз саломини йўлласин”.



Арнасой тумани бош имом-хатиби:                                    Аҳмад Ахроров


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид