Имом Мотуридий дунё улмолар эътирофида (1-ҚИСМ)

Имом Мотуридий дунё улмолар эътирофида (1-ҚИСМ)

imon.uz 2024-06-21 01:57:49 269

Тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд бўлган Абу Мансур Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг улуғ олимларидан биридир. Бу жамоа – ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисмини ташкил қилган. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳумларнинг суннатларини маҳкам ушлаганлар, дин пешволари бўлмиш саҳобалар, тобеъинлар ва тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари йўлларига эргашган жамоадир. Аҳли сунна вал жамоа мазкур улуғларнинг йўлини нақл ва муттасил иснод (оғизма-оғиз эшитиш) билан қабул қилиб олганлар.

Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш, нақл ва ақл ёрдамида ёритиб беришда муҳим рол ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.

Бугун ислом оламининг 50% дан кўпроқ мусулмон аҳолиси айнан Имом Мотуридийнинг ақидавий мазҳабига мансубдир. У зот кўпчилик эргашувчилари ҳанафий мазҳабида бўлган мотуридийлик ақидавий таълимотининг имомидир. Имом Мотуридий Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг ақидавий қарашларидан кўп истифода олган. Бироқ, у киши Абу Ҳанифанинг ақидавий йўлини ёритиб шарҳлаб берувчи бўлибгина қолмай, балки унда ўзининг мустақил услубига асос ҳам солган. Имом Мотуридий ўз даврида исломнинг мужаддидларидан бўлган. У кишининг насаби Маккадан Мадина шаҳрига ҳижрат қилиб ўтган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз уйидан жой берган Абу Айюб Ансорийга бориб етади. Шунинг учун ҳам Камолуддин Баёзий у кишини: “Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Ансорий”, деб ёзади. У киши ислом тафаккурининг етук олимларидан биридир. Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, бидъат ва залолат аҳлларига раддиялар беришда у кишининг роли каттадир. Ақидани ҳимоя қилишдек ушбу вазифани адо этишни Имом Мотуридий Имом Ашъарийдан олдинроқ бошлаган. Имом Мотуридийнинг издошлари у кишига турли хил лақаблар (илмий унвонлар)ни беришган. “Имомул ҳудаа” (ҳидоятга бошловчи имом), “Аламул ҳудаа” (ҳидоят маёғи), “Имомул мутакаллимийн” (мутакаллимлар устози), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчи киши), “Раису Аҳлис суннати” (Аҳли сунна раиси), “Қидвату Аҳлис суннати вал иҳтидо” (суннат ва ҳидоят аҳлининг муқтадоси), “Рофиъу аъломис суннати вал жамоати” (Суннат ва жамоат байроқларини баланд кўтарувчи), “Қолиъу азолийлил фитнати вал бидъати” (фитна ва бидъат залолатларини таг-томири билан узиб ташловчи), “Шайхул ислом” (исломдаги буюк устоз) ва бошқалар Имом Мотуридийга берилган ана шундай фахрли унвонлар жумласидандир. Бу сифатлар ва унвонлар у кишининг ўз издошлари қалбидан чуқур жой олганини, суннатга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш йўлида салмоқли натижаларга эришганини кўрсатади. Зеро, Имом Мотуридий ислом оламининг шарқий ҳудудларида фаолият олиб борган бўлса, Абул Ҳасан Ашъарий унинг марказий ҳудудларида фаолият олиб бориб, бузғунчи ва экстремистик қарашлар эгаларига қарши самарали кураш олиб борган. Зотан, Имом Мотуридий Абу Ҳанифанинг вафотидан тахминан юз йил кейин дунёга келган. Имом Ашъарий эса ўз ҳаётининг охирги учдан бир қисми ўтиб бўлганидан кейин Аҳли сунна ақидасига ўтган. Уларнинг барчалари бир-бирига ўхшаш ақидавий ёндашувга амал қилдилар ва уни амалда татбиқ этдилар. Натижада, улар вақт ўтиши билан суннатга асосланган шундай бир ақидавий таълимотни шакллантирдиларки, ислом оламидаги мусулмонларнинг тўқсон фоизидан кўпроғи бугун унга мансубдирлар.

Имом Мотуридий бир қатор асарлар битган. Улардан калом ва ақида илмига доирлари, фиқҳ асосларига доирлари ва Қуръони каримнинг тафсирига доирлари бор.

Калом илмига доир асарлари бир нечта бўлиб, шулардан энг машҳурлари “Тавҳид”, “Мақолот”, “Ар-родду алал-қаромита”, “Баёну ваҳмил-муътазила”, “Роддул-усулул-хомса ли Аби Муҳаммад Боҳилий”, “Родду авоилил-адиллати лил-Каъбий”, “Родду китабу ваъийдул-фуссоқ лил-Каъбий”, “Родду таҳзибил-жадал лил-Каъбий” ва бошқалардир.

Имом Мотуридийнинг фиқҳ асосларига доир асарларига келсак табақотларга оид китобларда, шунингдек, “Кашфуз зунун” номли китобда унинг “Ал-жадал” ва “Маохизуш-шароиъи фи усулил-фиқҳ” номли иккита китоби тилга олинади.

“Бадоиъус саноиъ” китобида Аллоҳ таолонинг: “Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтингиз! Осмонлар ва Ердаги (айтилаётган барча) ҳамд Унга хосдир. Кечки пайтда ҳам, қуёш заволи пайтига киришингизда ҳам (Унга тасбеҳ айтингиз)!”(Рум сураси, 17-18 – оятлари), деган сўзидан беш вақт намоз вақтларини чиқариб олиш асносида шундай жумлалар келган: “Абу Мансур Мотуридий Самарқандий: “Улар (саҳобалар) ушбу оятдан беш вақт намоз фарз эканини тушуниб етганлар. Агар уларнинг тушунчалари ҳам бизнинг замондаги одамларнинг тушунчалари сингари бўлганида оятда зикр қилинган тасбиҳ айтишдан бошқасини тушуниб етмаган бўлар эдилар”, деган”.

Имом Мотуридийнинг Қуръони карим тафсирига доир асарига келадиган бўлсак, “Таъвилоту Аҳлис-сунна” ана шундай асарларидан биридир. Ҳижрий етти юз етмиш бешинчи йилда вафот этган имом Абдул Қодир Қураший бу китобга: “У тафсир бобида ҳеч қандай китоб унга тенг келолмайдиган бир китобдир. Ҳатто бу фан соҳасида ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин келолмайди”, деб таъриф берган.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид