130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ИНСОННИНГ ИХТИЁРИ ЎЗИДА ЭМАС
imon.uz 2025-01-24 03:29:46 7Мен қўлимни ўз иродам билан ҳаракатга келтира олдим. Чунки, Аллоҳ таоло мушакларимни менга бўйсунадиган қилиб қўйган. Лекин, мен юрагим ва ошқозоним мушаклари менга бўйсундирилган, дея олмайман. Ўқувчи заковатли бўлиб, битта дарсни бир ўқишда ёдлаб олиши ва кейин бемалол ўйин-кулги қилиши мумкин. Баъзи ўқувчиларнинг табиий заковати паст бўлиб, кечаю-кундуз дарс қилса ҳам ҳеч нарсани тушунмай, ёдлаб қола олмаслиги мумкин. Бўлиши мумкин, баъзи ўқувчилар зиёли оиладан бўлиб, отаси илмли бўлса, уйда дарс қилиши осон бўлади. Яна шундай бўлиши ҳам мумкинки, баъзи ўқувчиларнинг оиласи нодон бўлиб, отаси жоҳил бўлса, уйида дарс қила олмайди. Шу ўкувчи ўзига заковат инъом қилишга қодир эмас. Ота-онасини танлаш ихтиёри ҳам йўқ. Ё бўлмаса, ўзи яшаш учун яхши замонни ҳам танлаш имкониятидан мосуводир. Бу ишларнинг бари инсоннинг ихтиёридан ташқари нарсалардир.
Масалан, бурнини чиройли қилиб ололмайди ёхуд қад-қоматини хушбичим қилолмайди. Мана шу жиҳатдан инсон мажбурланган (ихтиёри ўзида эмас) дир.
ИНСОН ТОҚАТИ ЕТАДИГАН НАРСАДА ИХТИЁРЛИ ҲУР КИШИДИР:
Инсон тоқати етадиган нарсада ихтиёрли ҳур кишидир. Баъзи ҳолатларда эса ҳурлик сифати йўқолиб, ихтиёрсиз бўлиб қолади. Бунда у худди қоятош билан машинанинг мисолига ўхшайди. Машина ҳаракатланади, лекин моторининг қуввати доирасида юра олади. Юк ташиш учун ишлаб чиқарилган машина енгил машинадан тезроқ ҳаракатланиши мумкин эмаслиги инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Ер юзида юриш учун мўлжаллаб ишлаб чиқарилган машина, табиийки, юқорига кўтарила олмайди ёхуд девордан ошиб ўтолмайди. Агар унинг йўлида катта тўсиқ пайдо бўлса, у юришга қодирлик сифатини йўқотади. Лекин шу билан бирга у қоятош ҳам бўлиб қолмайди. Худди шунга ўхшаш, инсон ҳам ҳаётда баъзи тўсиқларга учраганда, унинг иродаси иш бермай қолади. Унга шундай ишлар таъсир қиладики, уни даф қилиш ёки ўзгартириш унинг қўлидан келмай қолади. Шу билан бирга унинг ҳурлик сифати йўқ бўлиб қолмайди. Мана шу жиҳатдан инсон ҳурдир, яъни инсон тоқати етадиган нарсаларда ихтиёрлидир. У истаган нарсасини қила оладиган илоҳ эмас...
МУКОФОТ ВА ЖАЗО ҲУРЛИККА БОҒЛИҚДИР:
Агар ҳурлик бўлмаганда жазо ҳам бўлмасди. Ёмон ишни қилишга мажбурланган киши жазоланмайди. Аллоҳ эса бизни ихтиёр берилган нарсаларда жазолайди. Инсоннинг фойдасига ҳам, унинг зарарига ҳам ўзи қилган амали сабаб бўлур. Аллоҳ бирор киши тоқати етмайдиган нарсага буюрмас. Шу билан бирга Аллоҳ зарра мисқолича нарсани зоеъ қилмас. Бу дунё маҳкамаларида, инсоний адолат билан иш кўрилганда ҳам айбланувчининг вазияти, ҳолати эътиборга олинадиган бўлса-ю, оламларнинг Робби ҳузуридаги маҳкамада, мутлоқ адолат йўлга қўйилган жойда бу нарсалар эътиборга олинмасинми?! Фосиқ ота-онадан туғилиб, ёмон ҳолатда, фасод замонда катта бўлган гуноҳкорнинг гуноҳи билан солиҳ ота-онадан туғилиб, яхши шароитда катта бўлган кимсанинг гуноҳи баробар бўладими?!
Шайх Али Тантовий
"Ислом динини умумий таништириш" китобидан.