Ислом – инсонпарвар дин

Ислом – инсонпарвар дин

imon.uz 20-05-2020 440

Бугунги оммавий ахборот воситаларидан ҳисобланмиш интернет тармоқлари орқали тарқалаётган хабар ва ҳодисаларнинг кўплиги, уларнинг хилма хиллиги, айрим ҳолларда бир-бирига зидлиги кишидан ўта зийракликни талаб этади. Айтилаётган хабарнинг эгаси кимлиги ва қандай асосга кўра айтилаётгани, унинг воқеъликка, ёки илмий асосланган манбаларга мувофиқ ёхуд зидлиги ҳамда хабардан кўзланган мақсадни билмасдан ундан фойдаланиш ҳатарли ҳисобланади. Айниқса, инсонларнинг ички дунёсига таъсир қилувчи, уни ўзгаришига сабаб бўлувчи маълумотлар тарқатилганда бу хатар янада кўчаяди. Бундай ҳолатда ўта чуқур билимга эга бўлиш ёки шундай билимга эга кишилар билан маслаҳатлашиб иш кўриш ягона ечим ҳисобланади. Масалан бугунги кунда интернет тармоғи орқали муқаддас динимизни бузиб кўрсатиш, ноҳақ қон тўкишни ибодат деб ҳисоблаб, унга тарғиб қилишлар ёки илмий асосланган манбаларга зид фатволар бериш, ватан тушунчаси ва унинг омилларини йўққа чиқариш каби ҳолатлар учраб турибди. Аслида ислом инсонпарвар дин бўлиб, у бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз килиш ёки бир инсон ҳаётини сақлаб қилишни бутун инсониятни сақлаб қолиш деб баҳолайди.

Аллоҳ таоло “Моида” сурасининг 32-оятида: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди хамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга хаёт бахш этган (ўлимдан кўтариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир” деб марҳамат қилади.

Пайғамбармиз алайҳиссалом: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур” деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган

Демак, ҳар бир мусулмон киши дунё ҳаётида қон тўкиш ва фасод ишлардан узоқ, қурби етганича солиҳ амаллар билан машғул бўлиши лозим.

 

Жиззах шаҳар “Ҳожи Усмон” масжиди

имом-хатиби Ғайипов Анвар 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид