Исломда раҳбарга муносабат (2-Қисм)

Исломда раҳбарга муносабат (2-Қисм)

imon.uz 2024-02-02 01:44:40 413

Мавжуд тузумга қарши ҳаракат тарғиботчиларининг деярли барчаси юқоридаги каби ҳадисларнинг зоҳирига суяниб иш олиб бормоқда. Улар: «раҳбар деган шариат бўйича иш кўрсин, акс ҳолда биз унинг раҳбарлигини тан олмаймиз, балки уни ағдаришга ҳаракат қиламиз. Агар шу йўлда ҳалок бўлсак биз тўғри жаннатга тушувчи шаҳид бўламиз», деб халқни исёнга чорлаб сафсата қилишади. Улар давлатга қарши чиқишни нафақат мубоҳ балки, жиҳод мақомида фарз деб талқин қилишмоқда. Уларнинг бузуқ мафкуралари Ислом тарихида ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни аввал кофирга чиқаришиб сўнгра, ул зотга қарши чиққан хаворижлар тоифасининг фикр-ғоялари билан бир хил. Булар ҳам давлат бошлиқларини кофир, яҳудлик билан айблашади, раҳбарга итоат қилиб турган диний арбобларга эса «куфр малайлари» деб жирканч бўҳтонлар қилишади. Аслида уларнинг ўзи асл аҳли суннат таълимотини бузиб талқин қилишмоқда. Ўз эътиқодини пухта билганларни айланиб ўтиб фақат илмсиз ёшлар, чаласавод қизиққонларни йўлдан уришмоқда. Минг таассуфки, диний билим савияси паст, тушунчаси саёз ёшлардан баъзилари бунга лаққа тушиб йўлдан озишмоқда.

Мукаммал ислом шариатида мусулмонларнинг диний ва дуёвий манфаатлари ҳамиша биринчи ўринда турган. Буни Қуръон ва ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини англаб ета олган мужтаҳидларимиз чиқарган фатво ва илмий хулосалардан ҳам билса бўлади.

Сиёсий ҳукумат душманлари иддаосича «адашган» аҳли сунна олимларнинг фатволаридан кўра, ўшаларнинг ўзлари учун қадрли олимларнинг шу мавзуга доир хулосаларига мурожаат қилиш мухолифларимизга таъсирлироқ бўлса керак. Шунга кўра келинг, улар учун сўзи мўътабар икки шахснинг асарларидан иқтибос қиламиз:

Бизни ҳукуматга қарши чиқишга даъват этувчилар учун қадрли олимлардан бири Муҳаммад ибн Абдураҳмон Муборакфурий «Тўҳфатул-аҳвазий» асарида Музҳир исмли олимдан нақл қилиб шундай ёзади:

سمع كلام الحاكم وطاعته واجب على كل مسلم سواء أمره بما يوافق طبعه أو لم يوافقه بشرط أن لا يأمره بمعصية، فإن أمره بها فلا تجوز طاعته، ولكن لا يجوز له محاربة الإمام. وقال النووي في شرح مسلم: قال جماهير أهل السنة من الفقهاء والمحدثين والمتكلمين: لا ينعزل الإمام بالفسق والظلم وتعطيل الحقوق ولا يخلع ولا يجوز الخروج عليه لذلك، بل يجب وعظه وتخويفه

«Ҳокимнинг сўзига қулоқ солиш ва унга итоат қилиш ҳар бир мусулмонга вожибдир. Хоҳ унинг табиатига тўғри келсин ё келмасин, барибир. Шу шарти биланки, гуноҳга буюрмаган бўлса бас. Агар ҳоким гуноҳга буюрса унга итоат қилиш жоиз бўлмайди. Лекин шундай бўлса-да, унга қарши уруш қилиш ҳам жоиз эмас! Имом Нававий Муслимнинг шарҳида айтган: фақиҳлар, аҳли ҳадислар ва мутакаллимлардан иборат аҳли суннанинг жумҳури айтганки: бошлиқ фосиқлик, зулм ва ҳақ-ҳуқуқларни поймол қилиши билан мансабидан бўшатилмайди, унга қарши чиқиш жоиз ҳам бўлмайди. Балки, унга ваъз-насиҳат қилиш, Аллоҳ таолодан қўрқитиш вожиб бўлади». (Тўҳфатул-аҳвазий. 5 – Ж. 298 — Б).

Раҳбарнинг камчилиги туфайли инқилобий ҳаракатга чорловчилар учун эътиборли олимлардан яна бири Муҳаммад ибн Али Шавконийнинг ҳам баҳсимизга алоқадор бир гапи бор:

..ثم إذا لم يثبت علي ذلك كان عليهم امره بما هو معروف، و نهيه عما هو منكر، و لا يجوز لهم ان يطيعوه في معصية الله، و لا يجوز لهم ايضا الخروج عليه و محاكماته إلي السيف، فإن الأحاديث المتواترة قد دلت علي ذلك دلالة اوضح من شمس النهار، و من له إطلاع علي ما جاءت به السنة المطهرة انشرح صدره لهذا…

«…кейин агар подшо адолатда собит бўлмаса, унинг ёнидаги мулозимларига уни яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариш вожиб бўлади. Аллоҳга осийлик бўладиган ҳолатларга унга итоат қилиш дуруст бўлмайди. Шу билан бирга унга қарши чиқиш ва унинг ишини қиличлар билан муҳокама қилиш ҳам жоиз бўлмайди. Зеро мутавотир ҳадислар бунга ҳатто кундузги қуёшдан ҳам аниқроқ далолат қилиб турибди. Кимники суннати мутоҳҳара келтирган далиллардан хабари бўлса бу ҳукмни кўнгли равшан бўлиб қабул қилади». (Имом Шавконий. Ас-сайл ал-жаррор. 939 – Б. Дору ибн Ҳазм. 2004).

Демак, султон ҳар қанча золим ва фосиқ бўлмасин, гуноҳларга буюрмасин унга қарши қурол кўтарилмайди, уни тахтдан йиқитишга уринилмайди. Балки, мулозимларига вазиятдан келиб чиқиб, қулай фурсат келганда султонга мулойимлик ила насиҳат қилиш, дин ва дунёси учун манфаатли йўл кўрсатиб маслаҳатлар бериш лозим бўлади. Мана шу энг тўғри йўлдир! Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

إن من أعظم الجهاد كلمة عدل عند سلطان جائر

 «Золим султон хузурида ҳақ гапни айтишлик шубҳасиз, жиҳоднинг улуғидандир». (Термизий /2174).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу ҳадисларида Золим султонга ҳақ гапни айтиб насиҳат қилиш, уни тўғри йўлга чорлаш, фойдали маслаҳат бериш унга қарши қурол кўтаришдан кўра афзалроқ ва манфаатлироқ экани уқтирилмоқда. Афсуски, замонамиз хаворижлари шу ҳадисни ҳам тескари талқин қилиб, ҳукуматга қарши гиж-гижлаш фитналарида ўзларига «асос» қилиб ишлатишяпти. Улар подшоларнинг камчиликларини подшонинг хузурида унинг ёлғиз ўзига эмас балки оммаи халққа ошкора жар солиб, халқни инқилобга ундамоқда.

Мутааххир ҳанафийлардан Абу Саъийд ал-Ходимий роҳимаҳуллоҳ «Бариқа»да шундай ёзади:

قال في الفتاوى: كل مأمور باطاعة من له الأمر إن على الشرع فبها، فإن لم يكن على الشرع فإن ادى عصيانه الى فساد عظيم فيطيع فيه ايضا، اذ الضرر الاخف يرتكب للخلاص من الضرر الاشد و الاعظم و كذا في كل مفسدتين متافاوتتين، كما فى الأشباه

«Фатволарда айтган: ҳар бир фуқаро раҳбарга итоат қилишга (шаръан) буюрилгандир. Агар (раҳбарнинг амри) шариатга муовфиқ бўлса бажон-у дил итоат қилинади. Агар шариатга мувофиқ бўлмаганда унга қарши исён кўтариш катта фасодга олиб бориш эҳтимоли бўлса, бу ҳолатда ҳам итоат қилади. Чунки каттароқ зарардан халос бўлиш учун кичикроқ зарарга қўл урилади. Шунингдек, бир-биридан тафовутли ҳар қандай икки фасод ишда ҳам шу қоида бўйича иш кўрилади. Чунончи «Ашбоҳ»да шундай дейилган». (Бариқа. 1 – Ж. 83 – Б. Дор ал-Хилофа ал-Алийя. 1324).

Абу Саъид Ходимий келтирган «ихтияру ахаффил-мафсадатайн» (икки гуноҳдан бирини қилишга мажбур бўлинганда енгилроғини қилиб каттароғи даф қилинади) қоидаси ислом оламида қабул қилинган машҳур қоидадир. Бу қоиданинг асл манбаси Қуръони карим ҳисобланади. Барчамизга маълум, очликдан силласи қуриган одамга шариатимиз ўлаксани ейишга, ташналикдан ўлар ҳолатга келганларга эса ҳатто ароқ ичишга ҳам рухсат беради. Шуларнинг ҳаммаси «ихтияру ахаффил-мафсадатайн» қоидасига мувофиқ бўлади. Шундай экан, мабодо раҳбар гуноҳ қилишга мажбурласа, уни бажармаслик ҳаёт учун хатарли бўлса сўссиз раҳбарга итоат қилинади. Асло унга қарши уруш очиб ўлиб кетишга шариатимиз рухсат бермайди. Буни «ҳукуматга қарши исёнда ўлганлар жаннатий шаҳидлардир», деб қулоққа лағмон осаётганлар яхши билиб олишлари шарт!

УЧИНЧИ БАНД

Аҳли суннат ақидавий мазҳабида фуқаро ва раҳбар муносабати билан боғлиқ муҳим масалалардан яна бири бу—раъийятнинг ўз ҳокими, бошлиғи ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилиши ва имкон бўлганда унга панд-насиҳат қилиши, ўзи учун хоҳлаган яхшиликни раҳбарига ҳам илинишидир.

Насиҳат—бу инсон ўзи учун раво кўрган яхшиликни бошқалар учун ҳам илиниши бўлиб, бу аслида динимиз билан чамбар-час боғлиқ фазилатдир. Баъзи уламолар: «Насиҳат диннинг тўртдан биридир», деганлар. Имом ибн Абдулбарр «Истизкор» номли асарида раъийятнинг султонга насиҳати вожибдир, деган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда шундай ҳадис бор:

وَعَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قال: الدِّينُ النَّصِيحَةُ. قُلنَا: لِمَنْ؟ قال:لله وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأئِمَّةِ المُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ

Тамим ад-Дорий розияллоҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дин—бу насиҳатдир!» Биз: ким учун?—дедик. Ул зот: «Аллоҳ учун, китоби учун, расули учун, мусулмонларнинг бошлиқлари учун ва оммаси учун.», — дедилар (Саҳиҳи Муслим).

Мавзудан четга чиқмаган ҳолда ҳадиси шарифдаги «мусулмонларнинг бошлиқлари учун» иборасига тўхталамиз. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ бу иборага шундай изоҳ беради:

أما النصيحة لأئمة المسلمين فمعاونتهم على الحق, وطاعتهم فيه, وأمرهم به, وتنبيهم وتذكيرهم برفق ولطف, وإعلامهم بما غفلوا عنه ولم يبلغهم من حقوق المسلمين, وترك الخروج عليهم, وتألف قلوب الناس لطاعتهم

 قال الخطابي -رحمه الله-: ومن النصيحة لهم الصلاة خلفهم, والجهاد معهم, وأداء الصدقات اليهم, وترك الخروج بالسيف عليهم إذا ظهر منهم حيف أو سوء عشرة, وأن لا يغروا بالثناء الكاذب عليهم, وأن يدعى لهم بالصلاح

«Мусулмонларнинг бошлиқларига насиҳат қилиш бу—ҳақ ишда уларга кўмаклашмоқ ва итоат қилмоқ, уларни ҳаққа чақирмоқ, юмшоқлик ва ширинсуханлик билан уларга эслатмалар бериб турмоқ, мабодо уларга мусулмонларга тегишли ҳақ-ҳуқуқлар етиб келмаган бўлса, буни билдиримоқ, уларга қарши чиқмаслик, одамларни уларга итоат қилишга чақирмоқдир.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтган: шунингдек, бошлиқларнинг ортидан намоз ўқишлик, улар билан ёнма-ён туриб душманга биргаликда қарши туришлик, улар (томондан тайинланган махсус вакиллар)га турли закот ва бошқа вожиб тўловларни тўлаб боришлик, улардан адолатсизлик содир бўлганда ҳам уларга қарши қурол кўтармаслик, уларга ёлғондан мақтовлар айтиб, тилёғламалик билан йўлдан урмаслик ва уларнинг ҳаққига салоҳият сўраб дуо қилишлик». (Саҳиҳи Муслим бишарҳ ан-Нававий. 2 – Ж. 38 – Б. Матба ал-Мисрия. Азҳари шариф. 1929 — й).

Ибн Ражаб ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ шундай изоҳлаган:

وأما النصيحة لأئمة المسلمين فحب صلاحهم ورشدهم وعدلهم ووجوب إعزازهم في طاعة الله، ومعاونتهم على الحق وتذكيرهم به وتنبيههم في رفق ولطف ولين ومجانبة الوثوب عليهم ،والدعاء لهم بالتوفيق وحث الأغيار على ذلك

«Энди, «мусулмонларнинг раҳбарларига насиҳат қилиш» дегани бу—уларнинг салоҳиятини, тўғри йўлда бўлишларини, адолатларини, Аллоҳнинг итоатида уларни эъзозлашни, ҳақ ишларда уларга кўмакдош бўлишни, уларга ҳақни эслатиб, мулойимлик ила огоҳлантириб туришни, уларга қарши исён кўтаришдан сақланишни, улар ҳаққига муваффақият тилаб дуо қилишни ва бошқаларни ҳам шу амалларга қизиқтиришни яхши кўришдир». (Жомеъ ал-улум вал-ҳикам. 201 – Б. Дору Ибн Касир. Дамашқ. 2008 й).

Ўз ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, оддий фуқаронинг султонга насиҳати ҳеч қачон жамоатчиликка ошкор қилинмайди. Насиҳат қилиш имкони бўлса, фақат подшонинг ёлғиз ўзигагина айтилади холос. Насиҳат оммага ошкора бўлса, бунинг оқибати фитна бўлади. Халқнинг бирдамлигига футур етади. Шунинг учун аҳли суннат ақидасида подшога ошкора насиҳат қилишдан қайтарилади. Ҳа, бу ҳам аҳли суннат ақидавий мазҳабининг асл қоидаларидан биридир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:

مَنْ أَرَادَ أَنْ يَنْصَحَ لِسُلْطَانٍ بِأَمْرٍ فَلَا يُبْدِ لَهُ عَلَانِيَةً وَلَكِنْ لِيَأْخُذْ بِيَدِهِ فَيَخْلُوَ بِهِ فَإِنْ قَبِلَ مِنْهُ فَذَاكَ وَإِلَّا كَانَ قَدْ أَدَّى الَّذِي عَلَيْهِ لَهُ

«Кимки салтанат эгасига насиҳат қилишни истаса, бас, уни ошкора қилмасин. Балки унинг қўлидан ушлаб холи ерга ўтсин. Агар қабул қилса жуда яхши, агар қабул қилмаса у зиммасидаги ишни адо қилган бўлаверади». (Имом Аҳмад).

Расулуллоҳ жаноби олийларининг «бас, уни ошкора қилмасин» деб насиҳатни эълон қилишдан қайтаришлари махфий қилиш вожиблигига далолат қилади.

Бу ҳақиқатларни замонамиз хаворижлари яхши билиб олишлари шарт! Яна билиб қўйсинларки, уларнинг интернет ва ОАВ орқали мамлакат раҳбарларига қарши ташвиқотлари асли аҳли суннат манҳажига тескари ва хилофдир!

Илгари бошлиққа эътироз билдирмоқчи бўлган салафларимиз ҳаргиз жамоъатчилик олдида чиқиш қилишмаган. Улар айни Расулуллоҳнинг таълимотига амал қилганлар. Икки саҳиҳ тўпламда келтирилишича Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан унинг биродарлари халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айрим муаммоларни гапиришни сўрашади. Шунда Усома розияллоҳу анҳу уларга: «биласизларми, мен нима десам уни сизлар ҳам эшитиб қоласизлар-ку», деб уларнинг гувоҳлигида гаплашишдан бош тортади. Қози Ийоз раҳматуллоҳи алайҳ бунга шундай изоҳ беради: «Усома ўшанда бошлиққа очиқча эътироз билдириш эшигини биринчи бўлиб очиб беришдан қўрққан эди. Чунки у бунинг оқибати яхши эмаслиги биларди. Бундай ишларда мулойимлик, ҳалимлик билан кўпчиликка билдирмасдан иш тутилса яхши натижа бўлади».

Ҳа азизлар, мана шу ҳодисада биз учун зарур одоб намунаси бор. Бу айни салафи солиҳларимизнинг одати бўлган. Биз Расулуллоҳнинг ортидан боришни истар эканмиз, Ул зотнинг яқинларига тақлид қилишимиз керак. Кечагина пайдо бўлган фитначи хаворижларга эмас.

Демак қисқа ва лўнда хулоса айтадиган бўлсак, худди имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ каби: «Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз», — деб айтамиз. Ва мана шу айни аҳли суннат вал-жамоат ақидасидир! Бунга хилоф бўлган барча даъватлар умумий хаворижликка тарғиб қилувчи салафлар йўлига ёт чақириқлардир! Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин!

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид