130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Истихора намози: фойдалар ва муҳим кўрсатмалар
imon.uz 04-01-2025 118Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ягона бўлган Аллоҳга ҳамд ва ундан кейин пайғамбар бўлмаган зотга саловат ва саломлар бўлсин.
Аммо баъд: Қуйида келадиган истихора дуосидир. Уни икки ракат намоз ёки нафл намоз ўқигандан кейин айтасиз:
«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика, ва астақдирука би қудротика, ва асъалука мин фазликал азийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъалламул ғуюуб. Аллоҳумма ин кунта таълам анна ҳазал амро (… ) хойрун лий фи дийний ва маъаший ва ъаажили амрий ва аажилиҳи. Фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма баарик лий фийҳи, ва ин кунта таълам анна ҳазал амро шаррун лий фи дийний ва маъаший ва ъаажили амрий ва аажилиҳи, фасрифҳу анний, васрифний анҳу, вақдур лиялхойро ҳайсу каана, сумма роззиний биҳи».
(Маъноси) Аллоҳим, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу ишим (номини айтади) динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози қил.
Фойдалар ва муҳим кўрсатмалар
1. Ушбу дуони равотиб суннатлардан кейин, масалан, пешиннинг аввалги суннати, таҳийятул масжид, зуҳо намози ва бошқа нафл намозларидан кейин ўқиш мумкин.
2. Афзали икки ракат нафл намоз ўқиш, сўнг дуони ўқиш.
3. Биринчи ракатда: «Қул йаа айюҳал каафируун»ни, иккинчи ракатда «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиш яхши.
4. Агар киши автомашинада, самолётда бўлса, ёки унга бир хатар хавф солаётган бўлса, ёки таҳоратсиз бўлиб намоз ўқиш узрли бўлиб турган бўлса, қалби билан юзланиб ушбу дуонинг ўзини ўқийверади.
5. Дуони бошлашда ҳам, якунлашда ҳам Аллоҳ таолога ҳамд ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш мустаҳаб. Бундай қилиш ижобат, қабул ва баракага сабаб бўлади.
6. Барча ишларда истихора қилиш мустаҳабдир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг матнида келади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга барча ишларда истихора қилишни Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатар эдилар. У зот айтар эдилар: «Агар бирингиз бир иш қилишга қарор қилса (ҳали қилмаган бўлса), фарз намозидан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: Аллоҳумма инний астахийрука би ъилмика…десин».
Истихора намози сафар, савдо, касб-амал ва бошқа шу каби мубоҳ ишларда, зудлик билан бажариладиган вожиб ва мустаҳаб тоатларда (масалан: мана шу йил ҳаж қилиш, шу ой умра қилиш, фалончига закот бериш, уйланиш ёки турмуш қуриш ва бошқалар) қилинади. Аллоҳ таолодан фазлини ва тавфиқини сўраймиз.
Истихора намози ҳаром ишларда қилинмайди (Аллоҳ сақласин). Фарз намози, закотни адо қилиш, рамазон рўзасини тутиш, ҳуқуқларни аҳлига бериш каби тезда бажариладиган тоатларда қилинмайди.
7. Кўпинча истихора намози маслаҳат қилингандан кейин ўқилади. Чунки инсон гоҳида бир ишни қилишга қарор қилиб, маслаҳат қилгач, ундан кўнгли қайтиши мумкин. Шунда истихора намозини ўқишга ҳожат ҳам қолмайди. Лекин шунда ҳам барака талабида истихора қилишга монелик йўқ. Маслаҳатдан кейин бирор янги фикрга ҳам келиши мумкин.
8. Истихоранинг маъно ва мазмуни: Инсон ғайбни билмайди. Яхшилик қаердан келишини ҳам билмайди. Аллоҳ таоло пайғамбари, ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга Аъроф сурасида хитоб қилиб айтади: «Сен: «Ўзим учун на фойда ва на зарарга молик эмасман. Магар Аллоҳнинг хоҳлагани бўлур. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим. Ва менга ёмонлик етмасди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи вабашорат берувчиман, холос» деб айт». (Аъроф сураси 188-оят)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқотларнинг саййиди бўлсалар ҳам Аллоҳ билдирмаса, Аллоҳ иноят ва риоят бермаса, яхши ва афзални билмаганлар.
Инсон истихора қиладиган бўлса кучни ҳам, қувватни ҳам ёлғиз Аллоҳдан сўрайди. Аллоҳ таолодан бу ишда тўғри йўл кўрсатишини, риоя беришини ва мустаҳкамлик беришини сўрайди. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилишга ва таслим бўлишга боғлиқ. Бу икки иш даражаси катта бўлган мустаҳаб ишлардир.
9. Истихоранинг фойдаси ва самараси: Инсон яхшиликка юзланиб у сари юра бошлайди. Аллоҳ таолонинг ҳидоятида бўлади. Истихора намозни ўқигандан кейин киши ўзига етган нарсадан надомат қилмайди. Чунки у инсон истихора қилди, эҳтиёт чораларини кўрди, барча сабабларни амалга оширди. Сўнг Аллоҳ унга тақдир қилган нарса етди.
10. Истихорадан сўнг инсонга бирон зарар етмайди деган гап йўқ. Чунки яхшилик гоҳида зоҳиран бизга ёмон кўринган нарсада бўлиши мумкин. Бу эса Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан сақлаган сирларидан бири - тақдир сири ҳисобланади. Бунга саййидимиз Мусо ва саййидимиз Хизр алайҳиссаломларнинг қиссаси гувоҳлик беради. Бу қисса Каҳф сурасининг охирида зикр қилинади. Саййидимиз Мусо алайҳиссаломга ёмонлик бўлиб кўринган нарсани саййидимиз Хизр алайҳисаалом яхшилик эканини билардилар. Бу Аллоҳ таолодан бўлган ҳикмат эди.
11. Мукаммал хотиржамлик ва ишонч ҳосил бўлгунича истихорани такрор қилишдан бирор монелик йўқ. Истихорани тоқ қилиниши мустаҳаб. Бу нарса ҳадис шарифда келган. Лекин бу ҳадиснинг санади заиф. Тоқ қилинишининг мустаҳаблиги ҳақидаги масала эса собит бўлиб, у саҳиҳ ҳисобланади.
12. Истихоранинг фазилатли жойлар ва фазилатли вақтларда қилиниши мустаҳаб ва афзал ҳисобланади. Масалан, жамоат масжидлари ва уч масжид: масжидул ҳаром, масжидун Набавий ва масжидул Ақсода. Уни саҳарда ва зуҳо вақтларида ўқиган яхши.
13. Гоҳида, Аллоҳ таоло баъзи инсонларга уйқуда туш кўриб у ишни яхши ёки ёмон эканига далолат қилиши мумкин. Лекин бу иш ҳаммага ҳам бўлиши шарт эмас. Асл қоида шуки, инсон истихора қилади, сўнг ўз ишларида давом этади. Кейин у инсоннинг қалбида ўша ишга нисбатан кенглик ёки торлик пайдо бўлади. Шунда унга бу иш қийинлик қилади ёки осонлашиб кетади ёки у ишдан буриб юборилади.
14. Аҳли солиҳ ва аҳли истиқомат бўлган кишилардан барака умидида тушларида кўрган ёки кўрмаган, қалбларида кенглик пайдо бўлган ёки бўлмаган вазиятда яхшилик талаб қилишида ҳеч бир монелик йўқ.
15. «Мутлоқ ёки умумий истихора» деган нарса ҳам бор. Буни ҳар бир киши ҳар куни кундузи ва кечаси қилиши мумкин. Масалан: зуҳо намозини ўқиб бўлиб истихора қилади, шом намозининг суннатини ўқиб бўлгач истихора қилади ёки аввобин намозидан кейин истихора қилади, таҳажжуд намозини ўқиб бўлгач истихора қилади. Қай бирини қилса ҳам тўғри бўлади. Айниқса саҳар вақти истихора қилиш жуда муҳим ҳисобланади.
Умумий истихоранинг кўриниши қуйидагичадир:
«Аллоҳумма инний астахийрука би ъилмика, ва астақдирука би қудротика, ва асъалика мин фазликал азийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъалламул ғуюуб. Аллоҳумма ин кунта таълам фиймаа аатий ав азару фий явмий ҳаза ва фий лайлатияллатий талийҳи ва фий сааири айямий ва лаяалийҳи хойрун лий ва ливаалидайя ва лиховаассий ва лимашаайихий ва лизавжатий ва авладий ва лиман ахуссиҳу биддуъаи фақдурҳу лий ва яссирҳу лий…» дуони охиригача ўқийди.
(Маъноси) Аллоҳим, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу ишим ўтаётган кунимда ёки келажак кунимда, келажак кечамда ёки бошқа кун ва кечаларимда менга, ота-онамга, менинг кишиларимга, шайхларимга, аёлимга, фарзандларимга ва дуода хослаб айтган кишиларимга яхши эканини билсанг уни менга насиб эт…
Бу тартиб фақир банданинг тартибидир (ўзларини назарда тутдилар). Буни киши ўзига муносиб тарзда қилса ҳам бўлади. Кечаси ёки кундузи қиладиган дуосига қараб мосласа ҳам бўлади. Бундан ташқари баъзи шайхларнинг бунда сийғада келган дуолари бор. Ҳозир уларни келтирмадим. Валлоҳу аълам.
16. Заиф ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни ирода қилганларида: «Аллоҳим, менга яхшилик насиб эт, менга яхшисини ихтиёр қил» деганлар. Лекин бу дуони киши умумий дуо қилиб олиши ҳам мумкин. Бу дуога: «ولا تكلني إلى اختياري» жумласини зиёда қилиш мумкин. Буни отам – Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин - шундай дуо қилар эдилар.
Истихора ҳақида менга маълум бўлган нарсалар мана шулардир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истихорани саҳобаларига Қуръондан бир сурани ўргатганларидек ўргатганлари ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Ваҳоланки, Қуръон Аллоҳнинг Каломи, мусулмонлар ва бутун оламга раҳматдир. Уни етказишга буюрилган. Нурул мубийн, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонидир. Аллоҳ сизни сақласин, истихоранинг аҳамиятини кўрдингизми? Ажабланарли эмас, у ҳам билвосита башоратнинг бир кўринишидир.
Аллоҳ таолодан ҳидояти, фазли, инояти, лутфи карами билан бизларни хослашини сўраймиз. Аллоҳим, биз ўзимизнинг кучимиз ва қувватимиздан Сенинг кучинг ва қувватинга қайтамиз!
Илоҳимиз, Сен бизнинг Роббимизсан, биз Сенинг қулингмиз. Бизга қаерда бўлса ҳам яхшиликни осон қилгин. Ўша нарсада бизга барака бергин. Уни бизга неъматлантир.
Саййидимиз, ҳабибимиз, бизга яхшиликни ўргатган зот Муҳаммадга ва у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин. Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламин.