130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ
imon.uz 09-06-2020 2846Бир инсон бошқасига ноҳақ азият етказса, шариат бўйича озор чеккан кишида ўч олиш ҳуқуқи пайдо бўлади. Шундай вазиятда, ҳақдор томон қасос олиш ўрнига ўзига озор етказган одамни афв қилса, Аллоҳ таоло ҳузурида кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган:
“Балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағ-фират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли-дир”.
(Нур,22-оят)
Дунёда ҳар бир инсон ҳам хатога йўл қўяди ва ҳамма хатоларининг Аллоҳ таоло томонидан авф этилишини хоҳлайди. Шу боис, ким томонидандир азият етган пайтда: “Аллоҳ таоло мени афв этишини хоҳлаганимдек, мен ҳам ўзгаларни кечиришни истайман”, деб фикр қилиши лозим. Юқоридаги ояти каримада ким ўзгаларни афв қилса, Аллоҳ таоло унинг хатоларини, ин ша Аллоҳ, мағфират қилади, деган маънога ишора бор.
Бу фикр бир неча ҳадисларда ҳам акс этган. Чунончи, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят нақл қилинган:
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси мусулмоннинг жисмига бирор азият етказилса ва у уни афв қилса, Аллоҳ таоло бу туфайли унинг даражасини баланд қилади ва гуноҳини кечади”, деб айтаётганларини эшитганман”.
(Байҳақий ривояти)
Сунани Термизийда бир киши бошқасининг тишини синдириб қўйгани ривоят қилинади. Тиши синдирилган одам ҳазрати Муовия розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб қасос олиб беришни сўрайди. Ҳазрати Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга юқоридаги ҳадисни ўқиб бергач, у қасос олишни тарк қилиб, хусуматчини кечиради.
(Сунани Термизий.)
Ўзига озор берган кишини кечириш ўрнига, қасос олса, яъни унга ҳам ўзига етгани мислича азият етказса, инсон бундан нима фойда топишини фикр қилиб кўриши лозим. Худди шундай, кимгадир бошқа кишидан қасосини олиш имконсиз бўлган азият етса-ю, у уни афв қилмай қиёматга қолдирса, озор берган инсон охиратда азобга дучор бўлади. Бу вазиятда ҳам, “Охиратда унга азоб бўлса менга нима фойда бор?, деб ўйлаб кўриш керак. Бунинг ўрнига, “Уни кечирсам, шу сабабли гуноҳларим кечирилиб, жаҳаннам азобидан эминда бўламан ва Аллоҳ таоло ҳам даражамни юқори қилади”, йўсинида фикр юритиши лозим.
Бирор кишини афв этишдан мурод, ундан дунёда ҳам охиратда ҳам қасос олмасликдир. Ким шу тарзда бошқасини кечирса, ояти карима ва ҳадиси шарифда айтилган фазилатга муяссар бўлади.
Афв қилишда азият етказган кишига нисбатан қалбда илиқлик пайдо бўлиши шарт эмас. Чунки, бу иш инсоннинг ихтиёрида эмас. Илиқликнинг пайдо бўлиши озор берувчининг келгуси ҳолатига боғлиқдир. Шу боис, ўша шахсга нисбатан қалбда ғашлик бўлиб, рўйхушлик бўлмаса ҳам, қасос олишдан воз кечиб, саломга олик олиш ҳамда бошқа ҳақларни адо қилишнинг ўзи билан ҳам, ин ша Аллоҳ, афв қилишнинг фазилати ҳосил бўлади.
Шунингдек, кечириш учун кечирилаётган шахс томонидан келажакда бу каби ишлар қайта содир бўлмаслик чора-тадбирларини кўриш шарт эмас. Агар, кечирилган одамнинг яна қайтадан озор бериш хавфи бўлса, уни мутасаддилар олдига олиб бориш, афв қилишга зид бўлиб қолмайди. Бундай йўл тутиш орқали жабрдийда инсон олдинги ҳаққини кечиб, келажакдаги озоридан сақланиш учун раҳбарлардан кўмак сўрайди. Шунга қарамай, ин ша Аллоҳ, ўзгаларни кечирганлик учун берилган фазилатга эга бўлаверади.
Ҳар кимда қасос олиш жазаваси пайдо бўлса,“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун ҳаргиз ўч олмаганлар”, деган фикрни хаёлидан ўтказмоғи даркор. Тоифлик мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устиларидан тош ёғдириб, муборак юзларини қонга бўяшганда ҳам, У зотнинг муборак тилларида қуйидаги сўзлар такрорланар эди:
“Аллоҳим! Қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билмайдилар”.
(Имом Бухорий ривояти)
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур Тайёрлади