«Мазхабсизликнинг хатари»

«Мазхабсизликнинг хатари»

imon.uz 04-03-2020 1528

Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили –  булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб  ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. 

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.

 Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

  Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Инсоният оламининг бирлиги гурухлар ва фирқаларга бўлиниш омилларини йўқотиш хаёти дунёда Ислом дини ўз олдига қўйган энг муҳим мақсадлардан бири эканида хеч бир ихтилоф йўқдир. Ана шу мақсадни ўзида гавдалантирадиган ва таъкидлайдиган энг ёрқин нарса – Қуръонда ислом дея таъриф берилган “Арқон” калимаси бўлса ажаб эмас. Бутун инсониятга махкам ушлаш амр қилинган ушбу арқон уларни тафриқага кетишдан қанчалик қайтариб турса зое бўлиш ва халокатдан хам шунчалик қайтариб туради. Бу калима Аллох азза ва жалланинг ушбу сўзида келган: 

Барчангиз Аллохнинг арқонини махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли имрон сураси 103-оят)

Бундан ташқари Қуръонда фирқаланиш ва бузғунчиликдан қайтарадиган бирлик ва иттифоқчиликка буюрадиган хамма одамларни ўзларидан олдингиларга ўхшаб алохида-алохида жамоа, алохида-алохида қавм бўлиб олмасликка чақирадиган оятлар кўплаб топилади. Чунончи Аллох таола “Оли имрон сураси 105-ояти) да шундай мархамат қилади: 

Ўзларига очиқ ойдин хужжатлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлманглар, ана ўшаларга улкан азоб бордир”.   

Шунча қатъий далиллар келтирилиб, масала ёритиб берилганидан кейин ўзингизга ўзингиз савол бериб кўринг. Агар шу далилларнинг барчасидан воз кечсак ва ўзимизча ижтиҳод қилган бўлиб одамларни мазхаблар занжиридан уларга қарам бўлиб қолишдан қутулишга хамда ижтиҳод майдонида сайр қилишга чақирсак унда нима бўлади? 

Сизга жавобни ўзим бераман. Агар хамма одамларни уй-жой қурилиши лойиҳаларида мухандисларга эргашишдан, уларни хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади? 

Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан  ва уларнинг сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади? 

Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситачиларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахассисларига эргашишдан уларни билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак нима бўлади? 

Агар хамма одамларни ана шу мутахассисларга эргашишни тарк қилишга унинг ўрнига ўша ишларни барчасида ўзлари ижтиҳод қилишларига, изланиш ва ижтиҳоддан кейин келадиган шахсий қаноатига эътимот қилишга чақирадиган бўлсак кейин одамлар ушбу давъатимизни тасдиқлаб айтганларимизни қилишса нима бўлади? 

Албатта бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса- бу  шубхасиз, тамаддунни, экин-тикинни ва наслни барбод қиладиган бош-бошдоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўя билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг хамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир-бирлари билан  боғлиқликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар. 

Бу хақиқатни хамма, хатто ёш бола хам яхши билади. Хатто мазхабсизликка чорловчиларнинг ўзлари хам яхши билишади. Бироқ нима учун ўша одамлар мана шу қонунни диний ихтисослар, халол-харом хақидаги аҳкомлар борасида хам англаб етмайдилар, бу бизга қоронғи.  

Жиззах шаҳар Хужануриддин жоме масжиди
имом-хатиби Мусаев Абдумитал
Миролим Мансур таёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид