Мўминнинг сиёсати

Мўминнинг сиёсати

imon.uz 2024-02-23 01:30:53 164

Хусусан интернет ва қўл телефони борасида «мўмин сиёсати» бўлиши керак, қўл телефони биздан эмас, биз ундан фойдаланишимиз керак. Интернет фиқҳини тайёрламасак, интернет бизни ўз маданиятига ошно қилиб қўймоқда. Бу борада интернетга қадам босган одам унга ғарқ бўлиб қолиши ҳаммамизни хатарга соляпти ва зотан янги наслга мусулмон тарбиясини беролмаганимизнинг далили ҳам интернетдир. Бир боланинг ота-онасидан тарбия кўрганини ёки кўрмаганини, унинг онаси қанчалик шаръий таълим олганини Аллоҳнинг изни билан қўл телефонидан билиш мумкин бўлиб қолди.

Телефони жиринглаганида «ало» деб қулоғига тутадими ёки қулоғига тутганида «ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ» дейдими, шунга қараб уни ҳам, унинг дўстини ҳам гапирган биринчи сўзиданоқ яхши таниб олишимиз мумкин. «Салом» деб бошлаш қайсидир маънода исломий сўздир. Аммо Ассалому алайкум деб бошлаш ҳақиқий мусулмондек гап бошлашдир. Бундан зиёдаси бўлса ҳам зарар қилмайди.

Гаплашиш асносида баъзи нарсаларнинг аломатини билиш мумкин. Бир мусулмон 3-4 пора Қуръон ўқийдиган вақт мобайнида телефонда суҳбатлашиб ўтириши... бу жуда даҳшат! Бир неча дақиқаларда ҳал бўладиган суҳбатга саотлар сарфлаш дегани бу. Бу борада қўл телефони синов учун жуда ажойиб жиҳоз. Телефонни қандай ишлатиши, фойдаланувчининг саломатлигига қандай таъсир қилгани, телефон сабабли «букри» бўлиб қолганми йўқми, ишлатаётган телефони ундан фойдаланяптими ёки бу телефондан фойдаланяптими, каби бир қанча саволларга жавоб олишимиз мумкин.

Бу фиқҳни бутун оиламиз билан билишимиз лозим. Устоз ўрнидаги кишилар бу фиқҳни билишлари зарур. Маданият-маърифат раҳбарлари бу фиқҳларни биладиган кишилар бўлиши, домлалар ҳам фурсат борида ўргатишлари керак. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло барча неъматларининг ҳисобини сўраганидек, ҳаётимизнинг асосий қисмида ўзи билан машғул қилиб турган жиҳознинг қадру қийматини ҳам ҳисобини сўрайди.

Аллоҳ таолонинг неъматларини ёмон мақсадда фойдаланмайдиган насл бўлишимиз учун маълум тартиб-интизомимиз бўлиши лозим. Мазкур тартиб-интизом қуйидаги шаклда хулоса ва фойдаланиш тавсияси ўлароқ тузиб чиқилди⓵:


1- Интернет ва қўл телефонидан фойдаланиш бир ишдир. Бу ишга динимизда «амал» деб айтилади. Мисол учун амали солиҳ дейилади. Компьютер ёки қўл телефонида интернетдан фойдаланаётганимизда бир иш қилаётган бўламиз. Овқат ейиш ҳам, юриш ҳам бир ишдир (амал), дўст-биродарлар билан чой ичиш ҳам шулар жумласидан.

Биринчи рақамли қонунимиз, Аллоҳ таоло дафтаримизга ҳар бир амални ниятга қараб ёзишини билишдир. Интернетдан мубоҳ жиҳоз ўрнида фойдаланамиз, агар бундан аёлимиз (ёки эрингиз) орасидаги муҳаббатни орттириш мақсадида фойдалансак, юқорида зикр қилинган мубоҳ савобга айланади. Жумладан, ҳадиси шарифларда бир киши аёлининг (ёхуд эрининг) оғзига бир луқма овқат солиши ҳам садақа ўрнида дейилади.

Мўминларнинг орасида тинчлик ўрнатиш учун фойдаланганимизда эса, мазкур мубоҳ энди жуда савобли бўлиб ёзилади. Амри маъруф ва наҳий мункар (яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш) мақсадида фойдалансак, саҳобаи киром қилган ишни қилган бўламиз. 


Лекин ижтимоий тармоқнинг бир жойида яхшиликка чақириб, бошқа жойида энг сўнгги услубдаги разолат ишлар қилинса, бу мунофиқнинг амали бўлади. 

Муборак куннинг тонггида Жума муборак деб хабар қолдирсагу, ўша куннинг кечасига бориб разолат иш қилсак бу мунофиқнинг иши ҳисобланади.


اقْرَأْ كَتَابَكَ كَفَى بِنَفْسِكَ الْيَوْمَ عَلَيْكَ حَسِيبًا 


«Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур).» (Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.)

Исро сураси, 14-оят.

Гаплашган гапларимиз, ёзишган хатларимиз, кўрган расм-видеоларимиз ўша китобингни ўқи, дейиладиган кунда олдимизга келтирилади. Интернет, қўл телефони, компьютер ёхуд номи нима бўлса ҳам, биз учун амал саналадиган ҳар нарса, барча амалларимиз сингари улар ҳам қайд қилиб борилади. Баъзида жиноятчилар компьютердан ўчириб юбордим, деб ўйлаган нарсаларини полиция қайта тиклаб топганидек, Аллоҳ таолога иймон келтирган ҳар бир мўмин бандалар ҳали бўлмаган нарсаларни ҳам ўта яхши билувчи Роббимиздан ҳеч нарса яширин қолмаслигини билмайдиларми? Ижтимоий тармоқлардаги постлар бирма-бир ўқилади ва буни барча инсонлар кўриб турадилар! 


Шуни яхши англаб, газета ўқиймиз, телевизор томоша қиламиз. Умматни ҳақорат қилувчи, бир четида фол кўрувчи газеталарга асло пул тўлаб сотиб олмаймиз. Шундай газетани ўқийдиган одам билан иложи борича олди-сотди қилмаслигимиз, ҳатто унинг дўконига яқинлашмаслигимиз ҳам Аллоҳ буюрган йўлда эканлигимизнинг бир намунаси бўлади. Биз турган тарафга қарши томонда турганлар билан бир ерда бўлиш, тарафимиз раҳбари бўлмиш Расулуллоҳни ранжитади. У зот ранжиган жойда бизнинг омонда бўлишимиз асло мумкин эмас!

———

⓵ Лекин олдин ҳам айтиб ўтганимиздек, бу тартиб-интизомни зикр қилганимизда, маълум бир уламолар ҳайъатининг котиблигини қилаётган ёхуд уламолар билан умумий фикримизни баён қилаётган, бу тартиб-қоидаларни қатъий қонун даражасида кўрилишини ва бунга қатъиян амал қилинишини даъво қилиб чиқаётганимиз йўқ. Бу мавзуда бирор иш қилинмагани, уммати Муҳаммаднинг юқори мавқеъдагилари сиёсат билан овора бўлиб, бу каби «кичик» масалага ҳеч ким эътибор қаратмаётгани сабаб бўлмоқда. Бу тартиб-қоидаларни тавсия ўрнида улашмоқдамиз. Шариат бизга ўргатган тарбиялар натижаси ва узоқ вақтдан бери ўзимиз ёзиб келаётган қайдлар, қўл-телефонимиз ва интернет борасидаги тажрибаларимизни биродарларимиз билан улашишни лозим деб топдик. Насллар етишиб келишида бир ғиштимиз бўлишини истаймиз ва катта даъволарни қилмаймиз, аксинча катта амалларни қиламиз. Бундан яхшисини чиқаргандан Аллоҳ рози бўлсин, биз ҳам ундан истифода қиламиз.



Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид