Мусулмонни куфрда  айблаш –  ҳалокатга элтувчи гуноҳ

Мусулмонни куфрда айблаш – ҳалокатга элтувчи гуноҳ

imon.uz 15-10-2020 789

Шариатимизда инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм этиш, қалбида нима борлигини Аллоҳга ҳавола қилиш буюрилган. Мисол учун, бир киши “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” деса, шу калом унинг мусулмон эканига кифоя қилади. Унинг қалби Аллоҳ таолога ҳавола қилинади.

Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўлганидан сўнг ширк, куфр амалини қилмаса, ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ таоло буюрган ишларни бажариб, қайтариқларидан қайтса, нажот топади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Банда, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб бўлади”, деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).

Имонимиз тақозосига кўра, инсонни зоҳирига эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини дахлсиз, деб биламиз. Яъни унингобрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтади: “Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди. Мен уни найзам билан ўлдирдим. Ортга қайтиб келганимизда, бўлиб ўтган воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етиб борди. У зот яна: “Эй Усома, “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Усома: “У ўзини ҳимоя қилиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим”.

Саҳиҳ ҳадислар тўпламларида саҳоба Абу Зар (р.а.)дан қилинган ривоятда қуйидагича келтирилган ривоятда қуйидагича келтирилган:

“Киши бировга фосиқлик таънасини ҳам, куфр таънасини ҳам отмайди. Агар отадиган бўлса-ю, таъна қилинган кимса шундай бўлмаса, фосиқлик ва куфр ўзига қайтади” (Бухорий, 4/6045; Аҳмад, 5/21611; Баззар, 2/3919; ат – Табризий, “Мишкот ал - масоҳиб”, 2/4816).

Имом Муслим (р.ҳ.) ривоятида мазкур ҳадис бу тарзда берилган:

“Кимки бир кишини куфр билан чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани”, деса, у эса шундай бўлмаса, куфр айтган одамнинг ўзига қайтади”. (Муслим, 1/61; Аҳмад, 5/21503; ат – Табризий, “Мишкот ал - масобеҳ”, 2/4817).

Имом Бухорий (р.ҳ). мазкур ҳадисларни:

“Биродарини таъвилсиз кофир деган кимсанинг ўзи айтганидек бўлиши ҳақидаги боб”да келтирилган. Яъни, ҳар қандай ҳолда бировни кофирга чиқаришдан олдин унинг мўмин – мусулмон эканига таъвил, яхши таъбир қилиш керак бўлади.

“Тафсири Насафий”да айтилишича, Мирдос ибн Нуҳайк (р.а.) мусулмон бўлади, бироқ, ҳали мусулмонлигини ошкора қилиб улгурмаган эдим. Ғазотга чиққан саҳобалар олдига бор – будини ва қўйларини олиб, тоғдан тушиб кела бошлайди. Саҳобалар такбир айтса такбир айтади, кела солиб, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ” дея “Ассалому алайкум”, деб салом ҳам беради. Шунга қарамасдан, Усома ибн Зайд (р.а.) уни ўлдиради, саҳобалар қўйларни ўлжа қилиб олиб, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурлрига келадилар. Бундан Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) қаттиқ ғазабланадилар, “Ундаги нарсалари учун ўлдирдингизларми?”, дея аччиқлари чиқади. Шунда юқоридаги ояти карима нозил қилинади (Абу-л-Баракот ан-Насафий. Тафсири Насафий – Мадорик ат – танзил. 1-2 жилд. – Тошкент, Нўъмон Тошкандий нашри, 1988. – Б. 244).

Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) томонларидан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деб марҳамат қилганлар:

“Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади” (Бухорий. 8/6103-6104).

Биз мусулмонлар мусулмонларни кўпайтириш учун яшаяпмиз. Улар орасига фитна солиш ёки уларни диндан чиқариб камайтириш учун дунёда турганимиз йўқ. Кимки бирон мусулмонни кофир деса, ўзи кофирга айланади. Бу ҳақ гап.

Халқимиз таъбирига кўра: айтилган гап – отилган ўқ. Унинг мазмуни – моҳиятини билмаймиз. Киши нима мақсадда бирор сўз айтса, унинг зоҳирига эътибор қаратилади. Ботини эса Аллоҳга ҳавола этилади.

Энди сўзимизни ҳаётий мисоллар билан исботлашга ўтсак. Инсон уялса, юзида зоҳирланади. Натижада биз унинг уялганини кўрамиз.

Инсоннинг танаси вирус каби зарарли нарсалар ўта олмайдиган зоҳирий ҳимоя қатлами – тери билан қопланган. Инсоннинг териси ғовак, аммо ҳимояланиш воситаси ҳамдир. Тери орқали биз иссиқ – совуқни, оғриқни сезамиз. Ғовак терини мустаҳкам ҳимоя воситаси қилган Аллоҳнинг қудратидан ибрат олишимиз керак. Зоҳир бизнинг ҳудудимиз, Аллоҳ таоло чегаралаб қўйган зоҳирдан ўтиб, ботинни кавлаштириш биз бандаларнинг вазифамиз эмас.

Шариатдан инсон танасининг игнадай жойидан қон чиқиб ёйилса ёки ел чиқса, таҳорат синади. Аммо тери остидаги томирлардан қон оқаётганини ҳамма билади, лекин бу билан таҳорат синади, дейилмайди.

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саодат асрида мунофиқларнинг кимлигини билардилар. Уларга: “Сен мунофиқсан”. Демасдилар, жазо ҳам бермасдилар. “Биз мусулмонмиз”, деб шаҳодат калимасини қайтарса, уларнинг моли, жони, обрўси ҳимоя қилинган.

Ҳозир мусулмонларни бир – бирига гижгижлаб, қон тўкилишига сабаб бўлаётган, дин ниқобидаги фитначилар Ислом дини ва мўминларнинг душманларидир. Уларга эргашаётганлар эса ёвуз қўлларда қўғирчоққа айланган содда, илмсиз, ғофил ёшлардир.

Шариатда лафз эътиборга олинади. Никоҳда қизнинг: “Хотинликка розиман, буни қабул қилдим”, дейиши билан никоҳ тузилади. Талоқ масаласида ҳам худди шундай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарсанинг жиддийси ҳам – жиддий, ҳазили ҳам – жиддий: никоҳ, талоқ ва ражъат”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳа, Ислом ғоят гўзал ва итоат қилишга енгил диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енгиллаштиринг, асло қийинлаштирманг, башорат беринг, асло нафратлантирманг” (Имом Бухорий ривояти), дея бежиз айтмаганлар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги сўзи: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, у жаннатга киради” (Имом Абу Довуд ривояти), деганлар. Айтинг-чи, Аллоҳнинг расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу башоратларини ким инкор эта олади ёки тафтиш қила олади?! Зеро, ким жаннатий, ким дўзахий – маҳшарда бўлар маълум!

 

Абдумутал ОТАБОЕВ

Ўзбекистон мусулмонлари

идораси Жиззах вилояти

 вакили ўринбосари 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид