НАМОЗ ФАҲШ ВА МУНКАР ИШЛАРДАН ҚАЙТАРУР!

НАМОЗ ФАҲШ ВА МУНКАР ИШЛАРДАН ҚАЙТАРУР!

imon.uz 2025-01-03 01:47:43 30

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири намоздир.

Намоз диннинг устунидир.

Намоз тоатларнинг дуридир.

Намоз мўминнинг меърожидир.

Намоз нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашнинг белгиси ва ўлчовидир.

Намоз ибодат, тавҳид ва шукр маъноларини чуқурлаштирувчи воситадир.

Намознинг аҳамияти Қуръони Каримда бир қанча оятларда таъкидланган: 

ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ (٤٥)

“Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фаҳш ва мункардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” .

(Анкабут сураси, 45-оят).

  Биз “намозни тўкис адо эт”, деб таржима қилган жумлани тўғридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ўгирадиган бўлсак, “намозни тик турғиз” деган маъно келиб чиқади.

(Янаям тушунарлироқ бўлиши учун: Ўқиётган намозинга руҳ кирсин, батамом қил, ўтириб қолмасин, эгилиб қолмасин, букилиб қолмасин, чўккалаган ёки ўтириб олган бўлмасин, намозни мукаммал қоим қил)

 Демак, намоз ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни тўкис адо этиш орасидаги фарқ бор.

Агар биз намозни ҳақиқий қоим қиладиган бўлсак, ичимизда нима учун фалончи намоз ўқиб туриб ёлғон гапиради деган саволларни бермаймиз.

Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга “Намоз ўқи ”, деб эмас, “Намозни тўкис адо эт”, деб хитоб қилмоқда.

Ҳа, тўкис адо қилинганда, “Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур”.

  Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимнинг намози сохта эканини билиб оламиз.

Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фаҳш ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фаҳш ва мункар ишлардан қайтади.

عن الحسن رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "من صلى صلاة لم تنهه عن الفحشاء والمنكر لم يزدد بها من الله إلا بعدا". أخرجه البيهقي في(شعب الإيمان)


Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиш зиёда бўлади, холос”, деганлар”.

  Чунки намоз Аллоҳнинг зикридир.

“Албатта, Аллоҳнинг зикри улуғдир”.

  Жумладан, намозни тўла-тўкис адо этсангиз ҳам, чала, ноқис ўқисангиз ҳам билур. Ундан ҳеч бир иш махфий бўлиб қолмайди.

  Ушбу ишда ҳам иймон синови, ҳақиқий мўминни мунофиқдан ажратиш омили яққол кўриниб турибди. Ҳақиқий мўмин синовларга бардош бериб, намозини тўкис адо қилади.

Намоздаги хушуъ ва хузуъ банданинг руҳини поклайди.

Биз бу ҳақиқатни билишимиз керак


Ушбу маълумотлар "Шайх Муҳуммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг Руҳий тарбия, 1-жилд" китобидан, ҳамда ушбу китоб асносида қилган илмий-маърифий суҳбат дарсларидан олинди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид