130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

НАМОЗНИ ТЎЛИҚ АДО ЭТИНГ. ШУНДА БАРЧА ИШЛАРИНГИЗ ТЎҒРИ БЎЛАДИ, ҲАММАСИ ЎЗ ЙЎЛИГА ТУШАДИ
imon.uz 2025-02-17 11:57:52 128Ҳаётимда кимни намозларини ўз вақтида, хушуъ-хузуъ, одоблари ила адо этганини кўрсам, албатта унинг барча ишлари ўз йўлида, қалби хотиржам, ризқи осон келаётган бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида марҳамат қиладики:
"Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят)
Намозларига бепарво ёки уни ўйин қиладиган кимни кўрган бўлсам, албатта, унинг ишлари ўлда-жўлда, хаёли паришон, ўзи бесаранжом бўлган. Зеро, бу намоз хотиржамлик, фароғат ва омонлик манбаидир. Шунинг учун ҳам у Куръонда тавҳид Аллоҳни бир деб билишдан кейинги энг асосий иш сифатида баҳоланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деб айтган:
"Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта (оғир) ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бахтиёрлик сабаблари ҳам намоз эди. Агар у зот бирор ишдан хафа бўлсалар, ғамга ботсалар ёки бошларига мушкулот тушса: "Эй Билол, бизни намоз ила роҳатлантир!” дер эдилар. Шунча йиллик тажрибам, кўплаб инсонлар билан кўришгандан кейинги хулосаларим асосида сизларга шуни насихат қиламан, намозларингизни ўз вақтида, қалбий хушуъ ила, суннат ҳамда одобларига риоя қилган ҳолда адо этишга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратинглар!
Намоз вақтида муҳим ишингиз чиқиб қолиши мумкин. Агар азоннинг "Аллоху акбар, Аллоҳу акбар” калималари такрорланаётганини эшитсангиз, қилиб турган ҳар қандай ишингиз: у хоҳ ижтимоий бўлсин, хоҳ қандайдир алока, хоҳ ёзиш бўлсин, хоҳ ўқиш, қандай иш бўлишидан қатъи назар, уни тўхтатинг ва намозга ҳаракат қилинг. Шунда Аллоҳ таоло сизни саодатманд этади, сизга мағлубият ва ризқ эшикларини очади. Унинг Ўзи сизга ёрдамчи, кўмакчи ва қўлловчи бўлади. Намозингизга эътиборли бўлинг, қалбингиз хушуъда бўлсин. Зеро, сиз намозда Роббингизга муножот қиласиз. Шундай экан, раббоний дарë ва мислсиз файз ила қалбингизни кунда беш марта покланг. Ўзингиздан гуноҳларни ювиб ташланг, хато ва пасткашликлардан покланинг. Ғалаба намозхонларники. Кўз қувончи сажда қилувчиларга тегишли. Руку қилувчиларга хушбахтлик бўлсин!
«Ниҳоят саодатни топдим» китобидан