130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
НИКОҲ БИЛАН БОҒЛИҚ УРФ ВА МУНКАР ИШЛАР
imon.uz 2024-08-09 01:45:22 244ТЎЙНИ ИХЧАМ ҚИЛИШ
Ислом дини никоҳга ниҳоятда катта эътибор беради, чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Никоҳ барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатидир», деганлар. Шунинг учун никоҳ маросимларини қилишда шариат кўрсатмаларига қаттиқ риоя қилиш лозим. Минг афсуски, ҳозирги кунда никоҳ маросимларига тегишли шаръий аҳкомлар очиқчасига поймол қилинмоқда. Одамлар тўй хурсандчилиги билан сархуш бўлиб, ўзининг Холиқини, Моликини, суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳидоятини унутиб қўйишяпти. Айниқса, ўзига тўқ одамлар қилаётган тўйларини овоза қилиш учун кимўзарга борини сарфлашяпти, тўйхоналарга ҳатто миллионлаб пуллар тўланяпти. Тўй қилаётганларнинг дарду ғами - ейиладиган, ичиладиган нарсаларни турли-туман хил қилиш бўлиб қоляпти. Ҳатто тўйдаги ҳар бир ҳолатни видео ва фототасвирга олиш ҳам қилинмаса бўлмайдиган ишга айланиб улгурди.
Тўйхоналарда эса аёлу эркак аралаш ўтирадиган бўлиб кетди. Ҳаё пардаси кетган ёшлар бундай тўйлардан ўзларича лаззат олмокда. Бу каби тўйлар фаҳш ва мункар ишлар содир бўладиган жойга айланиб қолди. Бундан ташқари, сеп-сидирғаларни кўз-кўз қилиш, шариатда бўлмаган урф-одатларни маҳкам ушлаб олиш, “Қариндош-уруғлар, одамлар нима дейди?” деб, жоҳилона ишларга қаттиқ эътибор бериш каби дилни хира қиладиган ишлар урчиб кетди. Бу каби ташвишлар кишига тўйда хурсандчилик бағишлаш ўрнига ғам-ташвиш келтиряпти. Бундай сохтакорлик тўй қилмоқчи бўлган ўртаҳол ва камбағал кишиларга оғирлик келтирмоқда. Шунинг учун ҳам қанча-қанча қизлар турмушга чиқишдан маҳрум бўлиб, ота-оналари кечалари ухлай олмай, кундузлари беҳаловат юришибди.
“Никоҳ китоби. Никоҳга оид муҳим масалалар” китобидан