130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
13.03.2020 й. Никоҳ – муқаддас ришта
imon.uz 2020-03-11 637
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لله الَّذِي جَعَلَ النِّكَاحَ سُنَّةً لِلْأَنَامِ وَفَاصِلاً بَيْنَ الْحَلَالِ وَالْحَرَامِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي أَمَّا بَعْدُ
НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА
Муҳтарам жамоат! Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири бўлиб, кишининг никоҳланиб, оила қуриши ибодат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан бўлган Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккита: биринчиси – иймон, иккинчиси – никоҳдир”.
Маълумки, никоҳ туфайли оила барпо бўлади. Оила ҳам бир кичик жамият бўлиб, унинг раҳбари эрдир. Агар эр ўз вазифасини масъулият билан бажариб, ҳалол – пок бўлса ва қўл остидаги аҳли-аёлига чиройли муомала ва муносабатда бўлса, оиласи осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Демак, оиланинг бахтли ҳаёт кечиришида эрнинг ўрни жуда каттадир. Қуйида эрнинг баъзи вазифа ва мажбуриятларини баён қиламиз:
- Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга намуна ва ибратдирлар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни сифатлаб шундай деганлар: “У Зот аёллари билан энг мулойим, карамли, хушчақчақ ва сертабассум киши бўлар эдилар”.
Бир ғазотдан қайтиш чоғида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларни олдинроқ юришга буюриб, Оиша онамиз билан югуриш мусобақасини ўтказганлар. Бу ҳақда Оиша онамизнинг ўзлари шундай деганлар:
تَسَابَقْتُ اَنَا وَرَسُولُ اللهِ فَسَبَقْتُهُ فَلَبِثْنَا حَتَّى إِذَا أَرْهَقَنِي اللَّحْمُ سَابَقَنِي فَسَبَقَنِي فَقَالَ: "هَذِهِ بِتِلْكَ
(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ والامام أحمد)
яъни: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусобақалашдим. Мен У зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг (яъни, бошқа бир ғазотдан қайтишда) менинг гўштим оғирлашганда (яъни, бироз семириб қолганимда) яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “Ҳалиги билан биру бир”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларида исломни ёйиш, давлатнинг ички ҳолатини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш каби масъулиятлари бор эди. Одатан бу ишлар эркак кишини бутунлай машғул қилиб қўядиган нарсалардандир. Ул зот бундан ташқари Аллоҳдан ваҳий қабул қилардилар, доимий ибодатлар ва бошқа буюк ишлар билан машғул бўлардилар. Аммо мана шунча ишларга қарамасдан, зиммаларидаги аёлларининг ҳақларини ҳам унутмаганлар. Уларни ахлоққа чақириб тарбиялашни ҳам, эр-хотинлик муносабатларини ҳам ёддан чиқармаганлар. Ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.
- Аёлга маҳр бериш.Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً”
яъни: “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” – дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар. Маҳр эрнинг гарданидаги аёлидан қарзи ҳисобланади.
- Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши.Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ
(رواه الإمام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳақда Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
وَاعْلَمْ أَنَّهُ لَيْسَ حُسْنُ الْخُلْقِ مَعَهَا كَفُّ الْأَذَى عَنْهَا، بَلْ اِحْتِمَالُ الْأَذَى مِنْهَا
яъни: “Билгинки, аёлингга озор беришдан тийилишинг ҳусни хулқ эмас. Балки, ундан етадиган озорни кўтаришинг ҳусни хулқдир”.
Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, ғазабини ичига ютиши керак бўлади.
- Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши.Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
"إِنَّ اللَّهَ يَغَارُ وَإِنَّ الْمُؤْمِنَ يَغَارُ وَغَيْرَةُ اللَّهِ أَنْ يَأْتِيَ الْمُؤْمِنُ مَا حَرَّمَ عَلَيْهِ"
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади. Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.
- Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ
яъни: “Уларга ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз...” (Талоқ сураси 6- оят).
Демак, эрнинг зиммасида хотинини турар жой билан таъминлаш мажбурияти бор. Фиқҳий китобларимизда: Аҳли-аёл учун ҳеч бўлмаганда қулфланадиган алоҳида битта хона ажратиб бериш эрнинг гарданидаги бурчидир дейилган.
- Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини таъминлаши.Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ
яъни: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!...” (Талоқ сураси, 7-оят).
Мазкур нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ
(متفق عليه)
яъни: “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас.
Афсуски, баъзи эрлар улфатлари билан кўча-кўйда яхши ва сара таомларни еб юрадида, уйдаги аёли ва бола-чақаси эса зўрға тирикчилигини ўтказади. Бундай қилиш оилага зулм ҳисобланиб, фарзандлар ҳаққига хиёнат бўлади.
- Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.
- Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ
яъни: “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ اَلرَّجُلُ يُفْضِيْ إِلَى اِمْرَأَتِهِ وَتُفْضِيْ إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا
(رواه الامام مسلم عن أَبي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат куни Аллоҳнинг даргоҳида энг ёмон мақомда бўладиган одам – аёли билан эр-хотинлик алоқасини қилиб, сўнгра аёлининг сирларини ошкора қилган кишидир” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳозирги кунда айрим эркакларда қуйидаги камчиликлар кузатилмоқда:
- Баъзи эрлар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат ҳам қилишмоқда.
- Баъзилар эса ўзга юртларга кетиб, узоқ вақт қарамоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўймоқда.
- Баъзи эрлар кун бўйи кўча-кўйда юриб, аҳли-аёли ва фарзандларини олдига борганда телефонидан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъул. Уларга ҳам вақт ажратиши ва уларнинг ҳаққини адо қилиши керак.
- Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.
- Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.
Юқоридагиларнинг барчаси аҳли-аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши қаттиқ қораланган. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир.
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин! Омин!
Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмини таяммумга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш”, деган маънони билдиради. Шариатимизда эса поклик ҳосил қилиш учун пок ер жинсини қасд қилиш (яъни, юзга ва қўлга суртиш)дир. Пок ер жинси деганда - тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳоратнинг ҳам, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтади. Аллоҳ таоло айтади: فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا яъни: “...(лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилинг...” (Моида сураси, 6-оят).
Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак. Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:
- Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
- сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
- ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан соғлигига зарар етиши аниқ бўлса;
- сув олдида душман бўлса;
- таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
- қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.
Таяммум қуйидагича қилинади:
- Бисмиллаҳни айтиб, дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок тупроқни қасд қилади;
- кейин икки қўлини пок тупроққа уради, ёпишиб қолган тупроқни қоқиб, қўлларини юзига суртади;
- кейин яна қўлларини тупроққа уради ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилади. Бунда қўлларнинг тирсаккача бўлган жойини масҳ қилиш шарт.
Таяммумни намоз вақти киришидан олдин қилса ҳам бўлади. Сув топилгунча, битта таяммум билан хоҳлаганча намоз ўқиш мумкин. Таяммумни таҳоратни бузувчи нарсалар бузади.
Сув топишидан умиди бўлган киши намозни охирги вақтигача кечиктириб туриши мустаҳаб ҳисобланади (“Ал-Мухтор”, “Ал-Ихтиёр” китоблари).
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси
“САХОВАТ – ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ФАЗИЛАТ!” мавзусида бўлади.