Носоғлом ақиданинг дунё ва охират учун зарарлари

Носоғлом ақиданинг дунё ва охират учун зарарлари

imon.uz 03-06-2020 926

a)    Ислом ва ақидавий йўналишлар

Исломдаги ақидавий йўналишлар сони тарихий манбаларда турлича берилган. Улардан энг асосий ва машҳурлари – суннийлик, қадария, муржиа, жабария, хорижия, мўътазила ва шиа кабилар.

Исломдаги йўналиш деганда муайян эътиқодий масала асосида бирлашган мусулмонлар жамоаси тушунилади. Масалан, суннийлик йўналиши суннат ва жамоат асосида, хорижийлик ажралиб чиқиш ва қаршилик кўрсатиш, шиалик эса Али (р.а.) ва унинг авлодларини ҳаддан ортиқ эъзозлаш асосида бирлашган.

Уламолар нажот топувчи йўналиш бу “Аҳли Сунна вал-Жамоа” эканига иттифоқ қилишган. “Аҳли сунна” дегани Муҳаммад (а.с.) суннатларига эргашувчилар ва “вал - Жамоа” сўзи эса мусулмонларнинг кўпчилиги ортидан юрувчиларни англатади. Демак, “Аҳли Сунна вал - Жамоа” – суннатга ва жамоага эргашувчилардир. Ҳақиқатан, бугунги кунда мусулмонларнинг аксари, яъни 92.5 фоизи “Аҳли Сунна вал - Жамоа”га мансубдир. “Аҳли Сунна вал - Жамоа” номини қисқартириб, “суннийлик йўналиши” деб ҳам юритилади. Ақида борасида мотуридия ёки ашъария таълимотига, фиқҳда эса тўрт мазҳаб: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига мансуб бўлган мусулмонлардан ташкил топган жамоа суннийлик мазҳабини ташкил қилади.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Абу Мансур ҳазратлари яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси – оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеъинларнинг ижмоъ ва ижтиҳодлари, яъни нақлий далиллар. Иккинчиси – ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмасдан, нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқарганлар.

Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади. Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги ушбу далилларни тан олмас, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланар эдилар. Шайх Абу Мансур эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда фойдаланиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилганлар.

Аҳли Сунна вал – Жамоа ақидаси ўша даврда уч буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган, унинг асосий рукнлари ишлаб чиқилиб мусулмонларга тақдим этилган.

1.     Бағдодда Абул Ҳасан Ашъарий (260/873 – 337/935)

2.     Мисрда Абу Жаъфар Таҳовий (туғ. 230/845й)

3.     Мовароуннаҳирда Абу Мансур Мотуридий (256/870 – 333/944)

Бу уч зот сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирганлар.

      Абу Мансур Мотуридий ўз давридаги ақидавий оқимларнинг салбий таъсирини кесиш, улар иддаолари, яъни мақсадларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар келтириш орқали ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, илми калом, мантиқ ва мунозара қоидаларига суянган ҳолда хасмлар (даъвогарлар) жаҳолатига илму маърифат билан жавоб қайтарганлар.

Ашъарийлик таълимотининг асосчиси Абул – Ҳасан Али ибн Исмоил Ашъарий 260/873 йилда Басра шаҳрида таваллуд топган ва 337/935 санада Бағдодда вафот этган. Тўлиқ номи Али ибн Исмоил ибн Исҳоқ ибн Солим ибн Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн аби Бурда ибн аби Мусо Ашъарий бўлиб, машҳур саҳобий Абу Мусо Ашъарий (р.а)нинг авлоди ҳисобланади.

Абул – Ҳасан 40 ёшигача мўътазилийлар таъсирида бўлди. Сўнг ўз устози билан баъзи масалалар жумладан, “аслаҳ” масаласи ихтилофга борди.

Кўп мунозаралардан сўнг унинг тафаккурида бир қатор саволлар уйғонади ва ўзида сунний йўналишидаги олимларнинг фикрларига мойиллик сеза бошлайди. Шундан сўнг у ҳар икки томоннинг ҳужжат – далилларини солиштиради. Ниҳоят, қаноат ҳосил қилгач, Басра жоме масжидида минбардан туриб: “Эй одамлар! Мени билганлар билади, билмаганлар билмайди,билмайдиганларга ўзимни таништираман. Мен қуръонни махлуқ, яъни яратилган деб билардим. Аллоҳ кўз билан кўрилмайди, ёмон ишларни мен ўзимча (яъни Аллоҳнинг иродасисиз) қиламан деб айтар эдим. Ҳозир мен тавба қилдим, мўътазилийларни рад қилишга киришаман. Ҳамма ҳужжат – далилларни ўрганиб чиқдим. Ҳеч бири бошқаси устидан кучли бўлиб чиқмади, сўнг Аллоҳдан ҳидоят сўрадим, у менга ҳидоят берди. Шунинг учун ҳам бир қанча вақт сизлар билан бирга бўлмадим. Мен илгари эътиқод қўйган нарсаларимни шу киймимни ечганим каби ечаман”, деб Абул –Ҳасан кийимларини ечади ва ёзган нарсаларини муҳаддис ва фақиҳлар жамоасига беради.

Абул – Ҳасан Ашъарий мўътазилий ва шу каби оқимларнинг фикрларини ҳар жойда рад қилади ва “аҳли сунна имоми”, “аҳли сунна ҳимийси” деган номга сазовор бўлади.

“Хорижий” сўзи араб тилидаги “хаража” сўзидан олинган бўлиб, “чиқмоқлик” маъносини англатади. Бинобарин, хорижийлар Али ибн Абу Толиб (р.а.)тва Муовия ибн Абу Суфёнга қўшилмай, уларга қарши бош кўтарган тоифадир.

“Шиа” сўзи луғатда, “тарафкаш” маъносини англатади. Исломий маънода шиа Али ибн Абу Толиб ва унинг авлодларини барчадан устун қўйиш оқибатида мусулмонлардан ажралиб чиққан йўналиш ҳисобланади.

Бизнинг асримизда мазкур йўналишлардан Аҳли Сунна вал – Жамоа, Шиа ва оз миқдорда Хавориж йўналишига мансуб мусулмонлар мавжуд.

Бу тарихий воқеаларни эсдатишдан мақсадимиз ақидавий масалаларда доимо баҳс бўлиб келган ва ҳақиқат доимо ғолиб келган. Асосли илм эгалари – ноаниқ ва чала илм соҳибларига раддия бера олганлар.

б) Ҳозирда ақидавий бузилишлар меваси

Интернет ҳозирги ёшларнинг қизиқа оладиган тез ва осон ахборот қабул қилиб тўғри ёки нотўғри эканининг таҳлил қила олмасдан фикрий таназзклга, оний адашишга олиб борадиган маконга айланди. Қизиққан ва шошқалоқ,ота – онасининг ёки ёши улуғ устозларнинг насиҳатларига қулоқ солишга тоқат – сабр топа олмайдиган ёшлар номаълум раҳнома “олим”ларнинг қўғирчоғига айланди.

Соф ақида илми ҳақида, инсон аввало ўз ақидасининг тўғрилаб олишини, кимга ишониш ва кимга ишонмаслик ҳақида тарози борлигини эсдан чиқардилар. Айниқса араб ёшлари ақида билмаслик қурбонига айландилар. Қўлларига қурол олиб ўз ота – оналарига, ватанга ҳиёнат қилдилар.

Вайронага айланди ватан. Етим бўлди болалар. Оналар тул бўлди. Боғ – роғлар кул бўлди.

Фитначилар араб диёрида қонли можароларни амалга оширишда ёшлардаги қизиққонликни алоҳида ҳисобга олишиб, ўзлари яратган ёвуз вирусни “баҳор” деб, жуда ёқимли сўз билан ниқоблашган. Афсуски, баҳорга интилган ёш­лар ўз халқларининг душманлари қўйган тузоққа илиниб қолди.

“Араб баҳори” стихияли ҳодиса эмас. Балки, муайян кучлар томонидан тайёрланган, уюштирилган, амалга оширилган ходисадир, — дейди исроиллик таҳлилчи Петер Аппел.

Халқни, аниқроғи, ёшларни хукуматга қарши қайраб уруш чиқаришда ахборот хуружининг алохида “ҳиссаси” бор.

Бугунги ёшлар интернетга қизиқиши ниҳоятда кучлилиги би­лан ажралиб туради. Бунга интилиш ёки интернетни тақиқлаш тескари натижалар бериши мумкин.

Маълумотларга қараганда, Сурияда ҳудди шундай воқеа юз берган. Жумладан, интернетнинг “Facebook” тармоғи Суриянинг конуний тизимига қарши иш олиб боради. Шундан сўнг хукумат ёшларнинг бу тармокка кириш йўлини тўсади. Ана шунда: “Мана, Башар Асад сурияликлар ҳали эркин матбуот, интернетдан фойдаланиш даражасига етишгани йўқ”, демоқда деган ҳабар тарқатилади. Аниқ мақсадни кўзлаб тарқатилган бундай ахборот хуружи суриялик ёшларнинг интернетдаги хабарларга янада маҳкам ёпишишига сабаб бўлади. Бошқача қилиб айтганда, бундай хабар сурияликларни ўзлари сайлаган Президент Башар Асадга қарши қайраш эди.

Интернетдаги айрим ижтимоий тармоқлар араб ёшларининг тафаккурларини булғади. Уларнинг ёpyғ кунини тунга айлантирди. Интер­нетдаги "Facebook", "Тwitter", "Оdnoklassniki" каби тармоқлар ўз гуруҳларини ажратиб олгач, уларнинг хулқига, хатти-ҳаракатига ҳам эгалик қилмоқда.

Биз учун юқоридаги воқеалардан хулоса шуки, фарзандларимиэга дўстона муносабатда бўлиб, уларнинг орзулари, қизиқишларини ўрганишимиз, тарбия беришда шунга қараб муносабатда бўлишимиз зарур. Ёшларимиз мустаҳкам ақида соҳиблари бўлсалар бу каби фитналарга алданмас эдилар.

 

ЎМИ Жиззах вилоят вакиллиги муҳтасиби

 Маруфхон Ҳошимхонов

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид