Одамларга манфаат етказиш оиладан бошланур

Одамларга манфаат етказиш оиладан бошланур

imon.uz 04-10-2019 855

Инсонлар жамият бўлиб яшашга тақдир қилинган. “Бўлинганни бўри ер”, дейди доно боболаримиз.  Жамиятнинг илк бўғини бўлган оилани ва оилавий  аҳилликни  кўз қорачиғидек асрамоқ миллий қадриятимиздир. Барча ижобий кўникма ва чиройли хулқлар ота-она тарбияси сабабли пайдо бўлиши исботини топган. Бир ота-онадан туғилиб бир-бирига меҳр-оқибат кўрсата олмаган ёки ўз ота-онасини ҳаққини риоя этишни билмаган кишидан ким ҳам меҳр ё оқибат кута олади. Ўз ота-онаси билан одамийлик мулоқотида бўлмаган, уларни эшита олмаган,  дардларига малҳам бўла олмаган шахс кимга ҳам ҳамдардлик кўрсата олади. Оилавий меҳр муҳаббат ва оқибатдан дарс ола билмаган инсондан барча четланади, нафратланади.

  Инсоний мулоқотларнинг муаллими ота-она бўлади.  Манфаатларни фарқлай билиш, ўзаро ёрдамларни ташкил қилиш, меҳр-оқибат кўрсатиб эътибор бериш характерлари оилада шаклланади.

Фидойилик яъни, ўзига севимли бўлган нарсани бошқага ҳам раво кўриш мўминлик зийнатидир. Эгоцентиризим, яъни, худпарастлик, ўзига бино қўйиш, ўзини севиш, ўз нафсонияти йўлида хеч нарсани тан олмаслик ва ҳеч нарсадан тап тортмаслик ўта жоҳилликдир. “Оммавий маданият” деб аталмиш маънавий-ахлоқий таназзулга ушбу шиор асос бўлиб хизмат қилади. Ёшларни ўз нафсининг қулига айланишга даъват этади. Тажрибасиз ёшларни ялтироқ, маъносиз шиорлар билан  гўё, эркинликка чорлайди. Ота–онадан айириб, тарихидан, меҳр булоқларидан ажратиб, тубсиз ҳалокат жарлигига – ўзини ўзи еб битириш қоидасига чорлайди. Унга ҳаёт моҳиятини саробга айлантириб,  ўз қурбонини ёш жонига қасд қилиш  тегирмонига ағдариб юборади. Ҳақиқат эса “Ўта эркинлик – энг даҳшатли қулликдир”, деган ҳикматли сўз замиридадир.

Абдулла Авлоний “Агар бир киши ёшлигида нафси бузилиб, тарбиясиз, ахлоқсиз ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак, ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидир. Дин ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан, фойдани зарардан, оқни қорадан, яхшини ёмондан айира олмас, бундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга ва на миллатга тариқча фойда йўқдур”, деганлар.

Инсоний мулоқотнинг кушандаси, айниқса ёшларни жонли ҳаётдан юлиб олиб ёлғизликка, одамовиликка гирифтор қилаётган интернетнинг ёвуз таъсири ҳақида сўз очмасак бўлмайди. Зеро, бу мавзу ҳозирда энг долзарб мавзу десак тўғри бўлса керак. Аслида барча қулай имкониятлар инсонларнинг дўстлашиши, меҳр- муҳаббатли бўлиши, оила мустаҳкамлиги, ободончилик каби маънавиятларга хизмат қилиши керак. Афсуски, чегара билмас интернет имкониятларини суистемол қилиб, тажрибасиз ёшларнинг қизиқувчанлигидан фойдаланиб бузуқлик, ҳаёсизлик, диний ғояларни бузиб кўрсатиш, руҳий таназзул, одобсизлик каби ғояларни тарқатаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Ғоявий душманлар ўз мақсадларига эришиш  учун одамларни ўз тарихидан, миллий қадриятларидан, бир-бирларидан, ота-онасидан,  одамлардан ажратиб олмоқчилар ва инсоний мулоқотларни йўққа чиқармоқчилар.

Вашингтон университети профессори Фредерик Зиммерман 4 ёшдан 11 ёшгача бўлган 1266 нафар бола ўртасида тадқиқот ўтказиб, бундай  хулосага келди: “Аслида боладаги  жиззакилик, жаҳлдорлик, бетгачопарлик ҳолати ваҳший теле-видео, компютер ўйинлари таъсирида эмас, ота-онанинг бепарволиги боис келиб чиқади. Гўдак ўзига шу тарзда эътибор тортишга уринади. Ота-онасидан топа олмаган меҳрни митти қалб, албатта, “темир қутилар”дан излайди-да!” (Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя. “Мовароуннаҳр”нашриёти, 2016)

Демак, манфаатлар етказишни,  дахлдорлик ҳиссини, ўзаро эътиборлиликни  ўз оиламиздан, фарзандларимиздан бошлайлик. Меҳр ва эътибор ҳислари оилада шаклланади, парваришланади, вояга етказилади.  Ёш гўдакнинг қалбига меҳр-муҳаббатни меҳрибон кўзлари ва мулойим сўзлари билан ўз ОНАСИ экади, ўрнатади. Дастлабки мулоқот она ва бола мулоқотидир. Отанинг оиладаги ўрни  она ва болани моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш, муҳофаза этишдир.

 

 

Жиззах вилояти бош имом-хатиби

ўринбосари Атабaев Абдумутал

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид