Оила – меҳр оқибат ва одамийлик дорулфунуни

Оила – меҳр оқибат ва одамийлик дорулфунуни

imon.uz 20-05-2020 571

Халқнинг хизматида юриб, баъзан оилавий можароларда ҳам қатнашиб туришга тўғри келади. Жараённи кузатиб турсангиз, келин ва куёв тарафлар ўзларнинг ҳақ эканликларини зўр бериб исботлашга ҳаракат қилишади. Келишмовчилик тафсилотларини атрофлича ўрганиб, ҳар иккала тарафга муқаддас динимиз нуқтаи назаридан келиб чиқиб насиҳат қилинганда, тарафларнинг оила масаласида диний тушунчалари жуда ҳам торлигига гувоҳ бўламиз. Кўпинча қудаларнинг қудачиликдан асосий мақсадлари - қарши тарафнинг бойлигига, ёки мансабига ёки обрўсига эришишдан иборат бўлганлиги кўриниб қолади. Келин куёвларнинг эса, тарбиядаги нуқсонлар яққол кўзга ташланади. 

Исломда оилада фарзанд тарбияси ота-онанинг энг узоқ давом этадиган ва масъулиятли вазифаси қилиб белгиланган. Шундай бўлгач, вояга етган ўғил қизлари бор ота-оналар, мен боламга рисоладаги тарбияни бера олдимми?, деб ўйлаши лозим. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни нечоғлик улкан эканлигини Саъийд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”, - дедилар”, ҳадисидан аниқлаб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан риоят қилинган ҳадисда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Ҳар бир туғилган бола ислом фитрати (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади...” деганлар.  (Тўртовлари ривоят қилишган). 

Демак, қизимиз ёки ўғлимизга исломий тарбия бера олмаганимиздан, тарбияни кўчадан, сериаллардан, чет эл филмларидан, ижтимоий тармоқлардаги бетайин сайтлардан олган бўлса, қуда тарафдан, куёв ёки келиндан айб ахтаришга ҳаракат қилмасдан, бош айбдор ўзимиз эканлигимизни тан олайлик. Ахир, доно халқимиз “Қовоқ экиб, қовун кутма” деган нақл бекорга айтмаган.

Муқаддас динимизда оила қуриш борасида Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Набий алайҳис солату вассалам:

“Аёл тўрт (нарсаси) учун никоҳланади: моли, ҳасаби, жамоли ва дини. Бас, диндорини танла, тупроқ ушласанг олтин бўлгур”, дедилар.

Ҳадиси шариф мазмунига кўра, уйланиш ниятида бўлган йигит ўзига жуфт танлашда диндорлигига яъни, солиҳа бўлишига аҳамият бериш керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Дунёнинг ҳаммаси матоъь(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоьси солиҳа аёлдир”. (Насаий ва Муслим ривоят қилганлар).

Бу ҳадиси шарифдан аёлларнинг ичида энг афзали солиҳаси экани маълум бўлади.

Бугунги кун воқеълигида бўлиб турган телефон орқали танишиб, тўйда учратиб қолиб, ўртоғи тавсия қилгани сабабли ва бошқа омиллар билан ўзига жуфт танлаш – уйланмоқчи бўлган йигитнинг биринчи ва энг катта хатосидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Рум сурасининг 21 оятида:

“Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру  муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладигин қавмлар учун оят-белгилар бордир”, деб марҳамат қилган (21-оят).         

  Ушбу ояти кариманинг маъносини синчиклаб ўрганадиган бўлсак, динимиз кўрсатмаларига асосланиб қурилган оиладаги муносабатлар қандай тарзда бўлиши кераклигини билиб оламиз.

Оилалар динимиз кўрсатмаларига асосланиб қурилса, бундай оила аъзолари орасидаги муносабатлар фақат ўзаро севги, муҳаббат, мурувват, раҳм-шафқат, осойишталик, тинчлик  асосида давом этади. Оила аъзолари оиладаги ўзаро кучли севги туфайли бир-бирларига қаттиқ боғланган бўлади. Бундай меҳр-оқибат, ҳақиқий муҳаббат, одамийлик  дорулфунунида тарбия топган оилани ҳеч қандай ташқи таъсирлар парчалай олмайди.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида шундай деб марҳамат қилади:

“Улар (хотинлар) сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз” (187-оят).

Бу ояти каримасида эр-хотинни бир-бирларига либос деб марҳамат қилди. Либос ўз эгасининг танасидаги айбини бекитади, кийган кишини зийнатлаб, чиройли кўрсатади, ёзда иссиқдан, қишда совуқдан сақлаб туради ва унга энг яқин нарса ҳсобланади.

Шундай экан, Қуръони карим таълимотига кўра, эр-хотин бир-бирларининг айбларини элга дастурхон қилиб ёйиш эмас, балки бекитишлари, ёмон сифатларини яшириб, яхшиликларини оширишлари, ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишлари, қолаверса, энг яқин ва қадрдон инсонларидан бўлишлари лозим.

Бахмал туман бош имом-хатиби

Раҳмонқул домла Маматқулов

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид