130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ОМОНАТГА БЕРИЛГАН РУҲ
imon.uz 2025-01-10 01:39:14 2«Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик. Уни синаймиз. Бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилдик» (Инсон сураси, 2-оят).
Инсон нутфалигида ҳам, алақа (лахта қон)лигида ҳам, музға (чайналган гўшт — эмбрион)лигида ҳам ҳали “инсон” бўлмаган. Аммо шу нутфа ва алақанинг яратилишидан мақсад – инсондир, яъни нутфа босқичма-босқич такомиллашиб бориб инсонга айланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Бирор иш қилмоқчи бўлсанг, унинг ниҳоясини чамалагин. Агар яхши бўлса, уни амалга оидир, агар ёмон бўлса, уни тўхтатгин”. У зот ишларнинг ниҳоясига назар солишни амр қилдилар. Ишларнинг ниҳояси аввалдан мақсад қилинар экан, демак, у гўё аввалда ҳам мавжуддек бўлади. Шу сабабли инсоннинг нутфа, алақа ва музғага нисбат берилиши тўғри бўлади.
“Биз инсонни нутфадан яратдик” оятида Одам алайҳиссалом авлодлари назарда тутилган. Демак, “инсон”нинг маъноси у зотнинг авлодларидир. Сўнг (Аллоҳ таоло) панд-насиҳат олсинлар деб уларнинг аввалги ҳолати ва оқибати, яъни ўлимни зикр қилди. Панд-насиҳатнинг маъноси шуки, инсонлар аввалдаги ҳолати ҳамда оқибати нима билан тугашини билсалар, баданларидаги жонлари ўзлариники эмаслиги, балки у фойдаланишга олинган нарса ёки омонат эканини англаб етадилар. Зеро, ибтидода яралишга уларнинг ҳеч қандай алоқалари йўқдир.
Омонат олган шахснинг вазифаси омонатни сақлаш, уни ҳимоя қилиш ва омонат эгасига хиёнат қилмасликдир. Мабодо, омонатга хиёнат қилса, уни сақламаса, таъна-дашномга қолади. Аксинча, уни сақлаб, ҳақларига риоя қилса, омонат эгасидан мақтов ва эътирофга сазовор бўлади. Фойдаланишга бирор нарсани олиб турган шахснинг вазифаси то рухсат этилган муддат келгунича ундан фойдаланиб, унга зиён етказмаслигидир. Мободо уни зое қилса, жаримаси ва бадалини тўлаши лозим бўлади.
Худди шу каби, инсонлар ўз жонлари баданларининг ичида фойдаланишга олинган омонат эканини билсалар, унинг риоясини қилиш ҳамда рухсат этилган тарзда ундан фойдаланиш кераклигини англаб етадилар.
Иккинчиси, яратилишнинг аввалига ҳамда интиҳода нима билан тугашига назар солиш қайта тирилиш ва пайғамбарлар олиб келган барча (илоҳий) хабарларни тасдиқлашга ундайди. Чунки яратилишнинг аввалидаги ҳолат ҳақида чуқур тафаккур қилинса, Аллоҳ таолонинг ажойиб қудрати ва нозик ҳикмати намоён бўлади. Шунингдек, инсон шу даражада ҳикматли Зотнинг мавжудотларни яратишдан мақсади фақатгина уларнинг йўқ бўлиб кетишлари эмаслигини англайди. Бу эса уларни қайта тирилишни тасдиқлашга ундайди.
Бундан ташқари, яратилишнинг дастлабки ҳолатига ва ўлимдан кейинги ҳолатга назар солиш кибрни йўққа чиқаради. Сабаби, инсоннинг пайдо бўлиши одамлар жирканадиган нутфа, алақа ва музғадандир. Вафот этганидан кейин эса жирканч мурдага айланади. Кимнинг ҳолати шундай бўлса, кибрланишга ҳаққи йўқдир. Инсоннинг аввалги ва охирги ҳолатларини эслатишда улар ибрат олишлари, кўзларини очишлари учун эслатма ҳамда ўзлари каби инсонларга кибр қилиш яхши эмаслигини билдиради.
("Таъвилот"дан дурдоналар)дан.