Она дуоси - ижобат.

Она дуоси - ижобат.

imon.uz 2024-10-07 10:45:04 160

Бани Исроилда Журайж исмли обид киши бўлиб, тижорат билан шуғулланарди. Инсонлар уни омонатгўйлиги, тўғри сўзлигига ишонар ва яхши кўрар эдилар. Бир қанча вакт тижорат қилганидан кейин ибодатга муҳаббат қўйиб бир савмаъа (яҳудийлар ибодат қиладиган бино) қуриб унда Аллоҳга ибодат қила бошлади.

         Журайж одамларга аралашмай, савмаъасида кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодат қиларди. Шу ҳолатда узоқ замонларни ўтказди.

         Журайжнинг солиҳа онаси бўлиб баъзи - баъзида уни кўргани келиб бирга ўтириб суҳбатлашиб кетарди.

         Кунлардан бирида онаси ўғлини кўришга муштоқ бўлиб келди ва ўғлини чақирди. Журайж бу вақтда намоз ўқиётган эди. Онасининг чақириғига жавоб бермасдан намозида давом этаверди.

         Журайжга намозидан чиқиб онасига жавоб бериши лозим эди. Онага ижобат қилиш нафл намоздан афзалроқ. Намозини қисқароқ қилиб, онасига жавоб қайтариш мумкин эди. Лекин у намозини онасига жавоб қайтаришдан устун қўйганлигининг сабаби унинг қалбида намознинг ҳаловати топилган, шу ҳаловат хар кандай иш учун намозни бузишликдан ман қилган эди.

         Онаси ўғлининг жавоб қайтармаганлиги учун ғазабланиб қайтиб кетди.

         Кейинги куни онаси ўғлини кўришга аввалгидан ҳам кучлироқ иштиёқда келиб, ўғлини чақирди. Журайж намоз билан машғул бўлганлиги учун жавоб қайтармади. Онаси яна ғазабланиб қайтиб кетди. Учунчи куни онаси яна келиб ўғлини чақирди, намоз ўқиётган ўғли яна жавоб қайтармади.

         Онаси “Аллоҳ ёмон аёлларни юзини кўргунича ўлдирмасин” деб дуо қилиб қайтиб кетди.

         Биз Аллоҳ бирор нарсани ҳоҳласа унга сабаблар тайёрлаб қўйишини биламиз.

         Бани Исроил аҳли Журайжни ибодатларини кўриб, уни адаштиришни ҳоҳлаб, ҳусну жамолда ғоятда гўзал, чиройи билан фахрланиб, ўзига ишониб юрадиган бир аёлни топдилар. Аёлнинг олдига бориб Журайжни йўлдан уришини, уни адаштиришини айтганди, аёл чиройига ишониб, силар шуни ҳоҳласаларинг албатта мен уни йўлдан ураман, деди.

         Аёл Журайжни олдига бориб қанча чиройини кўрсатишга ҳаракат қилмасин, Журайж унга қарамади. Бу, аёлга оғир ботди, у Журайж жамолимни менсимади, паст санади деб ўйлади. Қавмининг олдига Журайжни алдай олмадим деб қайтиб келишга ғурури йўл қўймади.

         Аёл Журайжнинг савмаъаси яқинида қўй боқиб юрган чўпоннинг олдига бориб, унга ўзини кўз-кўз қилди ва у билан зино қилиди. Аёл ўша кеча чўпондан хомиладор бўлиб қолди. Хомиласи туғилгач бу боланинг отаси Журайж, у мен билан зино қилганди деб даъво қилди. Бу аёлнинг ёлғончилигини билмаган, Журайжни адашишини ҳоҳлаб юрган Бани Исроилликлар ғазабланиб Журайжнинг олдига келиб, ҳунук гаплар билан сўкиб, савмаъасидан тушишга буюрдилар. Журайж намоз ўқиётганлиги сабабли уларга жавоб қайтармади. Келганлар Журайжнинг савмаъасини болталар билан уриб буза бошладилар. Бу ҳолатни кўрган ҳеч нарсадан хабари йўқ Журайж савмаъасидан тушганди, одамлар уни уриб кетдилар. Журайж нимага ураяпсилар?, деб сўраганди улар, бу аёл билан зино қилибсан у хомиладор бўлиб ҳаромдан бола туғди дедилар.

         Ўзининг ҳақлигини, аёлнинг ёлғончилигини билган Журайж табассум қилиб, таҳорат қилиб намоз ўқиб олишига фурсат сўради. Намозини тугатгач, зинодан туғилган ўғлинг деб даъво қилинаётган бола қани деди. Одамлар туғулганига бир неча кун бўлган болани олиб келдилар. Журайж боланинг қорнини мулойимлик билан босиб, “эй бола, отанг ким?”, деди. Аллоҳ болага тил берди, у “отам фалончи чўпон”, деди.

         Одамлар солиҳ банда ҳаққида катта гуноҳ қилганликларини идрок қилдилар. Журайж улар ўйлаган синфдан эмаслигини, ёлғончи, гумон қилинадиган инсон эмас, балки ибодатига содиқлигини, бу аёл ёлғон гапирганлигини, озор бериб Журайжнинг савмаъасини бузишга шошилганларидек, туҳматга ишонишга ҳам шошилганликларини билдилар. Бу шошқалоқлар Журайжга қилган ишларини ўйлаб, унга тилло ёки кумушдан савмаъа қилиб беришни таклиф қилдилар. Журайж бош тортди ва олдингидек лойдан савмаъа қуришларини айтди. Олдингидек қилиб Журайжнинг савмаъасини қуриб битказгач, Журайж унинг устига чиқиб, Роббисига ибодат қилишда давом этди.

         Аллоҳ Журайжнинг ҳаққида онаси талаб қилган нарсани ҳақиқатга чиқарди ва онасининг дуосини ижобат қилди. Лекин Журайжнинг тақвоси, солиҳ инсонлиги сабабидан унга нажот берди.

Энди қиссадан олинадиган фойдалар билан танишиб чиқсак:

         1-Ота-онага оқ бўлиш, уларга итоат қилмаслик инсонга кўп мусибатлар келишига сабаб бўлиши.

         2-Юқоридаги ҳадис Журайж онасига итоат қилмасдан Роббисига осий бўлганлигини ифода қилади. Демак нафл намоз ўқигувчини ота-онасидан бири чақирса, кейин қайта ўқиб олиш мақсадида намозини тарк қилиши жоизлиги.

         3- Зулумкор аёл Журайжга туҳмат қилганидек фужур аҳли солиҳ инсонлар юзини булғашга ҳаракат қилиши.

         4-Қишлоқ аҳли фожир аёлнинг гапига ишонганларидек, ҳужжатсиз, далилсиз айтилган гумон гапга ишонишда шошилмаслик лозимлиги.

Улар Журайжни савмаъасини бузиб, уни уриб сўкишдан олдин аёлнинг гапини таҳқиқлашлари керак эди.

         5-Солиҳ бандаларда Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлиш, ишонч, собит қадамлик топилиши.

         6-Бало ва қайғу келганда намозга суяниш солиҳларнинг иши эканлиги.

         7-Аллоҳ банданинг тақвоси, яхши амали сабабли унга нажот бериши.

         8-Аллоҳ сағира болани гапиртириб Журайжни поклаганидек гапиришга қодир бўлмаганларни ҳам гапиртириши.

         9-Авлиёларнинг каромати ҳақлиги.

         10-Журайж балоланганидан кейин сабри ва тақвоси сабабли инсонларнинг ҳузирида ҳам, Роббисининг ҳузирида ҳам инсонларнинг афзалига айланганидек, банда сабр қилса ва Роббисига тақво қилса балонинг оқибати яхшилик билан тугаши.

         Ушбу қисса Имом Бухорийнинг "Аҳадисул анбиё"  китобида 3436 ўринда ва Имом Муслимнинг "Албирру вассилату" китобида 2550 ўринда ривоят қилган ҳадислар асосида тайёрланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид