Ўқув имтиҳонларида фирибгарлик қилиш

Ўқув имтиҳонларида фирибгарлик қилиш

imon.uz 2024-08-09 01:52:15 98

Ўқишга  ёки мансабга ё бундан бошқа ишлардаги имтиҳонларда фирибгарлик қилишнинг кенг тарқалиши ахлоқсизлик ва разил ишлардан биридир. Зеро бу иш масъулларни алдашдир, жамиятга зулм қилишдир, давлатга зулм қилишдир. Шунингдек у жамият учун хатардир. Чунки унда ғайратли инсон билан ғайратсиз инсон баробар бўлиб қолади. Ҳатто ғайратсиз киши ўзи унга муносиб бўлмаган бирор мансаб ёки амалда ғайратли инсондан, эси паст киши  закийдан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Ботил аҳли раҳбарлик қиладиган, ҳақиқат аҳли зиён кўрадиган ва ишлар ўз эгаларидан бошқаларга топшириладиган жамият қандай қилиб ҳаёт кечириши ва кучга тўлиши мумкин? Ахир у мезонларни ўзгартириб, омонатни зое қилишку! Ҳадиси шарифда келади: 

“Бас, агар омонат зое қилинса, у ҳолда Соат (Қиёмат)ни кутгин”. “Унинг зое қилиниши қандай?” дейилди. У зот дедилар: “Агар иш ўз аҳлидан бошқаларга топшириладиган бўлса, бас, Соатни кутгин”. Бухорий ривоят қилган.

Агар фирибгар одам фирибгарлик йўли билан шаҳодатнома олса ёки бирор мансабга эга бўлса, унинг оладиган ойлик маоши унинг учун ҳаром бўлиши хавфи бордир. Чунки у ўзи ҳақли бўлмаган ҳолда уни олади. Чунки у ўзини ана шу мансабга муносиб қиладиган даражага ҳақиқатда етмаган бўлади. Бинобарин унинг маош олиши молни ноҳақ йўл билан ейиш бўлади. Эҳтимол, Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи унга тўғри ҳам келиб қолар: 

“Қилганларига хурсанд бўлиб, қилмаганларига мақталишни суядиганларни азобдан нажотда деб ҳисоблама. Уларга аламли азоб бор!”(Оли Имрон сураси: 188)

Шунинг учун ҳам биз бирор мансабни уни шу амалга лойиқ қиладиган ишларда фирибгарлик қилиш йўли билан қўлга киритган кишига ҳақиқий шаҳодатнома олишга ҳаракат қилишни ёки ўзида йўқ бўлган нарсани талаб қилмайдиган бошқа бир амални излашни тавсия қиламиз. Шунингдек, унга Аллоҳдан тақво қилишни ва Унинг Ўзи: 

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур”, (Талоқ сураси:2 -3) 

деб марҳамат қилгани каби токи Аллоҳ унинг ишида осонлик қилиб бергунича сабрли бўлишни ҳам тавсия қиламиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: 

“Албатта, Муқаддас Руҳ (Жаброил алайҳиссалом) менинг қалбимга илҳом қилдики, ҳеч бир жон ўз ажалини тугал қилмагунигача ва ўз ризқини батамом еб бўлмагунигача ҳаргиз ўлмайди.

 Шундай экан (ризқни) талабида ҳалол бўлингиз. Ризқнинг  кеч қолиши сизлардан  бирингизни уни маъсият билан талаб қилишга ундаб қўймасин. Чунки, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса (ризқу насиба ва бошқалар)га фақатгина Унга итоат қилиш билан эришилади”.


Шайҳ Юсуф Қарзовий

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид