Ўзини оқлаш ва кимнидир қоралаш бандалик фазилатига хилоф

Ўзини оқлаш ва кимнидир қоралаш бандалик фазилатига хилоф

imon.uz 2024-12-14 11:36:57 139

Ўзининг яхши ёки ёмон хусусиятларини илғай олмаслик бу ҳали банданинг жоҳиллиги, нафсини яхши таниёлмагани аломатидир. Ўз нафсини таниган киши яхши биладики, барча эзгу ва ёмон сифатлар, хоҳ мўминларнинг оммасида бўлсин, хоҳ хос бандаларида бўлсин, вақти-вақти билан кўриниб-йўқолиб турадиган феълу фазилатлардир. Банданинг дунёси гўё кенг осмонга ўхшайди, унда гоҳи оқ, гоҳи қора рангдаги булутлар айланиб юради. Бошқача ифода билан яна шундай дейиш мумкинки, ҳар қандай инсон боласида яхшилик ва ёмонлик туйғулари баробар миқдорда мавжуддир. Одам боласига хос барча ахлоқий хусусиятлар, жумладан, қораланганлари ҳам, пайғамбарлардан ташқари ҳар бир бандада бор, фақат пайғамбарларни Аллоҳ бундан пок ва маъсум ҳолатда яратган. Бошқа солиҳлар ва оддий мусулмонлар хусусига келсак, уларнинг ахлоқлари туғма покликка эга эмас. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло солиҳ бандаларида қораланган хусусиятларнинг намоён бўлишига йўл қўймайди ҳамда уларни ёмон феъллардан Ўзи асрайди. Яъни, Аллоҳга астойдил сиғинган кишини қилган тоат-ибодатининг хайрли заҳмати қуршаб олади ва унда фақат ижобий фазилатлар намоён бўлади. Қачонки банда бу заҳматни тарк этса, унда барча ижобий сифатларнинг мутлақо акси намоён бўлади. Бундай одамни кўрганлар "Қиёфаси қанчалик хунук ва кўримсиз бўлиб кетибди-я! Парвардигоро, унинг юзини Ўзинг тескари қарат! Ёмонлигидан бизни қутқар!" дейдиган ҳолатга келади. Инсон бу ҳақиқатни англаса, бошқа бировни ёмонлаб ўтирмайди, чунки бу гўё Аллоҳнинг - бир бандасига берган феълига эътироз билдирган каби бўлиб қолиши мумкин. Шайх Абдул Қодир Даштутий қуддиса сирруҳу ҳикоя қиладилар:

- Бир куни намозининг рукую саждаларини шошқалоқлик билан, тез-тез адо қилаётган одамга танбеҳ бердим. Шунда у менга қуйидаги жавобни айтди:

- Эй биродар, мен бутунлай Аллоҳнинг измидаги кишиман, агар У хоҳласа руку ва саждаларимни узайтиради, хоҳласа секинлаштиради. Мен бу ҳаракатларнинг ўзини эмас, балки уларни яратаётган Холиқини кузатаман. Шундай деб Шайх яна илова қилдилар: Мабодо диннинг асосини бузадиган камчилик бўлмаса, асло бировнинг феълига бирон нима дейиш ярамайди!


«Аҳлоқус солиҳийн» китобидан.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид