ҚАЛБИ ҚАТТИҚ САВДОГАР

ҚАЛБИ ҚАТТИҚ САВДОГАР

imon.uz 2024-12-10 10:53:52 231

Қалбининг қаттиқлиги билан машҳур бўлган савдогар бор эди. У ҳар йили бир қулни сотиб олар, бир йил оғир ишларни қилдириб, сўнг ундан қутилар эди. 

Лекин....

Қутилиш, қулларни бошқа бировга бериб, сотиб ё озод қилиш йўли орқали бўлмасди. 

Аксинча, итларига ем қиларди. У қулни итларга едирганда ҳам ваҳшийларча иш тутарди. Кунлаб итларни оч қолдириб, сўнг уларни қўйиб юборарди. 

Тожир бу йўл билан йил давомида унинг сир - асрорларига воқиф бўлган қул, ўзгаларга ошкор қилишини истамас, шунинг учун шундай йўл тутарди.

Одатига кўра у яна янги қул сотиб олмоқчи бўлди. Қуллар тожири заковатли бир қулни тақдим этди.

Уни сотиб олди.. Бир йил у чиройли хизмат қилди.. Лекин, азобли ўлим унга ҳам яқинлашиб келарди..

Савдогар бу аламли лаҳзаларни кўриб лаззатланарди. Қувончига шерик бўлишлари учун бир неча улафатларини ҳам чақиришни унутмади. 

Унинг одати, бечора қулни едиришдан бир неча кун олдин, итларни роса оч қолдирарди. Шунда қонли олишув ҳам даҳшатли тус оларди.

У қулнинг олдига итлар галасини қўйиб юборди. Лекин... ҳолат уни таъажжубга солди.

Улар қулнинг атрофида думини ликиллатиб, эркаланиб айлана бошлашди. Озгинадан кейин ўйнаб - ўйнаб унинг олида ухлаб қолишди. 

Бой бу манзарадан ҳайратга тушди. Чунки унинг итлари очофат, ваҳший эди. Қандай қилиб бундай меҳрибон, вафодор бўлиб қолишганига ақли етмасди. Қулдан сабабини сўради. У:

- Мен сизга тўла бир йил чиройли хизмат қилдим. Сиз бунинг эвазига мени оч итларга едирмоқчи бўлдингиз. Атиги, охирги икки ой ичида итларингизга ҳам меҳр билан хизмат қилдим. Оч бўлсалар ҳам, уларнинг вафосини ўзингиз кўрдингиз... - деди.


Яхшиликни инкор қилиш аслида башарият учун қийин иш. Лекин, баъзиларнинг шу даражада қалблари қотиб кетганки, уларга зарари етмаган тугул, яхшилик қилиб, доим қалбларини очганларга ҳам заррача раҳмилари келмайди. 

Фитрати соғлом инсоннинг маънавияти ҳам соғлом бўлади. Унга қилинган яхшиликни ортиғи билан, гўзал тарзда қайтаришга ҳаракат қилади. 

Уни инкор этиб, пасткашларча иш тутмайди.

                                                                                                                                                                                                                                                                    Абдимуродов Қамариддин таййрорлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид