130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

ҚЎШНИГА ОЗОР БЕРМАСЛИК
imon.uz 2025-02-14 01:29:39 116 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳга қасамки мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас. Аллоҳга қасамки, мўмин эмас», дедилар. «Ким, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. «Ёмонлигидан қўшниси хотиржам бўлмаган кимса», дея жавоб бердилар.
Муттафқун алайҳ
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган кимса жаннатга кирмайди», дейилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: «Аллоҳ наздидаги энг улкан гуноҳ қайси?» деб сўрашди. У зот учта гуноҳни зикр қилиб: «Аллоҳга бошқа нарсани шерик қилишинг. Ҳолбуки, У сени яратган; овқатингга шерик бўлишдан қўрқиб фаразндингни ўлдиришинг ва қўшнинг жуфти ҳалоли билан зино қилишинг», дея жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Саҳиҳ ҳадисда айтилади: «Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган киши қўшнисига озор бермасин».
Муттафақун алайҳ
Қўшни учт тоифа бўлади: Мусулмон, кофир, қариндош.
- Мусулмон қўшнинг қўшничилик ва мусулмонлик ҳақлари бор.
- Кофир қўшнинг қўшнилик ҳақи бор.
- Қариндош қўшни - унинг қариндошлик, қўшилик ҳақлари (агар мусулмон бўлса, мусулмонлик ҳақи ҳам) бор.
Ибн Умарнинг яҳудий қўшниси бор эди. Қачон жонлиқ сўйсалар: «Яҳудий қўшнимизга ундан олиб беринглар», дер эдилар.
Ривоят қилинишича, қиёмат кунида камбағал қўшни бой қўшнисига осилиб: «Эй Раббим, мана бундан сўрачи, нима учун эшигини қулфлаб, мендан фазлини тўсди экан», дейди.
Киши қўшнисининг озор-азиятларига сабрли ва бардошли бўлиши лозим. Бу иш қўшнига яхшилик қилиш жумласидандир.
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келиб: «Я Расулуллоҳ, менга жаннатга дохил этадиган амални ўргатинг», деди. «Муҳсин (яхшилиж қилувчи) бўл», дедилар. «Муҳсинлигимни қандай биламан?» деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қўшниларингдан сўра, агар сени муҳсин дейишса, демак, муҳсинсан. Бордию сени ёмон дейишса, демак ёмонсан», дедилар.
Имом Байҳақий ривояти
«Гуноҳи Кабиралар» китобидан