130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

РИЗҚ КЕЛАЁТГАН ЭШИКНИ БЕРКИТМАНГ!
imon.uz 2025-04-07 04:00:06 17Нофеъдан ривоят қилинади: “Мен Шом ва Мисрга (тижорат моллари) юборардим. Бир сафар Ироққа юбордим. Кейин уммул мўминин Оиша розияллоҳу анҳо олдига бориб, унга: “Эй, мўминлар онаси! Мен аввал Шомга тижорат моллари юборардим. Энди Ироққа юбордим”, дедим.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Бундай қилма. Сенгга, тижоратингга нима бўлди? Зеро, мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирингизга қайсидир тарафдан ризқ келишини сабаб қилган бўлса, ўзи учун ўша нарса ўзгармагунча ёки иши орқага кетмагунича уни тарк этмасин”, деганлар”, деди” (Ибн Можа, Аҳмад, Байҳақий ривояти). Нофеъ исмли киши Шомга, ора-чора Мисрга тижорат карвони юборарди. Бир сафар савдо моллари ортилган карвонни Ироққа юборибди. Кейин мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо олдига бориб, бўлган воқеани айтиб берибди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: “Тижоратингга нима бўлди? Нега Шомга эмас, Ироққа мол жўнатяпсан? Нима, даромадинг камайиб кетдими ёки касодга учрадингми? Аллоҳ сенга фойда бериб турган нарсани тарк этибсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бирингизга бирор тарафдан ризқ келишини сабаб қилган бўлса, ўзи учун ўша нарса ўзгармагунча ёки иши орқага кетмагунича уни тарк этмасин”, деганларини эшитганман”, деди. Ҳадис мазмунига кўра, Аллоҳ сизга бир касб ёки соҳа орқали ризқ келадиган эшикни очиб қўйибдими, фойда кескин камаймагунича ёки инқирозга учрамагунингизча ўша ишни ташлаб кетманг. Фақат жиддий сабаблар билан ўзгартирса бўлади. Бўлар-бўлмасга у ишдан бу ишга, унисидан бунисига ўтиб юриш ярамайди. Бу ҳадисда биронта касб ёки ишнинг бошидан маҳкам ушлашга чақирилмоқда, арзимас сабаблар билан тирикчилик воситаси бўлган вазифани ташлаб кетмаслик уқтирилмоқда. Зеро, ишлар маромида, ўртамиёна кетиб турганида уни тарк этиш неъматга ношукрлик қилишга ўхшайди. Қолаверса, ҳамма шундай қилаверса, биронтаям соҳада ривожланиш, олдинги силжиш бўлмайди. Мўмин-мусулмон киши ҳар бир ишни маромига етказиб, пишиқ бажаради, бирон соҳада етук мутахассис бўлишни истаса, аввал пухта билим олади. Кейин аста-секин малакасини ошириб боради, босқичма-босқич ўша соҳада юқори поғоналарга кўтарилади. Агар касбига меҳр қўйса, ҳафсала билан меҳнат қилса, Аллоҳ топганига барака беради. Ҳаётда ҳар хил синовлар бўлиб туради. Мана шундай имтиҳонлар вақтида шошилмасдан, сабр билан иш тутилса, қийинчилик кўп ўтмай ортга чекинади. Сал машаққат чекса, бир ишни ташлаб, бошқасига, “ёғлироқ” соҳаларга ўтишни кўзлаш, Аллоҳ берганига қониқмаслик яхшимас. Ҳар қандай соҳада ҳам бирдан олға силжиш бўлмайди. Йиллар давомида тажрибангиз, илмингиз ортиб, одамларда сизга ишонч пайдо бўлса, кейин даромадингиз ортади. Бунинг учун сабр-матонат билан ишлаш, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш керак. Яна бир нарсани айтиб ўтиш лозим: юқоридаги кўрсатмаларга амал қилмаслик жамият тараққиёти илдизига болта урувчи иллатдир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар Ислом шариати ҳукмларини ўрганишса, унга оғишмай амал қилишса, ҳар соҳада тараққий этишади, дунёда ҳам, охиратда ҳам пешқадам бўлишади.
ШАЙХ САЙЙИД РАҲМАТУЛЛОҲ ТEРМИЗИЙ
МАЪРУЗАЛАРИ ВА «РИЗҚ КАЛИТИ» КИТОБИДАН