130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Рўзадор тилини тийиши керак
imon.uz 2024-03-08 01:45:42 296Рўзадор одам тилини ёлғондан, ғийбатдан, чақимчиликдан, ҳақоратдан ва сўкишдан сақлаши керак.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бирортангиз бирор кун рўзадор бўлса, беҳаё сўз гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин».
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг еб-ичишни тарк қилишига муҳтож эмас», дедилар».
Сафарда рўза тутиш ва оғзи очиқ юришнинг ҳукми
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз. Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир» (Бақара сураси, 183-184-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишнинг яхшисини – сафарда ҳам рўза тутишни танладилар.
Имом Бухорий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларидан бирида иссиқ кунда у зот билан бирга йўлга чиқдик. Иссиқнинг зўридан одам ҳатто қўлини бошига қўйиб олар эди. Ичимизда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ибн Равоҳадан бошқа бирорта рўзадор йўқ эди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ниҳоятда раҳмдил эдилар. У зотдан сафарда рўза тутиш-тутмаслик ҳақида сўрашган эди, умматга рухсат бердилар, ҳар бир мусулмонни бу хусусда ўз ихтиёрига қўйдилар.
Имом Бухорий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Ҳамза ибн Амр Асламий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сафарда рўза тутаманми?» деди. У кўп рўза тутар эди. Шунда у зот: «Хоҳласанг тут, хоҳласанг тутма», дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда саҳобаларидан бирини қийналиб, ҳушидан кетиб қолганини кўриб, «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», деганлар.
Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафарда эдилар. Тўпланиб турган одамларни ва устига соя қилиб турилган бир кишини кўрдилар. «Бу нимаси?» дедилар. Улар: «Рўзадор экан», дейишди. Шунда у зот: «Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар».
Аллоҳ таоло ўзининг азиматлари, фарзлари бажарилишини яхши кўрганидек, рухсатлари бажарилишини ҳам яхши кўришади. У зот алайҳиссолату вассалом буни баён қилиб бериш учун сафарда оғизларини очиб, шахсий намуна кўрстиб берганлар.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан Макка томон йўлга чиқдилар. Рўза тутиб олдилар. Усфонга етиб келганларида сув келтиришни сўрадилар. Одамларга кўрсатиш учун уни икки қўллари билан кўтариб, рўзаларини очдилар. Шу ҳолда Маккага кириб келдилар. Бу эса Рамазон ойида эди».
Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиқар эдик. Орамизда рўзадорлар ҳам, оғзи очиқлар ҳам бўлар эди. Аммо рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ эса рўзадорни айбламас эди. Кимнинг қуввати етиб, рўза тутса, яхши, аммо ким заифлик сезиб, оғзи очиқ бўлса, бу ҳам яхши, деб билишар эди».
Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф