Рўзани қуйидаги нарсалар бузади

Рўзани қуйидаги нарсалар бузади

imon.uz 2023-03-10 02:50:24 283

1. Жинсий алоқа. Бу рўзани бузувчи амалларнинг энг улканидир. Унинг Рамазон кундузида ҳаромлигига уммат билиттифоқ ижмо қилган. Рамазонда кундузи қовушиш ҳаромлигини била туриб, рўзадор экани эсида бор бўлган ҳолда, ўз ихтиёри билан жинсий алоқа қилган кимса қаттиқ гуноҳкор бўлиб, оғир каффоратни ўташи вожиб бўлади. Агар у бу ишини ҳалол санаса, диндан чиқиб, кофир бўлиб қолади (Аллоҳ асрасин). Унинг учун оғир каффорат қодирлигига қараб қуйидаги тартибда вожиб бўлади: 
а) Мўмин қулни озод қилиш; 
б) Икки ой узлуксиз рўза тутиш; 
в) Олтмишта мискинни таомлантириш, бунда ҳар бир мискинга буғдой бўлса бир муддан, арпа, гуруч ёки хурмо каби нарсалардан бўлса ярим соъ бериш назарда тутилади. Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз. Агар киши бу ишнинг ҳукмини билмаса, рўзадор эканини унутиб қўйса, хато қилса ёки мажбурланса, жинсий алоқа сабабли рўзаси бузилмайди. Чунки юқорида саналган ҳолатлар узрли сабаблардир.
 
2. Манийни сунъий йўл билан чиқариш. Бунга яширин одат ишлари киради. Ким Рамазон кундузи бу иш билан шуғулланса, рўзаси ботил бўлиб, қазо вожиб бўлади. Агар маний инсоннинг ихтиёрисиз, масалан, ухлаётганда чиқса, рўза бузилмайди.
 
3. Ичга озуқа киритиш. Бу икки хил йўл билан бўлади: 
а) Eб-ичиш. Ким қасддан, рўзалигини билиб туриб еб-ичса, қаттиқ гуноҳкор бўлиб, ҳанафий мазҳабига кўра унга юқоридаги оғир каффорат вожиб бўлади. Агар рўзалигини унутиб еб-ичиб қўйса, рўзаси бузилмайди. Унга қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлмайди. Бунда кўп ейиш билан кам ейишнинг аҳамияти йўқ. 
Умму Исҳоқ (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида турганида бир идишдан сув олиб ичиб қўйди ва кейин рўзадорлиги эсига тушиб қолди. Шу ерда турган Зул-Ядайн: «Энди, тўйганингдан кейинми?» деди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Рўзангни охирига еткизавер. Албатта, бу Аллоҳнинг сенга берган ризқидир», дедилар (Аҳмад ва бошкалар ривояти, саҳиҳ ҳадис). 
Оғиз, бурун ёки қулоқ орқали ошқозонга атайлаб бирон нарса киритилса, рўза бузилади. 
б) Еб-ичиш маъносидаги нарсалар. Одамга қувват бўлувчи уколлар ва шу каби нарсалар еб-ичиш ҳукмида бўлади. Ким томиридан ёки мускулидан қувват бўлувчи уколлар олса, рўзаси бузилиб қазо вожиб бўлади, аммо унга каффорат лозим эмас.
 
4. Қасддан қусиш. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким қасддан қайт қилса, қазо тутиб берсин», деганлар (Асҳобус-Сунан ривояти, саҳиҳ ҳадис). 
Аммо қайт қилиш беихтиёр амалга ошса, рўза бузилмайди. Киши қасддан қусмаслиги ва табиий равишда ўз-ўзидан келаётган қусуқни тўсмаслиги керак. Чунки бунинг соғлиққа зарари бор. Қасддан қусган кимсага қазо вожиб бўлади.
 
5. Ҳайз қонининг келиши. Аёлларда ҳайз қонининг келиши рўзани бекор қилиб, қазони вожиб қилади. Ҳатто, ҳайз қони қуёш ботишига саноқли дақиқалар қолганда келиб ташқарига чиқса ҳам, рўза бузилади. Агар у ичдан кўчса-ю, бироқ қуёш ботгунча чиқмай, кейин ташқарига чиқса, ўша кунги рўзаси саҳиҳ бўлади. Бунинг учун қазо вожиб бўлмайди.
 
6. Рўза тутиш ниятидан воз кечиш. Ким рўза ҳолида рўзасини очиб юборишни қалбдан қасд қилса, рўзаси бекор бўлиб, қазо вожиб бўлади. 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид