Сир сақлашлик - омонатдорликнинг кўринишидир.

Сир сақлашлик - омонатдорликнинг кўринишидир.

Mimon.uz 2022-05-31 08:10:28 503

Омонатдорлик энг яхши ва мақтовга сазовор хулқлардан. Шунинг учун бу барча пайғамбарларнинг ажралмас сифати бўлган. Қуръон уларнинг ўз қавмлари билан бўлган муносабатларини тасвирлар экан, доимо омонатдорликни зикр қилиб ўтади. Ҳар бир пайғамбар даъват асносида одамларга:                  

«Албатта мен сизлар учун ишончли (омонатдор) пайғамбардирман» (Шуаро сураси, 107-оят), дея таъкидлаган. 

Омонатдорликнинг турли кўринишлари бор. Улардан бири бугун биз кўриб чиқмоқчи бўлган мавзу: сир сақлашликдир. 

Ҳаётимиз давомида кўплаб сирлардан хабардор бўламиз. Баъзида сирни эгасининг ўзидан эшитсак, баъзида буни бошқалар орқали билиб қоламиз. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай бўлмасин одамларнинг сирини сақлаш, уларни ошкор қилмасликка буюрардилар. 

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши бир гапни гапириб, кейин атрофга қараса, у (гапи) омонатдир», дедилар”. (Термизий ривоят қилган).  

Ибн Рослан айтади: “Чунки гапирувчининг эҳтиёткорлик билан ўнгу сўлига аланглаб қараши у бу гапни фақат суҳбатдошининг ўзига айтаётгани, бошқалар буни эшитиб қолишидан хавфсираётганини билдиради. Мана шу аланглаб қараш «Буни сир сақла. У сенга омонат», деган гапнинг ўрнига ўтади”.  

Сир сақлаш - омонатдорлик, уни очиш эса хиёнат ва гуноҳ саналади. Агар сирни очувчи унинг эгасига яқин киши бўлса, бу катта гуноҳдир. Чунки бу ҳолатда сир эгаси суҳбатдошига тўлиқ ишонади, унинг хиёнатини хаёлига ҳам келтирмайди. Оқибатда сир очилиши туфайли мусибатга учрайди. 

Абу Саид Ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  

васаллам: «Қиёмат куни Аллоҳ наздида энг ёмон одамлардан бири – тунда аёли билан бўлган, аёли ҳам у билан бўлган, кейин унинг (аёлининг) сирини (тунда нималар қилганини бошқаларга) ёйган кишидир», дедилар”. (Муслим ривоят қилган). 

Сирни фош қилувчининг мақсади одамлар уни бир-бирига тарқатиши орқали сир эгасига азият етказиш бўлса, гуноҳи янада катталашади. Ўзига ишонилган сирни очган инсоннинг кейинги қадами чақимчилик бўлиши мумкин. Шунинг учун сир сақлашга одатланиш лозим. Зеро, бу Аллоҳ ва Росули муҳофаза қилишни буюрган омонатлар жумласидандир. 

Бу борада Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) каби буюк саҳобийлар барчамизга ўрнакдир. Ҳузайфа ибн Ямон (р.а) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг шавкатли саҳобаларидан биридир. Ушбу саҳоба ақлининг тиниқлиги, оқиллиги, табиатан вазминлиги билан фарқ қилиб, ҳарбий сир ва давлат сирларини яхши сақлай билган. Бинобарин, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб давлат сирларини айнан мана шу саҳобага ишониб топширган. Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳунинг фаолиятини бугунги кунда давлат истихборот хизмати (хабар йиғувчи, разведка) бошлиғи лавозимидаги фаолиятга тенглаштирса ҳам бўлаверади. Хандақ ғазоти давомида душман кучлари ҳақида истихборот маълумотларини йиғиб келиши учун ёвнинг иттифоқчи қабилалари лашкаргоҳига айнан мана шу саҳоба юборилган. Ушбу вазифани у қанчалик қойилмақом бажариб қайтганини сал кейинроқ билиб оламиз.

Пайғамбаримиз ўзларининг кўп сирларини унга ишонгани, аксарият саҳобалардан сир тутган маълумотларни айнан Ҳузайфага айтгани боис, ушбу саҳоба «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сир сақловчиси» деган улуғ номга сазовор бўлган. Бу эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда оқил бўлганига ишора қилади. Агар Аллоҳнинг росули саҳобалар билан йўлга қўйган муносабатларга диққат-ла эътибор қилинса, унинг ҳар бир саҳобага ёндашуви ўзгача кечгани кўзга ташланади. Ўз ишини яхши биладиган мураббийнинг муҳим сифатларидан бири айнан мана шундай, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатиб кетгандай бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, устоз ўз шогирдларининг барига бир хилда ёндашмайди. Чунки шогирдлардан қайсидир бири ўткир зеҳни билан ажраб турса, бошқа бири ўзининг ҳис-туйғуларини намоён этишга мойил бўлади, яна бири жисмоний кучи ила ҳаммадан устун келса, бошқа бири ҳеч кимда кузатилмайдиган истеъдоди билан фарқ қилади. Ўз ишини яхши биладиган устоз – шогирдларни истеъдоди, у ёки бу фаолият билан шуғулланишга мойиллигига кўра фарқлай билиб, ҳар бирининг фазилатларини тўғри йўналтира оладиган мураббийдир. 

Бу хусусида ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хос ходимлари бўлган Анас розияллоҳу анҳу ҳам бизларга қиёматгача ўрнакдир. 

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени бир иш билан жўнатгандилар. Шу сабаб онамнинг олдиларига кеч қолдим. (Уйга) келганимда онам сўрадилар:  

– Нега кечикдинг? 

– Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мени бир иш билан жўнатгандилар, – дедим. 

– Қандай иш? – деб сўрадилар. 

– Бу – сир! 

– Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг сирларини ҳеч кимга айтма!» – дедилар. (Муттафақун алайҳ). 

Анас розияллоҳу анҳунинг оталари Молик ибн Назр имонга келмай ўлиб кетди. Кейин Умму Сулайм Абу Талҳа исмли саҳобийга турмушга чиқди. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларида ёш Анас ўн яшар бола эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб келганларидан сўнг, шаҳар аҳли у кишига хизмат қилиш борасида мусобақалаша бошлади. Умму Сулайм бошқа имкони йўқлиги туфайли ўғли Анасни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига бахшида этди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг таклифини қабул қилдилар. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ниҳоятда одобли, юмшоқ табиат инсон, ажойиб суҳбатдош эдилар. Анас розияллоҳу анҳу туну кун у зот алайҳиссалом билан биргалик бахтига мушарраф бўлдилар. Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг барча айтганларини сидқидилдан бажаришга уринардилар. Сир сақлаш керак, дейилган нарсаларни махфий тутар, ҳатто онасига ҳам айтмасди.У киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жонидан ортиқ кўрар ва буни ҳар ерда ошкора айтар эдилар.  

Юқоридаги  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни имом Бухорий «Сир сақлаш» бобида келтирган. 

Баъзи олимлар бу сир Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оилаларига оид эканлиги, акс ҳолда, уни яшириш Анасга ҳалол бўлмаслигини таъкидлаганлар. Ибн Баттол айтади: «Аҳли илмнинг фикрича, соҳибига зарар келтирадиган сирни очиш мубоҳ эмас, лекин одам ўлгач, тириклигида яширилган нарсаларнинг сир тутилишига зарурат йўқ». Бунда у одамнинг обрўйига путур етмаслиги ва камситилмаслиги шарт. 

Ибн Ҳажар бу борада шундай дейди: “Маълум нарса шуки, бировнинг сирларини вафотидан кейин очиш ёхуд очмаслик борасида аниқ ҳукм йўқ. Бунда қуйидаги ҳолатга қараб иш тутилади: 

1. Мубоҳ ҳолатлар. Бу мустаҳаб ҳам бўлиши мумкин (ҳатто сир соҳиби истамаса ҳам). Агар гап кишининг тақвосидан хабар берувчи каромат, манқаба (фазилат) ва ҳоказолар борасида кетаётган бўлса.

2. Макруҳ ҳолатлар. Булар баъзида ҳаром бўлиши ҳам мумкин. Бунга ибн Баттолнинг фикри асос. 

3. Вожиб ҳолатлар. Гап бажарилиши лозим бўлган мажбурият ва бурчлар ҳақида кетаётган бўлса”. 

Сир сақлаш ҳақида Анасдан яна бир қанча ҳадислар ривоят қилинган: «Сиримни сақла, ишонарли бўл!». 

«Бир-бирига ишониб суҳбатлашаётганларнинг ҳеч бирига шериги истамаган нарсани ошкор қилмоғи  ҳалол  бўлмайди!». 

Бинобарин, сир сақлаш дўстлик одобларидан биридир. Оғзи бўшлик қилиш яхши бўлмагани каби, оғзи  бўшлар билан жуда яқин бўлиш ҳам дуруст эмас. 

Ўз қалбинг сиринг учун ўзганинг қалбидан кўра кенгроқдир. Ўз қалбингга сиғмаган сир ўзганикига ҳам сиғмайди. (Ҳикматдан) 

«Сиринг асирингдир, агар гапириб қўйсанг сен унинг асирига айланасан», (ҳазрати Али розияллоҳу анҳу). 

Яъни, сирингни кимга айтсанг, унинг асири бўлиб қоласан. 

Бир ҳаким зот айтади: “Сир агар иккидан ошиб кетса, ёйилиб кетади. Ҳаким зотдан: «Бу ҳикматдаги иккидан мурод нима?», деб сўрашди. Шунда у зот: «Бу иккиси» деб, икки лабга ишора қилди”. Ҳа, икки лаб ошиб, оғиздан чиқиб кетган гапнинг сир бўлиб қолиши жуда ҳам қийин. 

Сирни яширмоқ катта куч ва сабр талаб қилади. Инсоннинг ожиз тарафларидан бири бошқаларга ўзининг сирлар саҳифасини очмоғидир. Бу эски дард, башарият қонига сингиб кетган касалликдир. Нафс эса сирни ошкор қилишни, гап тарқатишни яхши кўради. Ўз сирларини ошкор қилган инсон надомат, ғам-ғуссага ботиши айни ҳақиқатдир. Зеро, инсон гапирмаган гапига камдан-кам надомат қилади. Аммо гапириб қўйган гапига кўпинча надомат қилади.

Шавкатжон Мусулмонов,

Зарбдор тумани «Эл-Омон» жоме масжиди имом-хатиби

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид