Соғлом эътиқоддан адашмайлик.

Соғлом эътиқоддан адашмайлик.

imon.uz 14-12-2019 712

Ҳар бир шахс қаердан, қандай маълумотларни олмасин, албатта, текшириб кўриши ва уларга билиб-билмасдан эргашмаслиги керак. Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36), – деган оятига қатъий амал қилиш лозим.

Абдуллоҳ ибн Муборак (раҳимаҳуллоҳ): “Дин – бу илмдир, уни кимдан олаётганларингизга қаранг”, - деган. Эътиқод илмини яхши билмаслиги боис инсоннинг ақидаси ноқис бўлиб қолади. Ислом дини таълимотига кўра, агар ақида бузуқ, эътиқод ботил бўлса, кишининг амали беҳуда кетади ва ўзи залолат ботқоғига ботади.

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур! Сўфи Аллоҳёр.

Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳимдир. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади. Аксинча, бузуқ эътиқодли кишилардан-да хавфли одам бўлмайди, ундайлар ҳар қандай пасткашлик ва бузуқликка тайёр туради.

Улар ҳар бир давр учун ва ҳар бир жамият учун катта таҳдиддир!

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлар билан ўтирган ҳолларида ерга узун тўғри чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36 та чизиқ тортиб, «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир», дедилар-да, сўнг қуйидаги ояти каримани ўқидилар: «Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир» (Анъом, 153).

Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон, унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдиган кишидир”, - деганлар.

Айни кунда аниқ ҳужжат ва далиллар келтирилгандан кейин ҳам эгри йўлдан қайтмайдиган қайсар кимсалар ўзига-ўзи зулм қилувчи, адашганлардир. Бу ҳақда, Аллоҳ таоло: “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 105), – деб қаттиқ огоҳлантирган.

Ислом тарихидан маълумки, Ямома жангида саҳобалар душман дарвозасини очиши учун Баро ибн Моликка қалқонларни боғлаб, қалъа ичкарисига киргизишган. Шундай йўл билан у қалъага кириб, душман билан олишган, охир-оқибат дарвозани очишга муваффақ бўлган эди.

Ҳозирги вақтда, мазкур воқеани бузғунчи оқимлар ўз жиноятларини оқлаш ва асослаш учун далил қилиб келтиришмоқда. Бироқ тарихдаги воқеа жанг майдонига, икки тараф ўртасида бўлаётган уруш ҳолатига тегишлидир. Аммо ушбу воқеа тинч яшаётган аҳоли орасига махсус - портловчи камарларни таққан ҳолда кириб, ўзини портлатиб юбориш ва бегуноҳ кишилар ҳаётини барбод этиш учун асло далил бўла олмайди.

Пайғамбар (алайҳиссалом) уруш ҳолатида ҳам кексаларга, ёш болаларга, аёлларга тегмасликни, дарахтларни кесиб, уйларни вайрон қилмасликни буюрганлар. Шундай экан, ўзини портлатиш орқали тинч аҳолини ўлдираётган худкушларни сира ҳам оқлаш мумкин эмас. Улар бундай хатти-ҳаракатлари билан бутун дунёда мусулмонлар номига доғ тушираётган, ислом дини ҳақида ёмон тасаввур уйғотаётган манфур кимсалардир.

Ислом қайси динга мансублигидан қатъи назар, тинч аҳолини ўлдириш у ёқда турсин, уларнинг тинчини бузишни ҳам тақиқлайди. Шундай экан, қандай қилиб мусулмон ўз мусулмон биродарининг тинчини бузиши, ўлдириши ва ёки мурдаларни хорлаши мумкин?

Ислом дини ўз жонига қасд қилиш, моли ва жонини хатарга қўйиш каби ишлардан қайтаради. Инсон ўз жонига қасд қилиши ислом таълимотига кўра ҳаром ишлардан саналади.

Жундуб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлардан олдин ўтган қавмлар ичида бир киши бўлиб, унинг жароҳати бор эди. Жароҳатига сабр қила олмай жазавага тушди ва пичоқни олиб қўл томирини кесди. Қон оқаверди, оқаверди. Натижада ўлди. Аллоҳ азза ва жалла: “Бандам нафси борасида Мен билан мусобақалашди. Мен эса унга жаннатни ҳаром қилдим” деб айтди, - деганлари келтирилади.

Бировларни ўлдириш, яъни қотиллик ҳам жуда оғир гуноҳлардандир. Қуръони каримда бу борада шундай дейилган: “Кимда-ким шу (қотиллик)ни адоват ва зулм юзасидан қилса, албатта, Биз уни дўзахда куйдирамиз. Бу (эса) Аллоҳга осондир” (Нисо, 30).

Инсон пичоқ, заҳар ёки бошқа нарса билан бегуноҳ бир инсонни ўлдирса, бу иши билан у инсониятни ўлдирган ҳисобланади. Аксинча, бир инсонга ёрдам бериб, унинг жони, молини сақлаб қолган одам эса барча одамларни сақлаб қолган саналади. Қуйидаги оят ҳам шунга далолат қилади: “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир...” (Моида, 32).

Али разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойга қўшин юбориб, уларга ансорлардан бирини раҳбар этиб тайинладилар. Йўлга чиқишгач, раҳбар уларни синамоқчи бўлиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни менга итоат этмоғингизга буюрганлар, шундай эмас-ми?” – деди. Улар: “Ҳудди шундай”, дейишди. “Шундай экан, ўтин тўпланглар”, деди ва олов келтириб, унга ўт ёқди. Сўнгра: “Мана шу оташ ичига киришингларга буюраман”, деди. Улар оташ ичига киришга шайланиб турганларида, ораларидан бир йигит: “Расулуллоҳнинг ҳузурларига айнан оташдан қочиб келган эдингиз-ку, бас, шошилманг! Аввал Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боринг, агар оташга киришингизга У Зот ҳам буюрсалар, кирасизлар”, деди. Шундан кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеанинг хабарини бердилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар оташга кирганингизда, ундан абадий чиқа олмас эдингиз. Итоат фақат шариатга мувофиқ ишлардадир”, дедилар” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Юқорида келтирилган оятлар ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқариб айтиш мумкинки, ўзини ўзи ўлдириш, белига бомба боғлаб олиб, портлатиш асло шаҳидлик эмас, балки энг катта гуноҳдир.

Азиз ёшлар! Йўлдан адашганларга ўзини ўзи портлатиш, яъни камикадзе (худкуш)ликни ўргатаётган кимсалар: “Бу ишинг орқали тўппа-тўғри жаннатнинг энг олий мартабасига эришасан” ва шунга ўхшаш ёлғон уйдирмаларни тарқатмоқда. У манфурлар бу билан Аллоҳнинг номидан гапирмоқда! Мулоҳаза юритайлик, агар инсон ўзини ўзи портлатиб, одамларни ўлдириш орқали жаннатга эришадиган бўлса, нима учун Сизга ўргатаётган кимсанинг ўзи биринчи бўлиб бу ишни қилмайди? Нима, унга жаннатнинг юксак даражаси ва олий неъматлари керак эмасми? Деган саволлар боб-бот пайдо бўлавериши керак..


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг


Жиззах вилоятидаги вакили ўринбосари  Рузиев Ботирхон

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид