Талҳа ибн Баро розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳга муҳаббат қўйиш борасида олий намуна

Талҳа ибн Баро розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳга муҳаббат қўйиш борасида олий намуна

imon.uz 26-11-2024 121

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
  Бу йигит ёшлигидақ Расулуллоҳга ва ота-онага муҳаббат қўйишнинг олий намунасини кўрсатган. У Исломга кирганини эълон қилиш ва мусулмон ёшлардан бири сифатида Аллоҳ йўлида курашиш истагида Расулуллоҳ билан учрашишга интиқ эди. Бир куни ушбу ниятини амалга оширишни мақсад қилди. Масжидга борди ва у ерни муҳожир ва ансорлар билан тўла эканини кўрди. Улар Ҳабиблари соллаллоҳу алайҳи васалламни тинглаётган эдилар. У бориб, сафнинг орқароғига, ёшлар ва ўсмирлар билан бирга ўтирди. 

Расулуллоҳ сўзларини якунлаб ташқарига юра бошладилар. Саҳобалар масжид ташқарисига қадар йўлларида туришди. Шу пайт Талҳа ибн Баро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. Сўнгра қўлларини меҳр, муҳаббат билан ўпа бошлади ва: “Мен Талҳа ибн Баро ибн Умайрман. Сизнинг ёнингизга Исломга киришга, байъат бергани келдим... Ўзингиз яхши кўрган нарсани менга амр этинг.. Сизга бирон ишда итоатсизлик, осийлик қилмайман...”, деярди. 

  Расулуллоҳ қўлларини ўпиб, байъат сўраётган йигитчага қарадилар ва елкасига қоқиб: “Сенга ота-онангдан алоқангни узасан деб буюрсам, бажарасанми?”, деб сўрадилар. (Бошқа ривоятда, Расулуллоҳ унга: “Бор отангни ўлдириб кел” дедилар. У дарҳол амалга ошириш учун юрганида, уни ортга қайтарганлар, деб келади) Талҳа: “Йўқ”, деди. Чунки унга кучли меҳр кўрсатувчи, чуқур муҳаббат билан севувчи онаси бор эди. У ота-онасига оқ бўлишни тасаввур қилолмасди.. Расулуллоҳ унга юқоридаги саволни такрорладилар. Талҳа ичида рад қилди. Лекин учинчи марта савол такрорланганда, у “ҳа”, деди. Чунки унинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббати ота-онасига бўлган муҳаббатдан кўра кучли эди... Балки ушбу ҳадиси шариф шундай инсонлар ҳақидадир: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Талҳа учинчи маротабасида “ҳа”, деганида Расулуллоҳ табассум қилдилар ва: “Эй Талҳа, бизнинг динимизда қариндош-уруғлар билан алоқани узиш йўқдир. Мен фақатгина динингда шубҳа аралашишини истамадим”, дедилар... 

Лекин ўлим унга Аллоҳ йўлида жанг қилишидан аввал етди... У қаттиқ касал бўлиб қолди ва бу қиш фасли эди... У бир ҳушидан кетар, бир ўзига келарди... Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламга унинг хасталиги хабари етди. У зот келиб кўрдилар ва аҳлига қараб: “Талҳанинг жони узиладиганга ўхшайди. Агар вафот қилса менга хабар беринглар ва (дафн этишга) шошилинглар. Токи мўмин кишини (вафот этгач) аҳли олдида тутиб туриш яхши эмас”, дедилар.  

Ярим тунда Талҳа уйғониб кетди. Яқинларидан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдиларми?”, деб сўради. Улар у зотнинг сўзларини хабарини беришди. Шунда Талҳа розияллоҳу анҳу: “Йўқ, мен ўлсам Расулуллоҳга хабар берманглар. Мен (тунда юрсалар) у зотга яҳудийлар(бирон ёмонлик қилиши)дан қўрқаман. Яна бирон зарарли ҳашарот чақиб олишидан қўрқаман... Ёки бирон мусибат етишидан қўрқаман... Лекин у зотга менинг саломимни айтинглар... Сўнгра, у зотдан мен учун истиғфор сўрашларини айтинглар”, деди. Кейин эса, аста-секин нафас олиб-чиқариб, хотиржамлик ва сокинлик билан икки шаҳодат калималарини такрорлай бошлади...” 

 Талҳа ибн Баро ҳатто ўлим соатида ҳам... Фақат Расулуллоҳ ҳақларида ўйларди.. У зотга бирон зиён етишидан қўрқарди... Шу сабабдан ҳам, гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сўнгги бор назар солишларини умид қилган бўлсада, у зотнинг иштирокларисиз қабрга қўйилишини истади... Чунки унинг қалбидаги Пайғамбар севгиси ҳар қандай хоҳишдан кучлироқ, ҳар қандай рағбатдан устунроқ эди...

Талҳанинг оиласи тонг отишидан аввал қабрга қўйдилар... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозига чиққанларида у зотга Талҳанинг ўлими хабарини етказишди... У зот бомдод намозини адо этиб, асҳоблари билан унинг қабри ёнига келишди ва атрофида саф тортишди. Сўнгра қўлларини кўтариб: “Аллоҳумма алқи Толҳата, тазҳаку илайҳи ва йазҳаку илайка” - Аллоҳим, Талҳани Сен унга кулган ҳолда, ва у Сенга кулган ҳолда қарши олгин!”, дея дуо қилдилар.

 Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатнинг гўзал намуналарни кўрсатган ёш саҳобийнинг ҳаёти шу тарзда якун топди. У ўзининг ортидан бу дунёда муҳаббат, яхшилик ва вафонинг хуш бўйларини қолдириб кетди...

Абдулмунъим Қандил.

Изоҳ: Ушбу ёш ансорийнинг қиссаси Иззуддин ибн Асирнинг “Асадул ғояти фий маърифатус саҳоба” асарида ва яна Бағовий, ибн Ҳайсама, ибн Абу Осим ва ибн Шаҳинлар ҳам келтирганлар. Буларнинг баъзиларини Абу Довуд ривоят қилган.  

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид