130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
ТАРИХИМИЗДАГИ ДАҲШАТЛИ ЎЛАТ ҚАНДАЙ ДАФ ҚИЛИНГАН ЭДИ?
imon.uz 25-03-2020 1489Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ “Ал-Миръот”да 449 (тўрт юз қирқ тўққизинчи) йилдаги ҳодисаларни ёритар экан, шундай дейди: Жумодул охир ойининг охирларида менга Бухородан мактуб келди. Унда шундай дейилганди:
Биз тарафларда мисли кўрилмаган даҳшатли ўлат тарқалди. Бир куннинг ўзида шаҳарни 80 минг нафар одам ташлаб чиқиб кетди. Самарқандда касаллик шу даражада авж олиб кенг тарқадики, ҳар куни олти мингдан зиёд одамнинг ёстиғи қуриб борди. Тирикларнинг асосий қиладиган иши кечаси ҳам кундузи ҳам фақат ўлик ювиш, кафанлаш ва дафн этиш бўлиб қолди.
Касалларнинг ўпкаси йиринглаб оғзидан қон келиб ўларди. Баъзиларининг эса оғзидан қонга буланиб қандайдир номаълум қурт ҳам чиқарди. Шаҳар аҳолиси ўта ночор аҳволга тушиб қолди. Одамлар ўлат олдида мутлақ ожиз эдилар. На бирор табиб ва на бирор руқячи бу дардни даволай олмади. Фақат ва фақат Аллоҳдан нажот кутишдан бошқа чора қолмади.
Ўлатдан қутулиш учун мутасаддилар тарафдан кўчага чиқиш қатъий тақиқланди. Икки мингдан ортиқ ҳовлининг дарвозалари ичида одамлари билан ташқаридан дамбалаб ташланди. Азим шаҳар кўчалари худди арвоҳ шаҳридек ҳувиллаб қолди. Халқ ўлатдан халос бўлиш учун ёппасига Аллоҳга ёлбориб тавба қила бошлади. Бойлар оммавий тарзда садақа тарқатишни йўлга қўйди. Эркаклар масжидлардан чиқмасдан жамоа бўлиб Аллоҳга йиғлаб дуо қилди. Қорилар тинимсиз хатми Қуръон ўқишди. Ароқхўрлар ичишни ташлади ва уйларидаги ароқларини ахлатга оқиздилар. Ароқ ишлаб чиқарувчилар асбоб-ускуналарини синдириб улоқтиришди. Ҳукумат тарафдан одамларнинг уйида ароқ ва шу каби ҳаром ичимликлар қолган-қолмаганини текширадиган махсус гуруҳ тузилди. Улар ҳар бир ҳовлига биттама-битта кириб текшира бошлашди. Бир ҳовли аъзолари ёппасига ўлиб қолган экан. Уларнинг уйидаги ароқ тўла идишларни шу гуруҳ аъзолари ўзлари олиб чиқиб синдиришди. Яна бир ҳовлига киришса, уй эгаси жон талвасасида ётган экан. Текширувчиларга ароқ турган жойни ишора қилиб кўрсатади. Улар жовон ортига яширилган ароқни топиб ташқарига улоқтиришди ва шундан кейин уй эгасининг дарди сал енгиллади. Уй эгасининг касби бола тарбиячиси бўлган ва унинг боғчасида 900 нафар тарбияланувчи бўлиб, уларнинг бирортаси ҳам тирик қолмаган эди.
Шаввол ойининг ўнинчи кунидан бошлаб Зулқаъда ойи чиқиб кетгунича (38-40 кун атрофида) хусусан Самарқанднинг ўзидан 236 минг нафар одам ўлди. Ўлганлар асосан аёллар ва ёш болалар эди. Эркаклар, қариялар ичида ўлим сони кўп бўлмади.
Ўлат дастлаб Туркистондан бошланди. Кейин Қашғарга, ундан Фарғонага ундан эса Самарқандга ўтди. Балхга эса бир неча нафар одам Бухородан сафар қилиб Балхликлар орасида тарқалишига сабаб бўлди. Вабодан ўлганларнинг умумий сони ҳисоблаб чиқилганда уларнинг адади 1 650 000 (бир миллион олти юз эллик минг) нафардан ошиб кетди. (Ибн Ҳажар Асқалоний. “Базл ул-маъун фи фазлит-таъун”. 365-366 бетлар. Эркин таржима).
Бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солиб турган тожли вирус балосини даф қилиш учун аждодларимиз тажрибаси ўлароқ, гуноҳларимизга сидқидилдан тавба қилсак, фақир-муҳтожларга садақа улашсак, Қуръони каримни хатм қилиб Аллоҳга ёлборсак, иншааллоҳ бу бало бошимиздан арийди. Зеро, бундан қариб минг йил олдин икки миллионга яқин одамнинг ёстиғини қуритган ўлат шу тариқа даф қилинган экан.
Миролим Мансур таёрлади
Манба:ahlisunna.uz