Таровеҳ намози (1-қисми)

Таровеҳ намози (1-қисми)

imon.uz 11-03-2024 224

Араб тилидаги «таровеҳ» сўзи луғатда «дам олиш; роҳатланиш» маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракъатли намознинг ҳар тўрт ракъатини ўқигач, бир оз дам олингани учун шундай ном берилган. Унинг вақти Рамазон ойида хуфтон намозидан кейин кириб, бомдод вақти киргунича давом этади.

Таровеҳ намози таъкидланган суннатлардандир. Жамоат бўлиб ўқиш эса маҳалла кишилари учун кифоя суннат ҳисобланади. Яъни айримлар жамоат бўлиб таровеҳни ўқишса, қолганлардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Аммо бир маҳаллада ҳеч ким жамоат бўлмаса, шу маҳалладаги ҳамма одам суннатни тарк қилган ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. У зот: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар. Иш шундайлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб кетдилар. Сўнгра Абу Бакрнинг халифалигида ва Умарнинг халифалиги бошида ҳам иш шундай эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Рамазон ойи кечалари ибодат қилиш жуда ҳам фазилатли иш. Гуноҳларнинг мағфират бўлиши ҳам шу иш туфайли бўлади. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга тарғиб қилиш билан бирга, маълум бир ибодатга қатъиян амр қилмаганлар, балки умумий тарғиб қилиш билан кифояланганлар. Худди шу ҳолат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида ҳам давом этган. Кишиларга Рамазон кечаларида маълум ибодатни тайин қилмаслик Умар розияллоҳу анҳунинг дастлабки халифалик йилларида ҳам давом этган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқиб масжидда намоз ўқидилар. Одамлар ҳам у зотга иқтидо қилишди. Тонг отгандан сўнг одамлар бу ҳақда гапиришди. Кейин бундан ҳам кўп тўпланишди ва у зот билан намоз ўқишди. Одамлар бу ҳақда ҳам гапиришди. Учинчи кечада масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб намоз ўқидилар. Улар у зотга иқтидо қилишди. Тўртинчи кеча масжид одамларни сиғдиришга ожизлик қилиб қолди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозига чиқдилар. Намозни ўқиб бўлганларидан кейин одамларга юзландилар ва: «Сизнинг ҳолингиз менга махфий бўлгани йўқ. Лекин (намоз) сизга фарз бўлиб, сўнг унинг адосида ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш ана шу ҳолда эди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Ислом ҳукмлари жорий бўлиб турар, аммо ҳали ҳаммаси жорий бўлиб тугамаган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан тунда жамоат бўлиб намоз ўқишни давом эттираверсалар, ушбу намоз сизларга фарз бўлди, деб амри илоҳий тушиб қолишидан, кейин эса одамлар Рамазон кечалари бу намозни ўқий олмай, гуноҳкор бўлишларидан қўрққанлар.

Абдурраҳмон ибн Абд Қорийдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тар­қоқ ҳолда: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса, бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча, анавиларни бир қори (орти)га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб, намоз ўқишар эди. Умар: «Бу қандай яхши бидъат (янгилик). Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деди. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Халифа Умар розияллоҳу анҳу Рамазони шариф кечаларида мусулмонларнинг тарқоқ ҳолда ибодат қилаётганини кўриб, ана шундай қарорга келган.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида саҳобаларга ўзлари бош бўлиб, кечаларни бедор ўтказар эдилар. Лекин Рамазон кечасидаги ибодат бутун умматга фарз бўлиб қолиб, оғир келмасин дебгина кечаси жамоат билан намоз ўқишни доимий ташкил қилмаган эдилар.

Қолаверса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шариат ҳукмлари давомли равишда тўлдириб борилар эди. Бугун бир ҳукм жорий қилинса, эртага бошқаси ва ҳоказо. Ҳукмларнинг жорий бўлишига баъзи одамларнинг саволлари, гоҳида қилган ишлари, гоҳида яна бошқа нарсалар сабаб бўлар эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ўзича тўпланиб, кечаси жамоат бўлиб намоз ўқишлари туфайли шу намоз фарз бўлиб қолишидан истиҳола қилган эдилар. Агар Рамазон кечаларида ана шундай намоз фарз бўлиб қолса, баъзи кишиларга оғир келиб, қийналиб қолишлари мумкин эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирдан-бир мулоҳазалари шу эди. Бўлмаса, бошқа ҳеч бир нарса у зотни Рамазон кечаларида мусулмонлар билан жамоат бўлиб, нафл намоз ўқишдан тўсмас эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимо бу намозни ўқир, саҳобаларни ҳам унга тарғиб қилар эдилар.

Энди бўлса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул Аълога риҳлат қилдилар. Шариат аҳкомлари мукаммал бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Аллоҳ таоло ҳеч кимга ваҳий нозил қилмайди. Бирор ибодатнинг фарз ёки вожиб бўлиши мумкин эмас. Жумладан, энди мусулмонлар кечаси жамоат бўлиб, нафл намоз ўқисалар ҳам фарз ёки вожиб бўлиб қолиши асло мумкин эмас. Уларнинг ҳозиргига ўхшаб тарқоқ юрганларидан, Рамазон кечаларини турлича ўтказишларидан кўра жамоат бўлиб намоз ўқишлари яхши эмасми?

Ровий Абдурраҳмон ибн Абд розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам бундан хурсанд бўлганлар ва: «Бу қандай яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра, қоим бўлганлари афзал», деганлар. Шу ерда бидъатнинг икки хил, яъни яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлиги, буни Умардек улуғ зот таъкидлаганларини алоҳида эслаб ўтишимиз лозим.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид