Уларга эркак бўлинг, улар ҳам сизга аёл бўлишади!

Уларга эркак бўлинг, улар ҳам сизга аёл бўлишади!

imon.uz 2024-02-23 01:23:08 342

Абул Асвад Дуалий хотини билан фарзанд борасида хусуматлашиб қозининг ҳузурига борди. Қози унга сўз берди. Абул Асвад деди:

- Бола меники. Чунки уни аввал мен кўтарганман. Уни аввал мен туширганман!

Қози хотинига: «Сен нима дейсан?», деди. Хотини деди:

- У кўтарганида бола енгил эди. Мен уни оғирлигида кўтарганман. У боламни шаҳват билан туширган. Мен эса уни алам-оғриқ билан туширганман.

Қози Абул Асвад Дуалийга деди:

- Болани унга бер. Сажъ(қофия) билан гапиришни бас қил!

Абул Асвад Дуалий пайғамбарлик келишидан олдин дунёга келган. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирган, аммо кўришмаган. Шунинг учун тобеъинлардан саналади. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Басрада волий бўлган. Луғат илмида даҳо бўлган. У араб ҳарфларига нуқталарни қўйган кишидир. Олдин араблар фасоҳатли бўлгани учун ҳарфлар нуқтасиз эди. Араблар нуқтага эҳтиёж сезишмас эди. Ислом шарофати билан араб тилида гапирадиганлар кўпайгач нуқталарга эҳтиёж сезилди. Абул Асвад Дуалийни наҳв илми асосчиларидан ҳам дейишади. Тўғри гап шуки, наҳв илмини бир кишига нисбат бериб бўлмайди. Наҳв илмида ёзилган илк китоб Сибвайҳга тегишли бўлган. У китобнинг номи «Ал-китоб» бўлган. Наҳв олимлари кейинчалик у китобни «Наҳвнинг Қуръони» деб номлашган эди.

Араблар айтадики, ҳақиқий ҳур киши бир лаҳзалик муҳаббатнинг риоясини қилган кишидир. Энди бир умрлик муҳаббатга нима дейсиз?!

Муҳаббатда матонатли киши хусуматда ҳам матонатли бўлади.

Гоҳида муҳаббат ўзгаради. Аммо мурувват ўзгармаслиги лозим. Дунёда шундай инсонлар борки, сен билан улар ўртасида қози кириши керак эмас. Дунёда шунақа шахслар борки, уларни севиш мумкин, аммо улар билан хусумат қилиш ордир.

Бир аъробий хотини билан кўп хусуматлашар экан. Ундан: «Нима бўлди?», деб сўрашганда у: «Обрўйим ҳақида гапирмайман», деди.

У хотинини талоқ қилди. Кишилар ундан сабабини сўрашганда у: «Бировларнинг обрўси ҳақида гапирмайман!», деди.

Гоҳида ҳаёт бизни боши берк кўчага ҳайдайди. Агар яхшилик билан ушлаб қолишнинг иложи бўлмаса ажралишни чиройли йўл билан қилиш керак.

Отнинг ўзини тутиши чавандозга боғлиқ. Аёл киши эрининг ота-онасига эътиборсиз бўлмайди. Фақатгина эрининг ўз ота-онасига эътиборсизлигини кўрсагина у ҳам эътиборсиз бўлади.

Хотин эркаклар каби кийинмайди. Аммо у эридаги эркакликка путур етаганини кўрса эркакча кийина бошлайди.

Эркак хотинини хотин қилишни уддасидан чиқа олмаса ана шунда хотин эрига хўжайинлик қила бошлайди.

Эркак киши кераклигича эркаклик қила олмаса аёл ҳам кераклигича аёллик қила олмайди.

Уйида хўжайин бўлган аёлни бахтли дейишса ишонманг. У ич-ичидан уйда ҳукмронлик қиладиган эркакни соғинади.

Гарчи ҳаёт аёлларнинг вазифасини ўзгартиришнинг уддасидан чиққан бўлсада, уларнинг табиатини аниқ ўзгартира олмайди. Бугунги аёл ўша минг йил олдинги аёлдир. У севган эркаги учун ҳали ҳам дунёни сотишга тайёр. У ҳали ҳам Қоруннинг давлатига эга бўлсада совға олишни яхши кўради. У бош вазира бўлса ҳам иссиқ қучоқни хоҳлайди. Уни оддий нарсалар бахтли қила олиши мумкин. Унинг қадрига етадиган эркакка учраса ҳафтада етти кун, бир кунда йигирма тўрт соат чумолидек ишлашга ҳам тайёр. 

Бир киши ишдан уйига қайтса хотини уйдаги машаққатлардан эрига шикоят қилибди. Эр беписанд: «Нима иш қилиб қўйдинг ўзи?!», дебди.

Эр эртаси куни уйига қайтганида болаларини чиркин ҳолатда кўрибди. Ювилмаган идишлар ошхонада уюлиб ётибди. Уй худди уруш майдонига ўхшаган алғов-далғов. Эр дарҳол ётоқхонага кирди. Хотин чалқанча ётиб олиб китоб ўқир эди. Эр сўради:

- Нима бўлди?

Аёл хотиржам жавоб берди:

- Ҳеч нарса. Ҳар куни қиладиган сиз айтган «арзимас ишимни» қилмадим холос!

Она билан болалари сабабли уришманг. Оталик тажриба билан, оналик эса ғариза билан бўлади. Гоҳида эркак ўнта фарзанд кўриши мумкин. Аммо оталикка муносиб бўлмайди. Аёл киши фарзанд кўрмасада она бўлиб қолаверади.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид