130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Устки қўл остки қўлдан яхшидир.
imon.uz 2024-11-21 10:34:42 98Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки,
албатта, сизлардан бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, орқасига кўтариб
келгани, бировнинг олдига бориб берса-бермаса сўрашидан яхшидир», дедилар».
Шарҳ:
Инсоният тарихида бу каби ўз меҳнати билан ҳаёт кечиришга тарғиб бўлмаса керак.
Бировдан бир нарса сўраб олиб турмуш кечириш ўрнига, арқонни олиб, далага чиқиб
ўтин териб келиб сотиш яхши.
Баъзи бир кишилар ўтин териб сотиш,
мардикорлик қилиш ёки шунга ўхшаган ишларни қилишни ор ҳисоблайдилар. Аммо
бировга ёлвориб, бир нарса сўраб ейишни ўзларига эп кўрадилар. Ёки айримлар
бировнинг ҳақини турли ношаръий йўл ва услублар ила ҳаромдан олиб ейишлари
билан кериладилар. ҳолбуки, бировдан сўраб олиб кун кечириш ҳақиқий ор
қилинадиган ишдир. Бировнинг ҳақини ҳаром йўл билан олиш эса, катта гуноҳдир.
Аксинча, ҳалол йўл билан, пешона тери тўкиб ҳаёт кечириш энг тўғри, энг шарафли
ишдир. Ризқ топиш учун қилинадиган ҳалол меҳнатнинг катта-кичиги,
обрўли-обрўсизи бўлмайди. Энг ҳақиқий обрў меҳнат ила ҳалол ризқ топишдир. Энг
ёмон обрўсизлик эса, бошқаларнинг топганидан кун кўришдир. Ислом таълимоти шу.
Исломдан, унинг таълимотларидан узоқда бўлганда бу меъёр ва ўлчовлар ҳам тескарисига
ўзгаради. Аслида тиланчилик Ислом жамиятига ёт бўлиб, унда ҳар қандай ҳалол
меҳнат рағбатлантирилади.
Чиндан ҳам, мусулмон киши бировдан сўраб турмуш ўтказгандан кўра, ўтин териб сотиб кун кўришни афзал билади. ҳар қандай шароитда ҳам ҳалол меҳнати билан ҳаёт кечиришга уринади.
Ҳаким ибн ҳизом розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан
сўровдим бердилар. Яна сўровдим бердилар. Сўнгра яна сўровдим, яна бердилар ва:
«Эй ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир.
Ким уни саховатли нафс-ла олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчиқлик
нафси-ла олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиганга ўхшайди. Устки қўл
остки қўлдан яхшидир», дедилар.
Ҳаким розияллоҳу анҳу айтадилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот
ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса
сўрамайман», дедим.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар унга
ўлжадан ўз ҳақини берганда ҳам олмаган. Вафот этгунча шу ҳол давом этган».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу
ривоятдан иффатли бўлиш, бировдан келадиган маблағ ила эмас, ўзи топган ризққа
қаноат қилиб яшашнинг ёрқин мисолини кўриб турибмиз.
Машҳур саҳобийлардан ҳаким ибн ҳизом
розияллоҳу анҳу Ислом таълимотлардан бехабар бўлган вақтларида Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламдан мол сўраб олишни ўзларига эп кўрганлар. Эҳтимол, «бор
бўлгач, мендан бошқалар ҳам олаётгандан кейин, мен ҳам олсам нима қилибди»,
деб ўйлаган бўлсалар керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам
ҳаким ибн ҳизом розияллоҳу анҳуга уч мартагача сўраган нарсасини берганлар ва
ундан кейин ҳадди битганлигини, исломий таълимотларни билиб қўйиш вақти
келганлигини билдириб:
«Эй ҳаким, албатта, бу мол яхшидир, шириндир.
Ким уни саховатли нафс-ла олса, унга баракали бўлур. Ким уни қизғанчиқлик
нафси-ла олса, унга баракали бўлмас. Худди еб тўймайдиганга ўхшайди. Устки қўл
остки қўлдан яхшидир», дедилар».
Пайғамбар алайҳиссалом мол-дунёни худди янги
пишган, тотли мевага ўхшатмоқдалар. Уни ҳамма татиб кўргиси келади. Бир татиб
кўрган одам яна егиси келади. Ким молни сахийлик ила олса, уни олишда нияти
яхши бўлса, дунё унинг учун баракали бўлади. Агар қизғанчиқлик билан, бировга
бермаслик нияти билан олса, у еб-тўймас одамга ўхшаб қанча мол тўпласа ҳам оз
кўринаверади. Демак, мусулмон одам сахий бўлиши, қизғанчиқ бўлмаслиги керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Устки қўл остки қўлдан
яхшидир» деган гаплари садақа бериш ва олиш
бўйича энг муҳим қоидага айланган. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган
қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги
фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл,
хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига
хуш келадиган қўлдир.
Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи
қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
бу пурҳикмат гаплари ҳаким ибн ҳизом розияллоҳу анҳунинг қалбларига ўша заҳоти
жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига
бошқача кўриниб қолди. Ризқ-рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди.
Энди бировдан тама билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери
билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедилар