130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Халифалик ҳақида нима биласиз.
imon.uz 14-12-2019 2072“Халифа” сўзи араб тилида ўринбосар деган маънони
англатади. Истилоҳда эса бир лавозимда бирор кишига ўринбосар бўлишини
билдиради. Уламолар ушбу сўз бир неча маънода қўлланилишини билдирганлар:
Биринчи маъноси – Қуръони каримда “Аллоҳнинг халифаси”
тарзида ифодаланган. Жумладан, Бақара сураси 30-оятида Аллоҳ таоло қуйидагича
марҳамат қилади: “Эсланг, (Эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда
халифа (Одам) яратмоқчиман ...”. Ушбу оятдаги халифа сўзидан Одам
(алайҳиссалом) назарда тутилган. Чунки у зот Аллоҳнинг ердаги халифасидир.
Муфассир уламолар мазкур оятдаги “халифа” сўзи икки хил
маънони ифода этишини баён қиладилар: биринчи маъноси бу, Одам (алайҳиссалом)
ўзларидан олдин ерда яшаган жинлардан халифа бўлган дейилса, иккинчи маъноси —
мазкур оятдаги “халифа” сўзи бирлик бўлиб, ундан кўплик, яъни Одам авлодлари
назарда тутилгани уқтирилади.
"Халифа” сўзининг яна бир маъноси Пайғамбар
(алайҳиссалом)дан сўнг ўринбосар бўлган тўғри йўлдаги тўрт саҳобадир. Сафийна
(розияллоҳу анҳу)дан Саъид ибн Жумҳон ривоят қилади. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва салламнинг: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йил. Ундан сўнг подшоҳлик ва
амирликлар бўлади”, деганларини эшитдим дедилар. Сўнгра Сафийна (розияллоҳу
анҳу): “Абу Бакр икки йил, Умар ўн йил, Усмон ўн икки йил ва Али олти йил
халифа бўлди”, - дея қўшимча қилди.
Пайғамбар (алайҳиссалом) вафотларидан кейин саҳобаларнинг
келишувига биноан халифада тўртта сифат мужассам бўлиши шарт қилинди:
1. Қурайш қабиласидан бўлиши;
2. Биринчилардан бўлиб Исломни қабул қилган бўлиши;
3. Мадинага ҳижрат қилган бўлиши;
4. Бадр жангида қатнашган бўлиши.
Шу боис бўлса керак, мазкур тўрт халифа тарихда тўғри
йўлдан борган халифалар, яъни “ал-хулафо ар-рошидун” деб аталган. Уламолар
фақатгина ушбу халифаларда мазкур шартлар мужассам бўлгани учун уларни ҳақиқий
халифа деб тан олганлар.
Набий (алайҳиссалом) вафотларидан сўнг мусулмонларга тўрт
халифа раҳбарлик қилди. Саҳобалар давлат ишларини
бир неча тузилмалар орқали бошқаришни илгари сурдилар. Абу Бакр Сиддиқ
(632-634), Умар ибн Хаттоб (634-644), Усмон ибн Аффон (644-656) ва Али ибн Абу
Толиб (656-661) (розияллоҳу анҳум) даврида ҳокимият вазифаларининг (суд, молия
ва ҳ.к.) бўлиниши, уларнинг тақсимланиши юз берди. Бу жараёнда давлат бошқаруви
тизими аста-секин динийлик қиёфасини йўқотиб, дунёвий тус олиши узил-кесил
амалга ошди.
Хулафои
рошидиндан кейинги замонларда муайян диний арбоблар - муҳаддислар, қорилар,
муфассирлар, фақиҳлар, қозилар қатлами вужудга келдики, энди диний масалалар
бўйича жамоатчилик фикрини халифа эмас, балки ўша арбоблар шакллантирадиган
бўлди.
Демак,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига кўра, ўттиз йиллик халифалик
тугаб, ундан кейин подшоҳлик ва амирликлар даври давом этган. Ислом тарихидаги
умавийлар, аббосийлар, усмонийлар давлатлари шартли равишда “халифалик” деб
аталган бўлса-да, аслида улар амирлик ёки империя (салтанат)лар эди. Шунингдек,
ўтмишда ер юзининг турли ҳудудларида, масалан, Мисрда мамлуклар, Испанияда
Қуртуба ва Шимолий Африкада - фотимийлар халифалигининг вужудга келгани
“халифалик - жаҳонда якка-ягона (бошқарув бўлиши керак”, деган тушунчага янгича
талқин бахш этади.
Зеро, ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Кимки мусулмонлар маслаҳатисиз, бир одамга байъат қилса, бас, унга эргашилмайди”, - деганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоятидаги вакили ўринбосари Рузиев Ботирхон