ЮҚОРИДАГИ ҚЎЛ ПАСТДАГИ ҚЎЛДАН ЯХШИДИР

ЮҚОРИДАГИ ҚЎЛ ПАСТДАГИ ҚЎЛДАН ЯХШИДИР

imon.uz 08-08-2021 307

Ҳаким ибн Ҳизом розиёллоу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вас алламдан мол сўради. Унга мол бердилар. У яна сўради. Унга яна бердилар. Учинчи марта сўради. Учинчи марта ҳам бердилар. Сўнгра унга дедилар:

- Эй Ҳаким ибн Ҳизом! Бу мол ёқимли ва ширин. Ким уни нафс сахийлиги билан олса унга барака берилади. Ким уни нафси раҳбарлигида олса унга барака берилмайди. У ейди тўймайди. Юқоридаги қўл пастдаги қўлдан яхшироқдир. 

Шунда Ҳаким ибн Ҳизом деди:

- Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни ҳақ ила юборган Зот билан қасам ичиб айтаманки, дунёни тарк қилгунимча ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман!

Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дунёдан ўтиб кетдилар. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу халифалик даврларида инсонларга мол тарқатдилар. Ҳаким ибн Ҳизомни ҳам чақирдилар. Аммо у мол олишдан воз кечди.

Ундан сўнг Умар розиёллоҳу анҳунинг даврлари келди. У зот ҳам Ҳаким ибн Ҳизомнинг насибасини берганларида яна олишдан бош тортди. Шунда Умар розиёллоҳу анҳу кишиларга хитоб қилиб дедилар:

“Эй мусулмонлар жамоаси! Мен Ҳакимга ўлжадан улушини бердим. У қабул қилмади. Сиз бунга гувоҳ бўлинг!”.

Қадимда: “Мол ёмон хўжайин ва яхши хизматкордир”, дейишар эди. Яъни, мол жамлашни ғоя қилиб олган киши гўё унга қулдир. Мақсади фақат молни кўпайтириш, ўсдиришдир. Ҳалолми, ҳаромми парво қилмайди. Кимки уни ғоя эмас, васила қилиб олса карим ҳолда яшаб карим ҳолда ўлади. Мол жамлаш айб эмас, аксинча инсоннинг мол жамлайдиган асбобга айланиши айбдир!

Ким уни нафс сахийлиги билан олса унга барака берилади. Яъни, сўрамасдан, тамасиз,очкўзликсиз, берувчини мажбур қилмасдан, уни машаққатга қўймасдан  олса унга барака берилади, кўпаяди, ўсади. Унга ҳалол ризқ бўлади. Инсон унинг лаззатини ҳис қилади.

Қадимгилар “Ҳаё қиличи билан олинган нарса ҳаромдир!”, дейишган. Ким молни нафс раҳбарлигида олса унга барака берилмайди. Яъни, агар молни сўрашда қаттиқ туриб олиб, инсонлар қўлидаги нарсага кўз тикиб, берадиган кишини ҳам машаққатга қўйиб олса Аллоҳ ундаги баракани йўқ қилади. У қаноат қилмайди, рози бўлмайди, тўймайди!

Аллоҳнинг азамати шундаки, у инсонларнинг баъзисини баъзисига муҳтож қилиб қўйди. Аммо Ўзининг ҳеч кимга эҳтиёжи йўқ. Тўғри, инсон мажбур бўлиб қолиб бировдан мол сўрашига тўғри келади. Биз бир-биримизни суяшга, қўллашга амр қилинганмиз. Шифохонага тушиб қолган пулсиз фақир қандай қилсин?! Оёқ-қўли ишламайдиган ота фарзандларини қандай боқсин?! 

Бу кабиларни қидириб, уларга ёрдам бериш ҳаммамизнинг вазифамиз, бурчимиз. Агар уларни сўрашга мажбур қилмаганимизда янада гўзал бўлар эди. Кўпчилик инсонларнинг олийжаноблиги сўрашдан тўсиб туради. Улар ҳақида Роббимиз айтади: “Уларнинг иффатидан жоҳил киши уларни бой деб ўйлайди. Уларни сиймосидан танийсан. Улар инсонлардан хиралик қилиб сўрамайдилар”.

Аммо мусибат шундаки, баъзилар тўймайди. Агар нон пакетчалари тарқатилаётганини билиб қолса токи олмагунича дунёни остин-устун қилади. Агар қўшниси қурбонлик қилса унга бермагани учун қиёматни қоим қилади. 

Заиф ҳадисларда келишича, унда шундай дейилади:

“Нарсаларни мағрурлик билан талаб қилинг. Чунки ишлар ўлчов билан жорий бўлган!”

Миролим Мансур

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид