Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ақл-заковати.

Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ақл-заковати.

imon.uz 2024-10-08 10:37:52 113

Тазйиқ ҳаддидан ошиб, ибодат қилиш имкони ҳам бўлмай қолганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрлари ила биринчи гуруҳ мусулмонлар Ҳабашистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.

Мазкур муҳожирларга Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу амир эдилар.

Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилдилар. Шундоқ қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди.

Муҳожирлар ўз ҳижратлари туфайли Аллоҳ таолонинг марҳаматларига эришдилар. Улар хавф-хатардан кейин тинчлик-омонликка, тазйиқдан кейин ҳурриятга, машаққатдан кейин енгиликка, очлик-ночорликдан кейин тўқлик-фаровонликка эришдилар.

Мусулмонлар эришган бу ҳолат уларнинг ашаддий душманлари бўлмиш Қурайш кофирларини бефарқ қолдириши мумкин эмас эди. Қурайшликларга муҳожирларнинг хабари етиб бориши билан қарши чора кўра бошладилар. Улар муҳожирларни ўзларига топширилишини талаб қилиб, Ҳабашистонга ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар.

Албатта, кўзда тутилаётган элчилик осон эмас эди. Шунинг учун ҳам қурайшликлар бу ишга яхши тайёргарлик кўрдилар ва элчилик вазифасига ўз ичларидан энг етук кишиларни танладилар.

Элчилар икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг бири Абдуллоҳ ибн Абу Робийъа, иккинчиси Амр ибн Осс эди.

Қурайшликлар ўз элчиларига Маккадаги энг яхши, нодир нарсаларидан Ҳабашистон подшоҳи ва унинг аъёнларига бериш учун ҳадялар тақдим қилишда ўта сахийлик кўрсатишди.

Икки элчи Ҳабашистонга етиб борганларидан сўнг аввало, подшоҳнинг атрофидаги аъёнларни қўлга олдилар. Уларни ўзлари билан олиб келган ҳадялар ила рози қилдилар. Кейин эса, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийнинг қабулига кирдилар.

Салом-аликдан сўнг элчилар Нажошийга таъзим бажо келтириб:

«Подшоҳнинг юртига биздан баъзи бир эсипаст ёшлар қочиб келдилар. Улар ўз қавмининг динини тарк қилганлар. Сизларнинг динингизга ҳам кирмаганлар. Улар ўзлари янги дин ихтиро қилганлар. Уни бизлар ҳам билмаймиз, сизлар ҳам билмайсизлар. Бизларни ҳузурингизга уларнинг улуғлари–оталари, амакилари ва қабиладошлари қайтариб юборишингизни илтимос қилдилар», де­йишди.

Подшоҳнинг аъёнлари ҳам дарҳол:

«Подшоҳимиз, булар тўғри сўзлайдурлар. Уларни қайтариб беринг», дедилар.

Нажошийнинг ғазаби чиқди. Уларнинг гапини қабул қилмади. Аввал мусулмонлар билан ҳам гаплашиб кўришга қарор қилди. Уларни олиб келиш учун одам юборди.

Шунингдек, ўзининг диний олимларини ҳам чақиришга амр берди. Ҳаммалари ҳозир бўлганларидан кейин Нажоший мусулмонларга қараб:

«Қавмингиздан ажраб, менинг динимга ҳам, бошқа миллатларнинг динига ҳам кирмай ўзингиз кирган дин қандай дин?» деди.

Мусулмонларнинг бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб Нажошийнинг бу саволига жавоб берди:

«Эй подшоҳ! Биз жаҳолат аҳли бўлган қавм эдик. Бутларга ибодат қилар эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Фаҳш ишларни қилар эдик. Қариндошлик алоқаларини узар эдик. Қўшничиликни ёмон қилар эдик. Кучлиларимиз кучсизларимизни эзардик. Ана шундоқ бир ҳолатда Аллоҳ бизга ўз ичимиздан Пай­ғамбар юборди. Биз унинг насабини, ростгўйлигини, омонатлигини ва иффатлигини билар эдик. У бизни Аллоҳга–У зотнинг ёлғизлигига иймон келтиришимизга, У зотга ибодат қилишимизга, У зотдан бошқа ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган тошларни ва бутларни тарк қилишга чақирди. У бизни ростгўй бўлишга, омонатни адо қилишга, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга, яхши қўшничилик қилишга, ҳаромдан ва қон тўкишдан ҳазар қилишга буюрди. У бизларни фаҳш ишлардан, ёлғон сўзлашдан, етимнинг молини ейишдан, покиза аёлларга туҳмат қилишдан қайтарди», деб яна бир қанча нарсани айтиб ўтди. Сўзида давом этиб:

«Биз уни тасдиқладик ва унга иймон келтирдик. Биз у Аллоҳдан келтирган нарсаларга эргашдик. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилдик. У зотга ҳеч бир нарсани шерик қилмадик. У зот бизга нимани ҳаром қилса, ўшани ҳаром билдик. У зот бизга нимани ҳалол қилса, ўшани ҳалол билдик. Шунда қавмимиз бизга адоват қилди. Улар бизни азобладилар. Улар бизни динимизда синовга учратдилар. Улар бизни Аллоҳ таолонинг ибодатидан бутларга ибодат қилишга қайтармоқчи бўлдилар. Авваллари ҳалол ҳисоблаб юрган ифлос нарсалари яна ҳалол санашга қайтишимизни хоҳладилар. Улар бизга зулм ва тазйиқ ўтказиб, динимиздан тўсмоқчи бўлганларида сизнинг юртингизга келдик. Эй подшоҳ! Бошқаларни қўйиб сизни ихтиёр қилдик, сизга қўшни бўлишга рағбат қилдик. Сизнинг ҳузурингизда зулмга учрамасак керак деб, умид қилдик».

Заррача ақли, тафаккури, инсофи, одамгарчилиги бор ҳар қандай одам боласини ларзага соладиган бу гапларни Нажоший диққат билан тинг­лади ва Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу ан­ҳуга:

«Сенда соҳибингиз Аллоҳдан келтирган нарсадан бирор намуна борми?» деди.

Жаъфар ибн Абу Толиб «Марям» сурасининг аввалидан тиловат қилиб берди. Тиловатни эшитиб, унинг маъносини англаб Нажошийнинг кўзларидан дув-дув ёш тўкилди. Унинг олимлари ҳам йиғладилар. Уларга Жаъфар ибн Абу Толибнинг пурмаъно сўзларидан кейин тиловат қилган оятлар қаттиқ таъсир қилган эди.

Йиғи-сиғи билан орага тушган сукунатни биринчи бўлиб Нажошийнинг ўзи бузди:

«Албатта, ушбу нарса ва Ийсо келтирган нарса бир чироқдондан чиққандир», деди-да, Қурайш элчиларига:

«Сизлар бораверинглар! Аллоҳга қасамки, буларни сизга топширмайман!» деди.

Элчилар ҳам бўш келишмади. Уларнинг бири– Амр ибн Осс фитна қўзишга уриниб:

«Эй подшоҳ! Улар Ийсо ибн Марям ҳақида катта бўҳтон айтурлар!» деди.

Нажоший мусулмонларга қараб:

«Ийсо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?» деди.

Бу саволга мусулмонларнинг раҳбари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жавоб қайтариб:

«Биз унинг ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар, шуни айтамиз–у Аллоҳнинг бандаси, расули, руҳи ва калимасидир. У зот уни пок ва тақводор Марямга илқо қилгандир», деди.

Бу гапни эшитиб, Нажоший ерга энгашиб бир чўпни олди-да, уни кўрсатиб туриб:

«Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган нарсага мана шу миқдорича ҳам зиёда қилган эмас», деди.

Сўнгра мусулмонларга ширин сўзлар айтди ва улар омонликда эканларини эълон қилди. Қурайш элчилари ноумид бўлиб, ортларига қайтдилар.

Ушбу ҳодиса Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ақл-заковати, илм-маърифати ва тадбиркорликлари қанчалик улуғ бўлганини кўрсатади. Қурайшнинг энг моҳир икки элчисини енгиб, бошқа бир юрт подшоҳини ўз ғоясига эргаштириш осон эмас. Бунга ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид