Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақат саҳих ҳадисларга суянилгани ҳақида

Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақат саҳих ҳадисларга суянилгани ҳақида

imon.uz 2022-05-31 10:57:38 174

Имом Бухорий ўзларининг «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида фақат саҳиҳ ҳадисларга суянганлари ҳақидаги гаплар керагидан ҳам кўп. Бу ҳақиқатни у кишининг ўзлари очиқ-ойдин айтганлар ва бошқа уламолар бу гапни қўллаб-қувватлашган.

Хатиб Бағдодий ўз санади ила Иброҳим ибн Маъқилдан ривоят қилади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Жомеъ» китобимга саҳиҳдан бошқани киритмадим. Чўзилиб кетмасин деб, баъзи саҳиҳларни ҳам тарк қилдим», деганини эшитдим».

Имом Бухорий «Саҳиҳ»ларига ўзлари ёд олган олти юз минг ҳадисдан фақат саҳиҳларини ихтиёр қилганлар. У киши ўзларининг «Жомеъ»ларини ўн олти йил давомида тасниф қилганлар. Бу тасниф ишлари турли диёрларда давом этган. Унинг бир қисми Бухорода ёзилган бўлса, бошқа бир бўлаги Маккада битилган, учинчи қисми Басрада тасниф қилинган ва ҳоказо.

Аҳдал Имом Бухорийга нисбатан айтган кўпгина мақтовлари давомида қуйидагиларни айтган: «Одамлар унинг китоби саҳиҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳатто кўпгина фақиҳлар: «Агар бир киши «Саҳиҳи Бухорий»даги ҳадисларнинг санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайх васалламга етиб бормаган бўлса, хотиним талоқ бўлсин», деса, талоғи тушмайди», дейишган».[1]

 

Имом Бухорийнинг ҳадис ёзишдаги тақволари

Имом Бухорий ўта парҳезкор ва Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи валамнинг ҳадислари эҳтиромини жойига кўядиган зот эдилар. Ҳасларни фақат таҳоратли ҳолдагина ривоят қилар эдилар. Хатиб Бағдодий ўзининг «Тарихи Бағдод» китобида Муҳаммад ибн Юсуф Фирaбрийдан ривоят килади: «Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий енга: «Аввал ғусл қилиб, икки ракъат намоз ўқимай туриб, «Саҳиҳ» китобимга бирорта ҳадис киритмаганман», деган».

Бундан имом Бухорий ҳар бир ҳадисни ўз китобларига киритишдан олдан ғусл қилиб, икки ракъат истихора намози ўқиганлари ва кўнгиларида равшанлик пайдо бўлгандагина ҳадисни китобларига ёзганлари маълум бўлади.

«Саҳиҳул Бухорий»даги ҳадисларнинг сони ҳақида

Бу борада қадимдан турли кишилар ҳар хил сонларни айтиб, ёзиб кеганлар. Аммо биз охирги маълумотни келтириш билан кифояланамиз.

Муҳаммад Фуод Абдулбокий рақамлаб чиққан ва «Салафия табъаси» номини олган нусхадаги ҳадисларнинг сони етти минг беш юз олтмиш учтадан иборат.

 

 «Саҳиҳул Бухорий»нинг ҳадис китоблари орасидаги мартабаси

Ер юзидаги барча уламолар жумҳури: муҳаддислар, фақиҳлар, усулийлар, мутакаллимлар, наҳвийлар ва бошқалар «Саҳиҳул Бухорий» Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримдан кейинги энг ишончли ва саҳиҳ китоб эканига иттифоқ қилишган. Барча уламолар бу китобни катта эътибор билан қабул қилишган ва юқори мақомга қўйишган.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳлари муқаддимасида қуйидагиларни келтирадилар: «Уламоларнинг фикрига кўра, Қуръони Азиздан кейинги энг саҳиҳ китоблар Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларидир. Уммат бу икки китобни қабул қилиб олгандир. Бухорийнинг китоби саҳиҳроқ ва фойдалироқтир.

Собит бўлган ҳақиқат шулки, Муслим Бухорийдан фойдаланган кишилардандир. У ҳадис илмида Бухорий беназир эканини эътироф килган. Бухорийнинг китоби афзал экани ҳақида биз зикр қилган нарса ҳадис сирларини яхши билган ҳозиқлар жумҳури тан олган ҳақиқатдир».

Имом Дорақутний шундай дейдилар: «Агар Бухорий бўлмаганида, Муслим кетмасди ҳам, келмасди ҳам, Муслим нима қилган? Фақатгина Бухорийнинг китобини олиб, унинг асосида баъзи ҳадисларни чиқарган ва баъзи зиёдалар киритган, холос».

«Саҳиҳул Бухорий»нинг Ислом оламида тутган ўрни

Ислом дунёсида Қуръони каримдан кейинги энг катта эътиборни имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоблари қозонган. Ҳадисларни диққат билан танлангани, мукаммал тартибга эга экани, ичи қимматбахо маълумотлар билан тўлалиги бу беназир китобнинг ўша эътиборни қозонганига сабаб бўлгандир. Бутун Ислом олами ушбу китобга мустаҳкам боғлангани, ҳар доим, ҳар қандай масала бўйича ҳам бу китобни асосий манба ва суянчик сифатида қабул қилгани собит бир ҳақиқатдир.

Мусулмонларнинг «Саҳиҳул Бухорий»га бўлган муносабатлари ҳақида қуйидаги шаклда хулоса қилиш мумкин.

Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий «Тарихул Ислом» китобида куйидагиларни ёзади: «Аммо Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир. Ўттиз йилдирки, унинг самоъи[2] олийдир. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам бу китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди».

«Саҳиҳул Бухорий»нинг мартабаси қай даражада эканини мухаддислар, фақиҳлар, фиқҳий мазҳаблари ва ижтиҳодлари турли бўлишига қарамай, барча уламолар бараварига чукур ўрганганлари, таҳлил ва шарҳ қилганлари, мухтасар ва ҳошиялар ёзганларидан ҳам билиб олиш мумкин. Уларни таърифлаш ва ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзишга тўғри келади.

Замондош уламолардан доктор Абдулғaни Абдулхолиқ ўзининг «Имом Бухорий ва унинг Саҳиҳи» номли асарида «Саҳиҳул Бухорий»га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига кўплаб шарҳлар ёзилган, Бошқа бирор ҳадис китобига «Саҳиҳул Бухорий»га ёзилганчалик шарҳ ёзилган эмас. Шунинг ўзи ҳам бу китобнинг Ислом оламидаги ўрни беқиёс эканига далолат қилади.

Мазкур шарҳлардан энг машҳурлари қуйидагилар:

1. «Фатҳул-Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий». Шиҳобуддин Аҳмад ибн Алий ибн Муҳаммад ибн Алий ибн Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқалоний аш-Шофиъий.

2. «Ал-Кавкаб ад-Дарорий фии шарҳи Саҳиҳил Бухорий». Шамсуддин Муҳаммад ибн Юсуф ал-Кирмоний.

3. «Иршадус-сарий фии шарҳи Саҳиҳил Бухорий». Шиҳобуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Қасталоний ал-Мисрий аш-Шофиъий.[3]

4. «Ат-Тавшиҳ шарҳ ал-Жамиъ ас-саҳиҳ». Абдурраҳмон ибн Камол Абу Бакр ал-Хузайрий ас-Суютий.

5. «Умдат ал-қорий фии шарҳи Саҳиҳил Бухорий». Абу Муҳаммад Бадруддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний ал-Ҳанафий.

6. «Файзул-Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий». Муҳаммад Анваршоҳ ал-Кашмирий.[4]

 

Саҳиҳу Бухорийнинг нақл қилиниши

Барчамизга маълумки, имом Бухориннинг шоҳ асарлари бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий» ёки «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» китоби бутун Ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг Китоби – Қуръони каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилинган,

Албатта, ҳадиси шарифлар Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққандан сўнг саҳобалар томонидан катта эътибор ва эҳтимом билан қабул қилиб олинган ва сўнгра улардан кейин келган авлодларга ишончли асосда нақл қилинган.

Уша нарса муҳаддисларимизга, шу жумладан, имом Бухорийга ҳам етиб келган. Ровийларнинг, яъни ҳадисни нақл қилувчи кишиларнинг шахсиятларини чуқур ўрганиб, улар умрида ёлғон гапирмаганлари эшитган нарсаларини унутиш одатлари бўлмагани, хиёнат ва бошка салбий сифатлари йўқлигига ишончлари комил бўлганидан сўнг ва ўша шахс кимдан ривоят қилган бўлса, уларнинг учрашгани тўғрисида гувоҳ ҳам топилганидан сўнг имом Бухорий бу ҳадисни қабул қилганлар ва китобларига киритганлар.

Демак, имом Бухорийдан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломгача бўлган силсила жуда аниқ равишда ўрганилган. Маълумки, мазкур ровийлар силсиласи «санад» дейилади. Санадда бир неча киши бўлади.

Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳида «сулосиёт» (учликлар) деб аталувчи санадлар бор. Уларнинг бундай аталишига сабаб шуки, улар уч кишидан иборатдир, яъни уларда имом Бухорий билан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом ўрталарида учта ровий бор, холос, «Саҳиҳул Бухорий»даги ана шундай санадли ҳадисларни тўплаб, «Сулосиёти Бухорий» («Бухорийнинг учликлари») деган алоҳида китоб ҳам нашр қилинган.

«Саҳиҳул Бухорий»да ҳадисларнинг ровийлари сони тўрт, беш, олти, етти кишигача етади. Бу ерда биз айтмоқчи бўлган гап Имом Бухорийдан буёғига - бизгача етиб келиши қандай бўлгани ҳақидадир. Бу буюк манба мусулмонларга ниҳоятда дақиқ илмий саъй-ҳаракатлар асосида, ўта аниқлик билан тутиб келинган услуб орқали етказилган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Имом Бухорий ҳадисларни катта илмий баҳслардан сўнг, ишончли экани аниқланганидан кейин ўз китобларига ёзганлар ва мазкур китобни кўпчиликка, яъни оддий одамларга, тенгдошларига, шогирдларига ва бошқаларга ўқитганлар,

Мисол учун, имом Бухорий Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. У ерда ўз китобларидан дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни етказувчилар туриб, имом Бухорийнинг оғизларидан нима чиқса, халққа етказиб турган. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борган.

Имом Бухорийдан у кишининг китобларини тўлиқ ёзиб олган шогирдлар янги нусхани устоздан муқобла усулида ўтказиб олган. Бухорий шогирдларининг қўлидаги нусхани тасдиқлаб, шогирдига ундан дарс беришга ёзма ижоза бергач, у ҳам ушбу китобдан дарс беришга ўттан ва ўз навбатида уни ўз шогирдларига устоздан қандай қабул қилиб олган бўлса, худди шундай: нусхаларни солиштириб, ёзма ижозалар билан топширган.

Демак, қўлёзмалар имом Бухорийдан бизгача шу тарзда бирин-кетин ўтиб келаверган. Охири келиб, чоп этилган бўлса, қайси қўлёзмадан қилингани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.

Ана шундай усулда, ҳар бир ҳадис ўқувчига, ҳар бир ҳадис эшитувчига ўзининг силсиласи пайдо бўлади. Ҳадис тўғрисида гап кетаётганда ҳадиснинг бу тарафида ҳадис ўрганаётган толиби илм турса, у тарафида Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом туришларини унутмаслик керак.[5]



[1] Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019

[2] Самоъ - ровийнинг ҳадисни ўз шайхидан бевосита эшитиб, қабул қилиб олиши,

[3] Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019. 84 бет.

[4] Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019. 85 бет.

[5] Олтин силсила, Саҳиҳул Бухорий “Ҳилол нашр” нашриёти 2013,2016,2019. 92-93 бетлар.


Бобобек АБДУРАХИМОВ

“Имом Бухорий” номидаги

Тошкент ислом институти битуирувчиси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид